Меню

Қашқадарё

19.07.2019 1585

ҲОКИМЛИК НЕГА БИР ТАДБИРКОРГА КЎП УСТУНЛИК БЕРГАН?

Бугун юртимизда айни йўналишда олиб борилаётган сиёсат ҳам шунга қаратилган. Президентнинг 2019 йил 14 январдаги "Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонидан ҳам қатор мақсадлар кўзланган. Мазкур ҳужжатда қайд этилганидек, илгари монополияга қарши қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари бўйича ўз вақтида ва самарали текширувлар ўтказиш учун ваколатли органда ҳуқуқлар ва институционал потенциал етарли эмас эди.  Қолаверса, монополияга қарши курашишни тартибга солиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар халқаро стандартлар ва бугунги кун талабларига жавоб бермаган. Қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш тизими йўқ эди ҳамда товар ва молия бозорларини таҳлил қилиш усуллари эскирганди. Ушбу омиллар эса тегишли ислоҳотларни самарали амалга ошириш ва республикани жадаллик билан инновацион ривожлантиришга тўсиқ бўлаётганди.

Шуларни эътиборга олиб, давлат раҳбарининг 2019 йил 24 январдаги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси алоҳида давлат органи сифатида ташкил этилди. Шу тариқа давлат сиёсатининг рақобатни ривожлантириш ва монополияга қарши курашишни тартибга солиш соҳасидаги асосий йўналишлари белгилаб берилди. Эндиликда мазкур тузилма бозорнинг барча иштирокчиларига товарлар (ишлар, хизматлар) учун тенг имкониятлар тақдим этилишини назорат қилади, рухсат бериш тартиб-тамойилларини соддалаштириш ва давлат хизматлари кўрсатиш ҳисобига уларга тенг шарт-шароитлар ва хўжалик фаолияти эркинлиги берилишини таъминлайди. Шунингдек, ишлаб чиқариладиган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг сифатини ошириш, нархларнинг асоссиз ошиб кетишини чеклаш ва шунинг ҳисобидан ички талабни юқори даражада қондиришни таъминлаш учун шароит яратиш ҳам кўзда тутилган.

Ушбу ташкилот зиммасига рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун ҳуқуқий таъсир кўрсатиш чораларини кучайтириш ва бир вақтнинг ўзида ҳуқуқни қўллашда кенг ихтиёр берадиган ваколатларни бекор қилиш, "картель" келишувлар ва тил бириктиришлар каби рақобатга қарши ҳаракатларнинг мураккаб турларини аниқлаш ва уларга чек қўйиш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органлари билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш вазифалари юклатилган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолият бошлаганидан сўнг жойларда соҳага оид қонунчилик ижроси ҳолатини ўрганишга киришилди. Вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан маҳаллий ҳокимият органлари қабул қилган қарорларнинг рақобат муҳитига таъсири баҳоланди. 2019 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра жами 5 та туман ҳокимлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан жорий йилнинг 1 январидан 1 июнига қадар қабул қилинган қарор, буйруқ, фармойиш, баённома ва алоқа хатларининг рақобат муҳитига таъсири юзасидан ўрганиш ўтказилди. Бунинг натижасида айрим қонунбузилиш ҳолатлари аниқланганини алоҳида қайд этиш лозим.

Маълум бўлишича, Касби тумани ҳокимлиги томонидан тегишли даврда жами 2219 та қарор ва 40 та фармойиш қабул қилинган ҳамда  49 та йиғилиш баёни расмийлаштирилган ва 763 та алоқа хати ёзилган. Шундан 14 та ҳолатда Ўзбекистон Республикасининг "Рақобат тўғрисида"ги Қонуни талабларига зид иш кўрилган. Яъни туман ҳокимлиги томонидан мазкур қонуннинг 12-моддаси 1-қисми 4- ва 7-хатбошларида кўзда тутилган қонунбузарлик ҳолати содир этилганлиги ойдинлашди. Жумладан, туман ҳокимининг 2019 йил 27 апрелдаги 01-03/743-сонли хати билан "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК МЧЖ директорига 2019 йилда Мушқоқи МФЙ ҳудудида ИИБ профилактика инспектори учун 1 қаватли, 3 хонали, 0,02 сотих ер майдонига эга бўлган бир дона хизмат уйи қуриш учун "Экспресс Бунёдкор" КТИЧК тавсия этилган.

Натижада бу билан айрим хўжалик юритувчи субъектларга уларни товар ёки молия бозорида фаолият кўрсатаётган бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёзлар, преференциялар ва енгилликлар асоссиз равишда берилишига ҳамда айрим хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти учун   бошқа камситувчи ёки имтиёзли    шартлар (шароитлар) белгиланишига йўл қўйилган. Ҳудудий бошқарманинг махсус комиссияси томонидан мазкур ҳолатлар юзасидан иш қўзғатилиб, уларни бартараф этиш бўйича кўрсатма берилди.

Деҳқонобод туман ҳокимлиги ҳам 21 та ҳолатда Ўзбекистон Республикасининг "Рақобат тўғрисида"ги Қонуни талабларига хилоф иш тутган. Мисол учун, 2019 йил 13 апрелдаги 01/292-сонли хат билан Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига Деҳқонобод тумани Отқамар МФЙ ҳудудидаги 31 гектар ер майдонида "KVARTS" АЖнинг доломит қазиб олиш мақсадида геологик қидирув ишларини олиб бориши учун лицензия олиш бўйича танловда ғолиб чиққан тақдирда ҳамда Деҳқонобод туманидан солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтгандан кейин ер ажратилиши тўғрисида кафолат хати берган.

