Меню
Қашқадарё
ҒОЛИБЛАР ВИЛОЯТ БОСҚИЧИГА ЙЎЛЛАНМА ОЛИШДИ
Анъанавий равишда ўтказиб келинаётган ушбу танлов кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, миллий ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантиришда муҳим омил бўлаётир. Тадбиркорлар, фермерлер ва ҳунармандлар орасида ушбу танловда иштирок этишга бўлган қизиқиш эса йилдан-йилга ошиб бормоқда.
Яна бир жиҳати, авваллари кўрик-танловда "Йилнинг энг яхши тадбиркори", "Йилнинг энг яхши ҳунарманди" ва "Йилнинг энг яхши фермери" йўналишлари бўйича ғолиблар аниқланган бўлса, ўтган йилдан бошлаб номинациялар сони бештага оширилди. Эндиликда "Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори", "Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори", "Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори", "Йилнинг энг яхши фермери", "Йилнинг энг яхши ҳунарманди" номинациялари бўйича ғолиблар аниқланмоқда. Бу эса хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият кўрсатаётган ҳамда ёш тадбиркорлар учун ҳам имкониятлар эшигини очгани сир эмас.
Танловнинг Қарши шаҳар босқичида тадбиркор ва ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган саноат ва истеъмол товарлари, ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди. Унда тақдим этилган турли буюмлар бежиримлиги, сифати ва энг асосийси, ўзимизда ишлаб чиқарилгани билан эътиборни тортди.
- Қурилиш бозори учун янги маҳсулот - пеноблок ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик, - дейди "Qashqadaryo mega metall" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Саибжон Халилов. - Бу маҳсулот мустаҳкамлиги ва қулайлиги билан оддий бетон ғиштлардан ажралиб туради. Фаолиятимизни бошлаганимизга кўп вақт ўтмаган бўлса-да, маҳсулотимиз ички бозорда ўз ўрнини топиб бормоқда.
Якуний натижаларга кўра, саноат соҳасидаги "Йилнинг энг яхши тадбиркори" деб "Biss electronics system" МЧЖ қўшма корхонаси раҳбари Шуҳрат Муратов топилди. Ушбу корхонада замонавий телевизорлар ишлаб чиқарилади. Шунингдек, бу йўналишда "Муродов Мурод Рамазанович" хусусий корхонаси иккинчи, "Radiant silk" Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси эса учинчи ўринни қўлга киритди.
Хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлар ўртасида биринчи ўринни "Nigina teks servis" масъулияти чекланган жамияти эгаллади.
- 2014 йилда фаолият бошлаганмиз, - дейди мазкур жамият раҳбари Шаҳло Холназарова. - Бу йиллар ичида фаолиятимиз бир неча баробар кенгайди. Айни пайтда ёстиқ-жилд, чойшаблар, барча турдаги мебель жиҳозлари, турли пишириқлар тайёрлаяпмиз. Мижозларимиз асосан тадбиркорлик субъектлари, корхона ва ташкилотлар ҳисобланади. Буюмларни шартнома асосида улар айтган дизайн ва ўлчамларда етказиб бериш имкониятига эгамиз.
Шунингдек, хизмат кўрсатиш йўналишида 2-ўринни "Грамм гроуп текстил" оилавий корхонаси раҳбари Мадина Жўраева, 3-ўринни эса "Премиум капитал гроуп" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дилшод Муфтиллаев эгаллади.
"Йилнинг энг яхши ҳунарманди" номинациясида 1-ўрин якка тартибдаги тадбиркор Суҳроб Яркуловга насиб этган бўлса, 2-ўринга "Хуршида тезкор инвест" корхонаси раҳбари Нафиса Асланова, 3-ўринга эса якка тартибдаги тадбиркор Сагдиана Маҳмудова муносиб кўрилди.
"Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори" деб "Зафар Ғолиб экспресс" корхонаси раҳбари Ғолиб Пирназаров топилди. Иккинчи ўрин якка тартибдаги тадбиркор Муҳайё Сайдуллаевага, учинчи ўрин "Qashqadaryo mega metall" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Саибжон Халиловга насиб этди.
Бундан ташқари, 11 та қўшимча номинация бўйича энг яхши иштирокчилар аниқланди.
Ғолиб ва совриндорларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. 1-ўрин соҳиблари эндиликда танловнинг вилоят босқичида иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, вилоят ҳокимининг 2019 йил 18 апрелдаги фармойишига кўра, танловнинг шаҳар (туман) босқичлари 14 майга қадар давом этади. 7 июнь куни эса вилоят босқичи бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Суратларда: тадбирдан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.