Меню

Қашқадарё

14.07.2022 3256

ҲОКИМЛАР ҚАРОРЛАРИНИНГ 74 ТАСИ ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИЛДИ

Брифинг

2022 йилнинг  II чораги давомида Қашқадарё вилояти маъмурий судлари томонидан ҳокимлар қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида жами 219 та маъмурий иш кўрилиб, шундан ҳоким қарорларининг 74 таси ҳақиқий эмас деб топилган. Ҳокимлик идоралари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш тўғрисида 22 та маъмурий иш кўрилиб, шундан 5 та маъмурий иш бўйича мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) қонунга хилоф деб топилган.

Бу ҳақда бугун Қарши шаҳридаги “Журналистлар уйи”да ўтказилган брифингда Қашқадарё вилояти маъмурий суди раиси Х.Муҳаммедов маълумот берди.

- Тегишли маъмурий ишлар ўрганиб чиқилиб, шаҳар ва туманлар кесимида таҳлил қилинганида, Қарши шаҳар ҳокимининг 36 та қарори ҳақиқий эмас деб топилганлиги аён бўлди, - дейди Х.Муҳаммедов. - Шунингдек, Миришкор тумани ҳокимининг 14 та, Қарши тумани ҳокимининг 6 та, Косон, Яккабоғ  туманлари ва Шаҳрисабз шаҳар ҳокимларининг 3 тадан, Ғузор, Шаҳрисабз, Чироқчи  туманлари ҳокимларининг 2 тадан, Касби, Китоб ва Нишон туманлари ҳокимларининг 1 тадан қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган. Кўрилган ишлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаги, ҳокимлик идоралари томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун нормаларига амал қилинмаётганлиги, уларнинг қарорларини суд томонидан ҳақиқий эмас деб топишга асос бўлмоқда. Шунингдек, ҳокимлик идоралари томонидан қабул қилинган қарорлар ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги устма-уст қарорлар қабул қилинишига олиб келмоқда.

Брифингда таъкидланганидек, 2022 йилнинг иккинчи чораги мобайнида Қашқадарё вилоят маъмурий судлари томонидан 679 та маъмурий иш кўриб чиқилиб, шундан 329 та ариза қаноатлантирилган, 287 та аризани қаноатлантириш рад этилган, 48 та ариза бўйича иш юритиш тугатилган, 15 та ариза эса кўрмасдан қолдирилган.

Кўрилган ишлардан маъмурий органнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида 396 та, маъмурий органнинг хатти-ҳаракатини қонунга хилоф деб топиш тўғрисида 211 та, сайлов комиссияларининг ҳаракатлари юзасидан 53 та, нотариуснинг ҳаракатини қонунга хилоф деб топиш тўғрисида 5 та, давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш устидан 11 та, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш 2 та, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказларига жойлаштиришга доир 61 та  ишлар кўриб тамомланган.

Қизғин савол-жавоблар асосида ўтган брифингда, шуниндек, мажбурий ижро бюросининг тегишли бўлимлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Гаров тўғрисида”ги Қонун нормаларига амал қилмасдан, гаровда турган мол-мулкларни аукционга чиқариш тўғрисидаги қабул қилган қарорлари, солиқ идораларининг камерал текширув материалларини кўриб чиқиш тўғрисида қабул қилаётган кўплаб қарорлари суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилаётганлиги ҳақида ҳам айтиб ўтилди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!