Меню

Қашқадарё

17.01.2020 1577

ҲОКИМИЯТ ТИЗИМИДАГИ 23 ХОДИМ БИЛАН МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИ БЕКОР ҚИЛИНГАН. НЕГА?

Ижро интизоми

Мамлакатимизда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўз вақтида ҳал этишга катта эътибор қаратилиб, бу борада маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари томонидан ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларида 2019 йил мобайнида мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этишда "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонун, Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ҳамда кўрсатмаларига риоя этилган. Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхонасидан келиб тушган ҳамда такрорий мурожаатлар асосли, қонуний ва ўз вақтида кўриб чиқилишига эътибор қаратилган. Шунингдек, вилоят ҳокими ва унинг ўринбосарлари сайёр ва оммавий қабуллари олдиндан белгиланган, эълон қилинган жадваллар асосида ташкил қилинди.

Ўз навбатида республика идоралари, шу жумладан, марказий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарларининг вилоятимиздаги сайёр қабуллари ҳам мунтазам ва тизимли равишда ўтказиб келинди. Аҳоли олдиндан хабардор қилинган ушбу қабулларда фуқароларимизнинг суд, прокуратура ва ички ишлар идоралари билан боғлиқ кўплаб масалалари якуний ечимини топгани аҳамиятлидир.

Таҳлиллардан кўринишича, 2019 йилда вилоят ҳокимлиги тизими (шаҳар ва туман ҳокимликлари билан қўшилган ҳолда)га жами 71 минг 767 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 26 минг 133 таси виртуал қабулхона орқали бўлган. Бевосита ҳокимликларга келиб тушган мурожаатларнинг 29 минг 505 таси оғзаки, 15 минг 507 таси ёзма, 622 таси электрон кўринишдадир.

Ўтган йил давомида вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари томонидан 11 минг 998, ўринбосарлари томонидан 15 минг 759 нафар фуқаро қабул қилинган. Фуқароларнинг 12 мингдан зиёди бевосита ҳокимликлар идораларида, 8 мингдан ошиғи сайёр қабулларда ва  7 минги Халқ қабулхоналарида қабул қилинган.

Шу ўринда сўнгги вақтларда вилоят ҳокими томонидан тадбиркорлар доимий равишда вилоят ҳокимлигида қабул қилинаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз. Бунинг учун тадбиркорлар вилоят ҳокимлиги қабулхонаси ёки Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг вилоятдаги тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасига мурожаат қилиши керак.

Энг кўп мурожаатлар Қарши шаҳри (8290 та), Ғузор (5984 та), Яккабоғ (5960 та) ва Деҳқонобод (5641 та) туманларига тўғри келади. Республика идораларига ёзилаётган ва такрорий мурожаатларнинг катта қисми ҳам шу ҳудудлардан.

Бевосита ҳокимлик идораларига келиб тушган 45 минг 633 та мурожаатнинг 36 минг 72 таси назорат тартибида кўрилиб, 22 минг 739 таси ёки 63 фоизи, виртуал қабулхона орқали келган 26 минг 133 та мурожаатнинг 16 минг 470 таси ёки 63,1 фоизи қаноатлантирилган. Бироқ Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхонаси орқали Қарши шаҳар ҳокимлигига тушган 3980 мурожаатдан 1488 таси, Китоб тумани ҳокимлигига тушган 1134 та мурожаатдан 604 таси, Касби тумани ҳокимлигига йўлланган 1039 та мурожаатдан 485 таси, Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлигига бўлган 1370 та мурожаатдан 683 таси қаноатлантирилган, холос. Аксарият мурожаатларга тушунтириш бериш билан чегараланилган.

Ўтган йилда мурожаатларни ўз вақтида қонуний ҳал қилмагани учун  ҳокимият тизимидаги 125 нафар масъул ходим интизомий жавобгарликка тортилган. Жумладан, вилоятдаги давлат ва хўжалик бошқаруви идораларида мурожаатлар билан ишлашда хато ва камчиликларга йўл қўйган 84 нафар масъул ходимга нисбатан ҳайфсан, 18 нафарига ўртача ойлик иш ҳақининг 40 фоизи миқдорида жарима, 23 нафарига меҳнат шартномасини бекор қилиш интизомий жазо чоралари кўлланилган.

Вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари томонидан жойларда мурожаатлар билан ишлаш тизимини яхшилаш, тизимли муаммоларни ҳал этиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилганини айтиш ўринли. Жумладан, қуйи ташкилотларда 75 маротаба амалий ёрдам кўрсатиш бўйича ўрганишлар ўтказилиб, семинар ва ўқувлар ташкил этилди, таҳлил натижалари бўйича таклифлар юборилди. Ўрганишлар жараёнида айрим мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари бузилганлиги, мурожаатда кўрсатилган барча ҳолатлар тўлиқ текширилмагани, текшириш натижалари бўйича муаллифга батафсил тушунтириш берилмагани, мурожаатлар билан ишлаш ҳолатлари талаб даражасида муҳокама қилиб борилмагани ва бошқа бир қатор камчиликлар аниқланган. Натижада уларни бартараф қилиш чоралари кўрилди.

2020 йилнинг январь ойидан бошлаб вилоят ҳокимлигида ўта долзарб ва такрорий мурожаатларни жойига чиқиб ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи тузилиб, фаолият кўрсатмоқда. Вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари ҳамда ўринбосарларининг ҳокимлик, Халқ қабулхоналари, жойлардаги сайёр ва оммавий қабуллари жадваллари ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди. Мақсад мурожаатларнинг ўз вақтида, қонуний, асосли ва адолатли ҳал этилишини таъминлаш, мурожаат қилувчини қаноатлантириш, Республика идораларига ёзилаётган ва такрорий шикоятларнинг олдини олишга қаратилган.

Таҳлилларга кўра, мурожаатларнинг аксарияти уй-жой ва уй-жой қуриш учун ер участкаси олиш, бепул уй-жой билан таъминлаш, яшаш жойини, йўлларни ва бошқа ижтимоий аҳамиятга молик иншоотларни таъмирлаш, фермер ва деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкаси олиш, ишга жойлашиш, моддий ёрдам ва нафақа олиш, соғлиғини тиклаш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари билан боғлиқ. Шундан келиб чиқиб янги иш ўринларини яратиш, тадбиркорлик ва хусусий секторни ривожлантириш, арзон уй-жойлар қуриш ҳамда кам таъминланган оилалар ва ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли дастурлар ишлаб чиқилмоқда.

Мурожаатлар билан ишлаш жараёнида бир қанча фуқаролар шахсий муаммоси эмас, халқнинг умумий ташвиши билан боғлиқ масалалар юзасидан ариза битганига гувоҳ бўлиш мумкин. Уларнинг хатти-ҳаракатларидан мамнунлик ҳис этиб, улуғ алломалардан бирининг "Эл дардини чек, якка дардинг дард эмас..." деган фикри эсга келади беихтиёр.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмати бошлиғи

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!