Меню
Қашқадарё
ҲОКИМИЯТНИНГ АСЛ ҚИЁФАСИ БЎЛМИШ АДОЛАТСИЗЛИГУ ИККИЮЗЛАМАЧИЛИК ОЧИЛИБ ҚОЛАДИ
Сараланган сатрлар
Ҳамкасбларимиздан бири "Журналист ўзи пиёда юрса-да, бировга машина олишга кўмаклашади, ижара машаққатларидан азият чекаётган бир дамда қайсидир кишига уй олишда ёрдами тегади", деган эди. Дарҳақиқат, журналистика шундай касбки, ўзгаларга нафинг тегса, қилаётган ишингдан мамнунлик туясан. Бу йўлда кўп ҳолларда ҳокимият, бошқарув идоралари вакиллари билан гапинг чап тушади. Қайсидир амалдорга ёмон кўринасан, баъзан таҳдидлар ҳам бўлиб туради. Шундай бўлса-да, чинакам ОАВ вакиллари ҳар қандай машаққат, заҳматдан қочмайди, тап тортмайди.
Америка ёзувчиси Артур Хейлининг "Оқшом хабарлари" романида ана шундай журналистлар фаолиятига назар ташланади. Си-би-эй телестанциясининг кечки янгиликлар дастури орқали машҳур Кроуфорд Слоун ўз иши ҳақида "Телекамера ва ҳақиқат" асарини нашрдан чиқараркан, бошига бало орттиришини тасаввур қилган, бироқ воқеалар бу шаклда ривож олади, деб ўйламаганди. У китобида тобора глобал миқёсда авж олаётган муаммо - террорчилар ва уларнинг одамларни гаровга олишига ўз муносабатини баён қилганди.
"Гаровга ушланганлар - жумладан, америкаликларни ҳам - бахтсиз ҳодиса қурбонлари деб ҳисоблаш лозимлигини" ҳеч қайси сиёсий раҳбар журъат билан эътироф этмайди, - деб ёзади у. - Террорчилар билан террор тилида гаплашиш керак, зеро, улар бошқа тилни тушунмайдилар. Имкон қадар уларнинг пайига тушиб, зимдан йўқ қилиш лозим. Ҳеч қачон террорчилар билан на бевосита, на билвосита келишувга бормаслик, уларга гаров учун сариқ чақа ҳам тўламаслик даркор.
Биз, Америка Қўшма Штатлари фуқаролари, террордан буткул халос бўлганимиз йўқ ва эртами-кечми ҳар бир хонадоннинг унга дуч келиш хавфи мавжуд. Бироқ биз на руҳий жиҳатдан, на бошқа жиҳатдан бу чегара билмас, шафқатсиз ёвузликка тайёр эмасмиз".
Ўз ўрнида телеканал бошлиқларидан айримлари "гаровга ушланганларни зўрлик қурбонлари деб ҳисоблаш лозим" ва "террорчиларнинг пайига тушиб, зимдан йўқ қилиш лозим", дея айтган фикрлари сиёсий гуруҳлар ва кенг жамоатчилик орасида телестанцияга қарши норозилик туғдиради, деган хавотирда бир оз ранжишганини ҳам тушунса бўлади - эҳтиёткор ва қўрқоқ раҳбар ҳамма жойда топилади.
Бу борада асосий ҳадик шафқатсизлиги ва қонхўрлиги билан донг таратган, Колумбияда фаолият кўрсатувчи "Медельин бирлашмаси"дан бўлиб, 1988 йил "Ньюс-уикс"да босилган бир мақолада: "Бирлашма "Женерал моторс" каби бадавлат, Иди Амин каби қонхўр", деб ёзилганди. Бирлашма аъзолари, мақолада ёзилишича, ўз мақсадига эришиш учун "ҳеч нарсадан тап тортишмайди", ҳатто бутун бошли давлатни алғов-далғов қилиб ташлаши мумкин".
"Медельин бирлашмаси" ўзининг ёвузона шафқатсизлиги билан Колумбияда сон-саноқсиз қотилликлар қилган: полициячилар, журналистлар, судьялар уларнинг қурбонлари бўлишган. Бирлашма бошлиқларини баъзилар 1986 йил Колумбия олий суди аъзоларининг иккидан бири - тўқсон кишини қириб ташлаган М-19 рақамли социалист-партизанларга ҳам алоқаси бор, дейишарди.
