Меню

Қашқадарё

08.12.2016 2034

ОЛАМНИНГ ПОЙДЕВОРИ

 

Агар коинотда қандайдир қонунлар асосида иш кўрилмаса, Ер аталмиш митти сайёрада ҳаёт мароми бузилади. Тупроқдан майса унмайди, осмондан ёмғир томчиламайди. Дарёлар тўлиб оқмайди, денгизларга бориб қуйилмайди. Буларнинг бари қатъий қонун асосида юз берадиган жараён. Бу жараён маромига гоҳида путур етиши ҳам мумкин: белгиланмаган жойга кутилмаганда қор ёғади, абадий музлик макони бўлган ерда эса жазирама иссиқ бўлади. Буни энди табиатнинг қаҳрига ё одамзод таъсирига буриб тушуниш мумкин. Лекин ўша дастлабки гап: қонун - олам асоси. Усиз мумкин эмас. Усиз яшаб бўлмайди.

***

Инсон табиати қизиқ. Ўзини ҳамма нарсани билади, деб ҳисоблайди. Айниқса, ўзига тегишли барча нарсани билишга уринади, қизиқади. Унинг қандай ҳақлари бору қанақа имтиёзлардан фойдалана олади – бу инсон учун энг муҳими. Шунинг изидан у ҳаракат қилади, интилади, олға боради. Баъзан нимададир ютса, яна нимададир ютқазади. Ютган вақтида ҳар ишни тўғри, ҳар сўзни ҳақ санаса, ютқазганида бунинг тескарисини ҳис қилади: гўё ҳамма унга қарши, ҳар бир иш нотўғри, унинг зиддига хизмат қилаётгандай. Ана шу ҳиссиёт уни баъзида қоидаларни унутишга мажбур қилади. Қонунга тескари боришга ундайди. Оқибат эса...

Аслида ютқазиш нима ўзи? Мағлуб энг аввал ўз-ўзидан енгилган, ўз-ўзига ютқазган бўлмасмикин? Вақтида ҳиссини, туйғуларини жиловлай олмай, бор айбни адолатсиздай кўринган қонунга тўнкамасмикин? Аслида у ўз-ўзига ҳурматни йўқотгани учун инсоният яратган энг олий ижод – қонун меъёрларини ҳам топтайди у. Ўзини ҳурматлаган зот эса ҳаёт қонунларидан тортиб, мамлакат қомусию энг оддий одоб-ахлоқ қоидаларига ҳам бирдай эҳтиром билан муносабатда бўлади.

***

Қонун меъёрларида ҳуқуқларимиз билан бирга, бурч ва мажбуриятларимиз ҳам белгилаб берилган.

Бурчимизни биламизми? Нимани бажаришга, кимнинг олдида бурчлимиз?

Бу саволга кимдир “Ота-она олдида бурчлиман” ёки “Ватан олдида бурчлимиз”, “Фарзандларим олдида масъулман” ё бўлмаса, “Келажак олдида жавобгарман”, деб жавоб бериши мумкиндир. Бу – тўғри гап.

Аммо чуқурроқ ўйлаб кўрилса, одам энг аввал ўз-ўзига бурчли. Ўзининг “мен”и учун бурчли. Ич-ичидаги, тийнатидаги “бегона” - виждон олдида жавобгар у. Ўзи учун, ўз хатти-ҳаракатлари учун масъулдир у.

Нега?

Яхши бир гап бор: ўзини севган одамгина бошқаларни ҳам сева олади.

Рост айтилган. Ўз-ўзига қайғура оладиган, эл ичидаги ҳурмат-иззати учун кураша оладиган, ғурурини асрай оладиган, юзини тозаю имонини саломат сақлай биладиган одамгина юқорида келтирилганларини бажара олади: ота-она олдидаги вазифасини тўғри англайди, Ватани учун елкасидаги бурчни адо этади, фарзандининг бор масъулиятини шараф билан зиммасига олади ва келажак учун жон куйдиради. Кимдир ўзини ҳурматламаса-да, “мен юрт олдидаги вазифамни аъло даражада уддалай оламан”, деса, ёлғон бу. Кимдир ўзини кўкка кўтарса-да, ота-онасига ғамхўрлигини намоён эта олмаса, буюкликка даъво қилгани бекор. Падарини иззатламай, фарзандидан рўшнолик кутган одам адашади. Ўтмишни назар-писанд қилмаган киши келажакнинг юзига тик қарамасин.

Буларнинг бари-барини адо этиш учун одам аввало ўзининг олдидаги бурчини бажарсин: маънавияти юксак, комил шахс бўлсин энг аввал...

Тартиб-қоида-қонун-бурч-мажбуриятлар – оламнинг пойдеворидир...

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!