Меню
Қашқадарё
ОЛЧА ВА ДЎЛАНА ДАРАХТЛАРИ НЕГА ҚЎПОРИБ ТАШЛАНДИ?
Экология ва биз
Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари томонидан май - браконьерликка қарши курашиш ойлиги доирасида Қарши туманида Давлат экологик назорат рейд тадбири ўтказилди.
Рейд давомида Қарши тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Қарши магистраль каналининг оқим бўйлаб ўнг томони ҳамда коллектор зовур оралиғидаги сувни муҳофаза қилиш минтақасидаги ер майдонида ўзини Қарши тумани Тинчлик МФЙ Ниёзмудин қишлоғида яшовчи Э.Д. деб таништирган шахс 090 ЕА 70 давлат рақамли шинали экскаватор билан тупроқ кавлаб, турли транспорт воситаларига юклаётгани аниқланган.
Тупроқ кавлаш жараёнида эса ҳудудда ўсиб турган 4 туп олча ва 1 туп дўлана илдизидан қўпориб ташланган ва ушбу дўлана шохлари орасидаги инда 2 та қуш боласи нобуд бўлиш ҳолатида экани маълум бўлган.
Э.Д. ўз хатти-ҳаракати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 70-моддаси 1-қисми, 79-моддаси 1-қисми ва 95-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган.
Ноқонуний равишда тупроқ олинаётган ҳудуд фуқаро Т.М.га ободонлаштириш мақсадида ажратилгани ўрганиш давомида аён бўлди.
Фуқаро Д.Э. ва Т.М. Ўзбекистон Республикасининг "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги, "Ер ости бойликлари тўғрисида"ги, "Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги, "Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги, "Экологик назорат тўғрисида"ги қонунлари талабларини бузишган.
Айни пайтда айбдорларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш учун бошланғич ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Н.ХЎЖАЕВ