Меню

Қашқадарё

19.05.2020 419

ҲОКИМЛИК ФУҚАРОНИ СУДГА БЕРДИ. НЕГА?

Мамлакатимиз ер майдонлари ўлчовли. Аҳоли сони эса шиддат билан ошиб бораяпти. Шундай ҳолатдаги бир муҳим вазифамиз - экин майдонларини асраб қолиш бўлса,  фуқароларнинг якка тартибда уй-жой қуриш эҳтиёжи ҳам четга суриб қўядиган масала эмас.

Худди мана шу эҳтиёжни қондириш мақсадида давлат томонидан якка тартибдаги ҳамда кўп қаватли арзонлаштирилган уй-жойларни қуриш ёки уй-жой қуриш учун белгиланган тартибда ер ажратиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Аммо тегишли рухсатномага эга бўлмасдан туриб қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга мўлжалланган унумдор, сувли майдонлардан ўзбошимчалик билан уй-жой қуришга ҳаракат қилаётган фуқаролар ҳам кўплаб топилади.

Масалан, Ойбек Аҳмедов (исм-фамилияси ўзгартирилган) ўзи яшаётган ҳудуддаги маҳаллий ҳокимлик тасарруфида бўлган экин майдонига ҳеч қандай рухсатсиз уй-жой қуриб олган. Масъул ташкилотлар, жумладан, туман ҳокимлиги мутасаддилари Ойбек Аҳмедовни бу иши тегишли тартибга зид эканлиги, ноқонуний қурилишни ихтиёрий тартибда бузиб олиши кераклиги ҳақида бир неча бор огоҳлантиришига қарамай, у ўз билганидан қолмаган.

Шундан сўнг туман ҳокимлиги бу ҳақда судга даъво аризаси киритиб, Ойбек Аҳмедовнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 20 сотих майдондаги ноқонуний қурилиши бузиб олиниши, ер эса ҳокимликка қайтарилишини сўраган.

Бу ҳолат белгиланган тартибда ўрганиб чиқилганидан сўнг, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суднинг 2020 йил 4 мартдаги ҳал қилув қарорига асосан даъво қаноатлантирилиб, ноқонуний қурилиш мажбурий тартибда бузиб олинган ва ер ҳокимликка қайтарилган. Бундан норози бўлган Ойбек Аҳмедов эса фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилояти судига апелляция тартибида шикоят аризаси киритган.

Унинг шикояти вилоят апелляция судлов ҳайъатида кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўз кучида қолдирилди. Чунки, Ер кодексининг 91-моддаси 1-қисмига кўра, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилади.

Бундай мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкин. Рақамларга тўхталадиган бўлсак, жорий йилнинг дастлабки тўрт ойи давомида фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди ва унинг қуйи органларига ноқонуний қурилмаларни бузиш ва ер участкасини қайтариш билан боғлиқ 2136 та даъво аризалари келиб тушган. Айни вақтга қадар уларнинг 1616 таси кўриб чиқилиб, шундан 1325 таси қаноатлантирилган бўлса, 45 та ариза рад қилинган.

Хулоса ўрнида таъкидлашни истардимки, фуқароларимиз бу борада эътиборли бўлиши, бирор ер майдонига уй-жой қуришдан аввал унинг эгалик ҳуқуқини тўлиқ расмийлаштириб олиши ва бунга ишончи комил бўлганидан сўнггина қурилиш ишларини бошлаши лозим. Шундагина бугун яхши ниятлар билан қурган иморатини эртага бузиб олишига тўғри келмайди, сарф-харажатига куйиб қолмайди, турли дилхираликлар, асаббузарликларнинг олди олинади.

У.НЕМАТИЛЛАЕВ,

фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди судьяси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!