Бу орада эса Кроуфорд Слоуннинг отаси, хотини ва ўғлини ўғирлаб кетишади. Бу ишга қўл урганлар Перудаги "Сендеро луминосо" террорчи ташкилоти аъзолари бўлиб, кейинги йилларда ҳукумат ўзининг уқувсизлигини кўрсатгани учун ташкилот мамлакатдаги энг таъсирли кучга айланган, аввал бир-икки шаҳарда фаолият кўрсатган бўлса, энди пойтахт Лимада бемалол санғиб юришар, ҳукумат ва ҳарбийлар орасида ҳомийларига эга эди.
Хуллас, улар Слоун ва телеканал олдига "Сендеро луминосо" тарғиботига бағишланган кўрсатувларни намойиш этиши, агар кўрсатув нега намойиш қилинаётганига бирор ишора берилса ҳам тутқунликдаги кишилардан бири дарҳол ўлдирилишини билдиради. Бешинчи кўрсатув намойиш этилгандан сўнг эса тутқунлар озод қилиниши айтилади.
Гаровга олинган кишиларни излаш билан ҳуқуқ-тартибот идоралари шуғулланаётгани маълум бўлса-да, улардан айтарли натижа бўлмаслигини англаган журналистларнинг ўзи жиноятчиларни қидириб топиш ва тутқундагиларни озод этишга бел боғлашади.
Бу борадаги саргузаштларни эса асар мутолааси давомида билиб оласиз. Чет эл оммавий ахборот воситаларига хос иш услуби ҳам сизни бефарқ қолдирмайди.
* * *
Уларни четдан кузатиб турган киши, шубҳасиз: "Наҳотки, бу одамларда тирноқча бўлса-да инсонийлик туйғуси қолмаган бўлса? Самолётдаги одамлар тақдири эмас, уларни кўпроқ бу фалокатни суратга олиш, шунинг изидан обрў-эътибор қозониш қизиқтирса? Наҳотки, улардан биронтаси аэропортга яқинлашаётган самолёт ичида ҳадемай ҳалок бўлиши мумкин бўлган, қўрқув ва ваҳимага тушган уч юзга яқин йўловчи борлигини ўйламаса? Наҳотки, улар орасида одамларнинг ўлим билан юзма-юз келишини суратга олиш ва бундан хурсанд бўлиш ўрнига, виждони оғрийдиганлари йўқ бўлса?" деб ўйлаган бўларди.
Янгиликлар олами билан таниш одам эса бундай деган бўларди: "Ҳа, буларнинг юраги ҳам тош эмас, эҳтимол, кўрсатувдан сўнг уларнинг виждони қийналар... Бироқ ҳозир бу нарсаларга уларнинг вақти йўқ. Улар янгиликлар тайёрлаш билан банд. Уларнинг айни пайтдаги вазифалари юз берган воқеаларни яхши ёки ёмонлигидан қатъи назар, акс эттириш, уни тез ҳамда таъсирчан қилиб одамларга етказишдан иборат..."
* * *
Партриж воқеани "тасвирдагидан сал бошқачароқ", яъни тажрибали мухбирларга хос бўлган тахлитда баён этарди. Бу репортёрларнинг ўзига хос услуби бўлиб, телевидениеда уни бошқалар ўзлаштириб олиши қийин эди. Бироқ катта ёзувчилар бунинг учун алоҳида маҳорат талаб қилиниши, бусиз лавҳа қуп-қуруқ чиқишини негадир тан олгилари келмасди.
* * *
Телевидениеда янгиликлар билан ишлаётган мухбирлар узун жумла ва қуруқ гап билан тасвирламаслик қоидасига амал қилишарди. Матн қанчалик қисқа бўлса, шунча тушунарли бўларди. Келтириладиган далиллар қатъий асосланиши, гап асосан оғзаки нутққа мосланган феъллардан тузилиши, нутқ жаранглаб чиқиши шарт эди. Ва ниҳоят, мухбирнинг баён йўсини ва оҳанги воқеликни яхши тушунишга ёрдам берарди.
