Меню

Қашқадарё

13.11.2018 1870

“ҲОКИМГА, УНИНГ ВАКИЛЛАРИ ҲУЗУРИГА “ЙЎЛ” 24 СОАТ ОЧИҚ”

- Ўтган муддат давомида ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, аҳоли ҳаёт даражаси юксалишига қай даражада ҳисса қўша олдим, деб ҳисоблайсиз? Бунинг учун қандай ислоҳотларга қўл урдингиз?

- Қарши шаҳри қиёфаси йил эмас, ой сайин ўзгармоқда. Шунга монанд, аҳоли ҳаёт даражаси ҳам сезиларли юксалди. Кўчаларимиз, яшаш манзилларимиз кундан-кунга обод бўлиб бормоқда. Янги-янги тадбиркорлик субъектлари, корхона ва муассасалар фаолияти йўлга қўйилди, иш ўринлари очилаяпти. Энг муҳими, буни Қарши аҳолиси ўз кўзи билан кўриб, гувоҳи бўлиб турибди, яшаш тарзи ўзгариб бораётганида ҳис этмоқда. Ҳудудда  “Хавфсиз шаҳар” концепциясининг амалга оширилиши турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашишда муҳим омил бўлаяпти.

- Охирги марта қайси маҳалла аҳолиси учун сайёр қабул ўтказдингиз ва унда айтса арзигулик қандай муаммолар ҳал бўлди? Умуман, аҳоли вакиллари тўғридан-тўғри ҳокимга мурожаат қилиши учун “йўл” очиқми? Айрим мурожаатчилар Сизни ўзларини обдан тингламасликда айблашларига қандай қарайсиз?

- Одамлар дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш, пировардида, аҳолининг давлат ва жамиятга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, уларни ҳаётдан рози қилишда жойларда ташкил қилинаётган сайёр қабуллар муҳим аҳамият касб этмоқда. Уларда кўтарилаётган муаммоларнинг аксариятига жойида ечим топилаяпти. Аҳолини қийнаётган, ўйлантираётган масалалар бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Масалан, Қарши шаҳрида 62 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлса, уларда ҳар ҳафта ишлаб чиқилган тегишли график асосида сайёр қабуллар ўтказиб борилаяпти.

Маълумки, ҳар бир маъмурий ҳудудда ишлар 4 та сектор тизими асосида йўлга қўйилган. Ўтган даврда мен раҳбарлик қиладиган 1-сектор ҳудудига кирган 16 та маҳалладаги 11 минг 379 та аҳоли хонадонлари тўлиқ ўрганиб чиқилган. Ана шу йўсиндаги фаолият асосида жорий йилнинг учинчи чорагида 97 та муаммо аниқланиб, уларнинг 65 таси жойида бартараф этилган бўлса, 32 масала юзасидан таклифлар тайёрланиб, шаҳар (26 та), вилоят (3 та), республика (3 та) “Йўл харита”ларига киритилди ва ижроси таъминланмоқда.

Бундан ташқари, 1-сектор раҳбари томонидан 2018 йилнинг 9 ойи давомида 72 маротаба жисмоний ва юридик шахслар қабули ташкил этилган бўлса, 9 маротаба маҳаллаларда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда сайёр қабул ўтказилди. Уларда фуқаролар томонидан бўлган мурожаатлар асосида ўртага ташланган 30 дан ошиқ муаммони ҳал этиш чораси кўрилиб, кўплаб фуқароларга ҳуқуқий тушунчалар бериб борилди.

Шунингдек, ҳафтанинг душанба ва жума кунлари Қарши шаҳридаги Халқ қабулхонасида мунтазам равишда фуқаролар билан гаплашиб турамиз. Уларда 100-120 нафар мурожаатчини қабул қилаяпмиз.

Шу билан ҳам баъзи мурожаатчилар бизни ўзларини обдан тингламасликда айблашади. Ваҳоланки, шундай ҳолатлар борки, айрим қоғоз шаклидаги мурожаатлар 50-60 варақдан иборат бўлади. Анча вақт сарфлаб, хатни охиригача ўқийсизу, унда айнан нима мақсад кўзда тутилган, фуқаро қандай масалада кўмак кутаяпти, деган саволга жавоб топиш мушкул. Аёнки, мурожаат қанча мухтасар ва аниқ бўлса, уни тушуниш шунча осон кечади.