Яна бир ҳолат. Нишон тумани тиббиёт бирлашмасининг Талимаржон шаҳридаги 40 ўринли филиалини таъмирлаш ва қурилиш ишларини бажариш кўзда тутилган, бир пайтда туман ҳокимлиги томонидан Қашқадарё вилоят инжиниринг компанияси бошлиғи номига йўлланган 2019 йил 4 январдаги 01-06/1-сонли хатда туманда фаолият кўрсатаётган "Илхом махсус ихтисослашган қурилиш" МЧЖга ушбу қурилиш ишларини амалга ошириши учун ишонч билдириб кафолат берилган. Бу эса алоҳида бир хўжалик юритувчи субъектга асоссиз равишда муайян устунлик ва имтиёз тақдим этилишига олиб келган. Албатта, мазкур хатти-ҳаракат соғлом рақобат муҳитига путур етказади.

Шундай ҳолатларга Муборак тумани мисолида ҳам бир неча бор дуч келинди. Масалан, ҳудуддаги боғчаларни зарур мебель жиҳозлари билан таъминлашга эҳтиёж туғилган. Бу ўринда эса туман ҳокимлиги мутасаддилари нохолис иш қилишган. Ҳокимликнинг 2019 йил 16 январдаги 06/18-сонли хати билан туман халқ таълими бўлими мудирига шу турдаги маҳсулотларни етказиб бериш борасида "Муборак авто-қўриқчи" МЧЖ билан  шартнома қилиш тавсия этилган. Аслида эса мавжуд тартибга кўра таъминотчи икки ёки ундан кўп ишлаб чиқарувчи орасидан танлаб олиниши керак. Бунда барчага тенг шароит яратилиши лозим эди.

Навбатдаги вазият ҳам шунга ўхшаш. Муборак туманида ташкил этилган кичик саноат зонасида "Extreme profit" МЧЖ томонидан ювиш воситалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Табиийки, тадбиркор бирор маҳсулот тайёрлашни ташкил этаяптими, уни қандай реализация қилиш ҳақида аввало ўзи бош қотириши керак. Бироқ шу жойда туман ҳокимлиги ушбу корхонани қўллаб-қувватлашни лозим топган. Қандай қилиб, албатта, маҳсулотини ўтказишга кўмаклашиб. Шу мақсадда туман ҳокимлиги томонидан 2019 йил 19 мартдаги 1-04/713-сонли хат билан ҳудуддаги "Муборакнефтгаз" МЧЖга "Extreme profit" МЧЖ ишлаб чиқараётган хўжалик совунларини харид қилиш тавсия этилган.

Яна бир қонунбузилиш ҳолатига тўхталиб ўтсак. Муборак туман ҳокими 2019 йил 9 март куни "Уруш қатнашчилари, урушорти меҳнат фахрийларини, ногиронлар, эҳтиёжманд кексалар ва нуронийларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, фахрийларни ватанимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш мақсадида" 19-Ф-сонли фармойиш қабул қилган. Бир қарашда ҳаммаси жойида, қонунга зид иш йўқдек кўринади. Лекин ушбу фармойишнинг 1-иловасида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун 52 та тадбиркорлик субъекти, корхона, ташкилот ва барча тижорат банклари ҳомийликка ундалган.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан 2019 йилнинг 1 январидан 1 июнига қадар жами 101 та буйруқ чиқарилган, 18 та йиғилиш баёни ва 1552 та алоқа хати ёзилган бўлса, фақат 2 ҳолатда Ўзбекистон Республикасининг "Рақобат тўғрисида"ги Қонуни талаблари бузилган. Хусусан, тегишли дастурга кўра Косон тумани Сурхон қишлоғидаги қишлоқ оилавий поликлиникаси биноси реконструкция қилиниши белгиланган. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси эса ушбу қурилиш-тиклаш ишларини бажариш борасида "Namunaviy quruvchi" МЧЖга "ён босиб", мазкур ташкилотга ишонч билдирган. Буни эса бошқарма томонидан 2019 йилнинг 5 февралида вилоят ҳокими ўринбосари, Косон туман ҳокими ва вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси директорига йўлланган 03-2/341-сонли хат мазмунидан ҳам билиш қийин эмас.

Албатта, маҳаллий ҳокимликлар ва давлат идоралари томонидан бундай хатти-ҳаракатларнинг содир этилиши жойларда соғлом рақобат ва қулай ишбилармонлик муҳити қарор топишига халал беради. Хусусий сектор вакиллари орасида давлатнинг бу борадаги сиёсатига ишончсизлик ортишига олиб келади. Ҳудудий бошқарма вилоятимизда шунга ўхшаш ҳолатларни бартараф этиш чорасини кўраяпти. Юқорида келтирилган фактлар юзасидан ҳам бошқарманинг махсус комиссияси томонидан иш қўзғатилгани фикримиз тасдиғидир.

Ўткир ҲИММАТОВ,

Монополияга қарши курашиш қўмитаси  вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!