* * *
Ҳозирги пайтда дунёнинг қайси бурчида бўлмасин одам ўғирлашгандан сўнг террорчилар албатта видеотасвирга олишади: улар шундай қилишга мажбур. Сўнг эса бу видеотасвирни телевидениега жўнатишади, бироқ гаровга ушланган ўз хоҳиши биланми ёки мажбуранми, мажбуран бўлса қандай вазиятда тасвирга тушган, биров билолмайди. Агар гаровга тушиши мумкин бўлган киши алоқа қилиш усуллари билан олдиндан ким биландир келишиб қўйса, вазият ҳақида билдирмасдан маълумот бера олади. Дарвоқе, ҳозир жуда кўплаб имкониятга эга бўлганлар ўз ҳуқуқшунослари билан тажовузнинг олдини олиш ниятида алоқа усулларини келишиб қўйишади.
* * *
...жамоатчилик ҳар хил нуқтаи назарни, турли фикрларни эшитишга ҳаққи бор. Репортёрлар сиёсатчиларга, амалдорларга ҳар қандай савол беришга ва уларнинг айтганларига шубҳа билдиришга, ишонмасликка, текширишга, бу ҳақда бошқаларнинг фикрини беришга тўла ҳақлидир. Ҳукуматнинг ваъдабозлиги ва ёлғончилиги ҳеч кимга сир эмас: демократлар ҳам, республикачилар ҳам, либераллар ҳам, социалистлару консерваторлар ҳам - ҳаммаси бир гўр. Ҳукумат тепасига келишлари биланоқ ёлғон билан шуғуллана бошлашади.
* * *
Тўғри, биз янгилик етказиб берувчилар баъзида жуда эҳтиросга берилиб кетамиз, баъзан эса жуда ошириб юборамиз. Бироқ ана шу хусусиятимиз туфайли ҳам ҳокимиятнинг асл қиёфаси бўлмиш адолатсизлигу иккиюзламачилик очилиб қолади ва ҳукумат ҳам айнан шундан қўрқади. Айнан шу феъл-атворимиз сабабли ҳам ҳокимият ўзини кенг миқёсда қонунсизликларни амалга оширишдан тийиб туради, ана шу фазилатимиз туфайли ҳам ҳокимият бир оз тозаланди, бир оз халқчил, инсонпарвар тус олди.
* * *
Агар президент асли ҳалол бўлса, у ўзининг обрўси тўкилишидан қўрқмайди, агар унинг обрўси биз фош қилаётган нарсалар ортига яширинган бўлса, уни сақлаш учун ҳар қандай ярамасликдан қайтмайди.
* * *
Биз журналистлар ана шу қоидага амал қиламиз: қаерда сув лойқа бўлса, ўша ерда нимадир бор, президентларимиз сувни атайлаб лойқалатаяпти, деб ўйлаймиз.
* * *
...тирик одамнинг нимадандир қўрқиши табиий ҳол. Фақат ўликлар ҳеч нарсадан қўрқмайди.
* * *
Яхши яшаш катта пулни талаб қилади, катта пул эса кўчада ётган хазон эмаски, йиғиштириб олсаю, чўнтакка солса...
* * *
Мигель қонунбузарлик йўлига киргандан сўнг қаердадир ўқиган эди: ҳақиқий террорчи ўзининг барча инсоний туйғуларидан воз кечиши, ҳар қандай одамни қўрқув ва ваҳимага солиб, ўзига итоат эттира олиши лозим. Ҳатто террорчини ўлгудай ишлашга мажбур қиладиган ва ҳар бир ишида мададкор бўладиган нафрат туйғусига ҳам агар кўпроқ эрк бериладиган бўлса, ақлни ўғирлаб, ҳушёрликни қўлдан чиқариши мумкин...
* * *
Журналист ҳамиша таниш-билишлар ичида яшаши керак. Агар зўр журналист бўламан десанг, фақат казо-казолар ичидан эмас, оддий халқ ичидан ҳам жуда кўп таниш орттир: вақти-вақти билан кўнгил сўраб тур, бўлмаса, узоқлашиб кетасизлар. Бу сенинг ҳамма нарсадан хабардор бўлиб туришингни таъминлайди, баъзида улар берган хабарлар сенга тушингда ҳам кўрмаган обрў-эътибор олиб келади.
* * *
Ҳар бир нарсанинг оғир ва енгил жиҳати бор. Ҳеч нарса мутлақо осон ёки мутлақо мушкул эмас.
НАСРИДДИН тайёрлади.