Нима бўлганда ҳам кимнинг қандай мурожаати бўлса, Қарши шаҳар ҳокимига, унинг вакиллари ҳузурига “йўл” 24 соат очиқ.

- Кейинги вақтларда ҳокимлик вакиллари, хусусан ҳоким ўринбосарларининг коррупция билан боғлиқ жиноятлари тез-тез содир бўлмоқда. Шунга йўл қўймаслик учун Сиз томонингиздан қандай чоралар кўрилмоқда ва улар самара беради деб ўйлайсизми? Дейлик, кейинги 3 йилда ҳокимлик аппаратида коррупция билан боғлиқ бирор жиноят юз бермайди, деб ишонч билан айта оласизми?

- Қарши шаҳар ҳокимлигининг барча йиғилишларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини сўзсиз таъминлаш борасида зарур тушунчалар бериб бораяпмиз.

Мазкур одоб-ахлоқ қоидаларида кўзда тутилганидек, шаҳар ҳокимлиги тизими ходимларига ўз хизмат вазифаларни бажариши муносабати билан бирон бир моддий бойликларни олиш ёхуд жисмоний ва юридик шахслардан бошқача наф кўриш қатъиян тақиқланиши уқтирилган. Хизмат мажбуриятларини беғаразлик билан, холисона, виждонан бажариши, коррупцияга оид бирор бир ҳуқуқбузарликни содир этишдан ёки бундай ҳуқуқбузарликларни содир этиш учун шарт-шароитлар яратадиган бошқа ҳар қандай ҳаракатлардан ўзини тийиши шартлиги қайд этиб ўтилган. Уларнинг ҳар биридан коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик, ички меҳнат тартиб-қоидаларига риоя этиш бўйича “Кафолат хати” олинган ва жиноятга жазо муқаррарлиги тушунтирилган.

- Машҳур давлат ва сиёсат арбоби Уинстон Черчилл: “Баъзилар тадбиркор деганда соғин сигирни, фақат саноқли одамларгина тадбиркор деганда оғир аравани тортаётган меҳнаткаш отни тушунади”, деган экан. Сиз учун тадбиркор ким? Шахсан аралашувингиз билан шу йилда қанча тадбиркорнинг қандай муаммоси ҳал қилиб берилди?

- Тадбиркорлик бу - илғор ғоялар рўёби, иқтисодий юксалиш, ижтимоий ҳаёт  барқарорлиги ва халқ турмуши фаровонлигини юксалтирувчи муҳим омил.

Тадбиркорга нима керак, аввало қулай тадбиркорлик муҳити. Унинг ташаббуси қўллаб-қувватланса, бюрократик ҳолатларга тўқнаш келмаса, кам вақт ва пул сарфлайди, иши тез ривожланади. Шу нуқтаи назар билан Қарши шаҳрида тадбиркор ва ишбилармонларни ўйлантираётган муаммоларни тезкор ҳал қилиш ҳамда янги истиқболли ғоя ва таклифларини қўллаб-қувватлаш бош мақсадга айланган.

- Охирги марта қай мақсадда хориж хизмат сафарида бўлдингиз? Ушбу сафар натижалари бўйича ҳудуд ҳаётида қандай ўзгариш бўлди ёки бўлиши кутилаяпти? Аниқ натижага илинж борми?

- Тольятти шаҳри ҳокими С.А.Анташевнинг таклифига асосан Қарши шаҳар ҳокимлигининг 5 кишидан иборат делегацияси 2018 йил 21-24 апрель кунлари Россия федерациясининг Москва шаҳри ва Самара вилоятида бўлди. Савдо иқтисодий алоқаларни ўрнатишга қаратилган мазкур хизмат сафари мобайнида “Тольяттинский трансформатор”, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “СлаСти” корхоналари билан музокаралар олиб борилиб, ҳамкорликда Қарши шаҳрида корхоналар ташкил этиш бўйича ўзаро келишувларга эришилди. Амалий ҳаракатлар давом эттирилиб, умумий капитали 400 минг АҚШ долларини ташкил этувчи 3 та МЧЖ шаклидаги қўшма корхонага асос солинди.

