Меню
Қашқадарё
Ҳокимлик ходимлари “яшил” автомобилларда ҳаракатланади
Қарор ва шарҳ
2023-2025 йилларда вилоятимиз ҳокимлиги томонидан умумий қиймати 7,6 миллиард сўмга тенг 19 та электромобиль ва гибрид автомобиллар харид қилинади. “Яшил” технологиялар асосида ишлайдиган ва экологик тоза саналган бу автотранспорт воситаларининг 4 таси келгуси йилда, яна 5 таси 2024, қолган 10 таси эса 2025 йилларда сотиб олинади.
Яқин уч йил ичида давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шу жумладан, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, шунингдек, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган корхоналар томонидан харид қилинадиган электромобиллар ва гибрид автомобиллар бўйича мақсадли кўрсаткичлар мамлакат Президентининг жорий йил 19 декабрдаги тегишли қарори билан тасдиқланган.
Мазкур ҳужжат барча соҳаларга “яшил” технологияларни фаол жорий этиш ва ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини қисқартириш каби мақсадларга қаратилган экан, унга кўра, юртимизда саноат усулида электромобиллар (яъни электр энергияси манбаларида ҳаракатланувчи транспорт воситалари) ва гибрид автомобиллар (ички ёнув двигатели ва ташқи электр манбаи орқали зарядланувчи электр мотори ёрдамида ҳаракатланувчи транспорт воситалари) ишлаб чиқаришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилмоқда.
Қарорга мувофиқ, мамлакатимизда 2030 йил 1 январга қадар республикада ишлаб чиқарилган электромобиллар ва гибрид автомобиллар учун утилизация йиғими ҳамда уларнинг хориждан олиб келинадиган бутловчи қисмлари (машинокомплект), хомашё ва материаллар, ускуналар ва технологик жиҳозлар, шу жумладан сервис хизмати кўрсатиш учун эҳтиёт қисмлар учун божхона божи бекор қилинади.
Электромобиллар ва гибрид автомобилларни тўлиқ циклда ишлаб чиқариш жараёнлари ўзлаштирилгунча (лойиҳа амалга оширилиши бошланган вақтдан 24 ойдан кўп бўлмаган вақт мобайнида) ишлаб чиқарувчиларга электромобилларни ва гибрид автомобилларни божхона божи ва утилизация йиғими тўламасдан, яратиладиган ишлаб чиқариш қувватларининг 50 фоизигача, аммо йилига 10 мингдан кўп бўлмаган миқдорда, йирик узелли ишлаб чиқариш учун машинокомплект ёки тайёр автомобиль ҳолатида олиб киришга рухсат берилади.
Қўллаб-қувватлаш чоралари электромобиллар ва гибрид автомобилларни саноат усулида ишлаб чиқаришни йўлга қўядиган барча инвесторлар ва тадбиркорлик субъектларига нисбатан тенг татбиқ этилади. Бироқ бунда, албатта, уларга бир қатор талаблар ҳам қўйилади. Улардан бири дастлабки босқичда лойиҳа амалга оширилиши бошланган вақтдан бошлаб 24 ой мобайнида тўлиқ ишлаб чиқариш жараёни, жумладан, автомобиль кузовини пайвандлаш ишларининг камида 50 фоизини, бўяш ва йиғиш, шунингдек, автомобилларни синаш жараёнларини ўзлаштириш. Иккинчи босқичда эса лойиҳа амалга оширилиши бошланган вақтдан бошлаб 36 ой мобайнида бутловчи қисмларни, шу жумладан ойналар, ўриндиқлар, ички ва ташқи пластик қисмлар, эшик қопламалари, приборлар панели, олд ва орқа бамперлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, шунингдек, маҳаллий корхоналар билан кооперация асосида маҳаллийлаштириш зарур бўлади.
Ҳужжатда республикада ишлаб чиқарилган ва ички бозорда сотилган, электромобиль ва гибрид автомобилларни сотиб олиш учун жисмоний шахсларга миллий валютада ажратиладиган базавий ҳисоблаш миқдорининг 1200 баравари (бугунги кунда 360 миллион сўмдан)дан ошмайдиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг МБ асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун кредит муддатининг дастлабки 36 ойи давомида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан компенсация тўлаш назарда тутилган.
Электромобиллар ва гибрид автомобилларда йўловчиларни ташиш хизматларини кўрсатувчи жисмоний ва юридик шахслар 2030 йил 1 январга қадар лицензия варақалари берилганлиги учун давлат божини тўлашдан озод этилади.
Қарорга асосан юқорида қайд этилган мақсадли кўрсаткичлар билан бир қаторда республикада электромобиллар ва гибрид автомобилларни саноат усулида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда улардан фойдаланишни оммалаштириш бўйича “йўл харитаси” ҳам тасдиқланган.