- Вилоят марказида бунёдкорлик ишлари кўлами жуда кенг. Кеча бўш турган жойда ҳеч фурсат ўтмай янги объект пайдо бўлаяпти. Нима деб ўйлайсиз, мазкур объектларнинг жойлаштирилишида шаҳарсозлик қоидаларига қанчалик риоя қилинаяпти? Агар риоя қилинмаган ҳолат ёки ўзбошимчалик учраган бўлса, у қай тарзда бартараф этилаяпти?

- Тегишли ҳужжатлар ижроси доирасида 2017-2020 йилларда Қарши шаҳрида жами 40 та 1701 хонадонга мўлжалланган кўп қаватли турар жой бинолари қурилиши белгиланган. Шундан 2017 йилда 7 та 5 қаватли 315 хонадонли, 2018 йилда 14 та 5 қаватли 630 хонадонли уй-жой қурилди. 2019 йилда эса 14 та 7 қаватли (2, 3 хонали) 588 хонадонга мўлжалланган уй-жой  бунёд этилиши режалаштирилган.

Шунингдек, “Обод маҳалла” дастури доирасида Шайхали ва Отчопар маҳаллаларида олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари, шаҳардаги мактабгача таълим, таълим, тиббиёт, спорт муассасалари, дам олиш масканларида бўлаётган қурилишлар шаҳар қиёфасига ўзгачалик касб этаяпти. Қолаверса, ажратилган ерларда тадбиркорлик субъектлари томонидан тикланаётган объектлар ҳам ўзига хос меъморий ечимга эга.     

- “Qashqadaryo” газетасининг 2018 йил 14 августдаги сонида “Аҳоли “тери завод”идан нега норози?”, 18 августдаги сонида “Уй “снос”га тушди” сарлавҳали мақолалар чоп этилганди. Уларда кўтарилган муаммолар ечими хусусида нима дея оласиз?

- Биринчи мақола юзасидан ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан жойида ўрганиш олиб борилди. Қарши шаҳар ДСЭНМ бош врачининг ёзма ахборот беришича, “Qarshi leather” МЧЖ қўшма корхонасига 4,5228 гектар ер майдони ажратиб берилган. Ушбу майдон учун Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ижобий экологик     экспертиза хулосаси олинган. Экологик меъёрлаштириш ва мониторинг маркази ДУК вилоят филиали томонидан қўшма корхонанинг “Атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш тўғрисидаги баёнот лойиҳа”си ишлаб чиқилган.

Корхона маъмуриятига завод биноси ичи ва атрофида кунлик тозалаш ишларини сифатли ўтказишни йўлга қўйиш, чиқиндиларни ўз вақтида чиқариш талабларига риоя қилган ҳолда фаолият кўрсатиш тўғрисида санитария кўрсатмалари жўнатилди.

 Газетанинг 18 августдаги сонида берилган “Уй “сносга тушди” сарлавҳали мақола юзасидан шуни қайд этиш лозимки, Дарвозатутак маҳалласидаги айрим уй-жойлар ҳам Қарши шаҳрининг бош режасига биноан бузилиш (снос)га тушгани тўғрисида улар эгаларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги қарори билан тасдиқланган Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги Низом асосида огоҳлантириш хати берилган. Аммо маҳалланинг Авангард кўчасида бунёд этилиши режалаштирилган кўп қаватли уйни банк тавсиясига асосан танланган қурувчи ташкилот уддалай олмагани сабаб ташлаб кетган. Натижада ҳозирча эски уйлар бузилмасдан турибди. Фуқаролар эса уларда яшашда давом этмоқда.

Шуни тушуниш лозимки, катта шаҳарда катта ишлар кетаётган бир пайтда бундай ҳолатлар ҳам учраб туради ва биз бу масалани тез кунларда бартараф этиш чораларини кўрамиз.

- Ҳоким учун энг муҳими бу...

- Халқ фаровонлиги, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, халқни рози қилиш учун тиним билмай ишлаш, унинг дарди ва ташвишлари билан яшаш, ҳар бир фуқаро, ҳар бир оила ва унинг негизида ҳар бир ёш авлоднинг келажаги учун фидойилик кўрсатиб, комплекс чора-тадбирларни амалга оширишдир.

Шунингдек, ҳудуднинг йўналиш ва мақсадларини аниқлаштириш, одамларни илҳомлантириш, уларни бир мақсад йўлида бирлаштириш ва ривожланиш сари бошлаш ҳам ҳоким учун муҳим.

Суҳбат вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати кўмагида уюштирилди.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!