Меню

Қашқадарё

15.03.2019 1941

ҲОКИМ МАҲАЛЛА РАИСИНИ ИШДАН БЎШАТИШИ МУМКИНМИ?

Аввало, ўзини ўзи бошқариш деганда, фуқароларнинг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ўз манфаатларидан, миллий ва маънавий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда ҳал қилиш борасидаги қонунлар билан кафолатланган фаолиятини тушуниш жоиз. Конституциямизнинг 105-моддасида "Шаҳарча, қишлоқ ва овулларда, шунингдек улар таркибидаги маҳаллаларда ҳамда шаҳарлардаги маҳаллаларда фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар раисни (оқсоқолни) сайлайди", деб белгилаб қўйилган.

Бу борадаги муносабатлар янги таҳрирдаги "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги Қонун билан тартибга солиниб, унинг 8-моддасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги, фуқаролар йиғини органлари фуқаролар йиғини кенгаши, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича 8 та комиссия ва тафтиш комиссиясидан иборатлиги белгиланган.

Фуқаролар йиғини ўзи тасдиқлаган низом асосида фаолият юритади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш Бош вазир раҳбарлик қиладиган республика кенгаши ва ҳокимлар раҳбарлик қиладиган ҳудудий кенгашлар томонидан амалга оширилади. Кенгашга раислик жамоатчилик асосида олиб борилади.

Фуқаролар йиғини йиғин раиси ва кенгаши томонидан заруратга кўра, лекин ҳар чоракда камида бир марта чақирилади. Шунингдек, ҳудудий кенгаш ва 18 ёшга тўлган тегишли ҳудудда яшовчи фуқароларнинг камида учдан бир қисми ташаббуси билан ҳам чақирилиши мумкин. Фуқаролар йиғини фуқаролар йиғинида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган барча аҳолининг ярмидан кўпроғи ҳозир бўлган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

Фуқаролар йиғинини чақириш имконияти бўлмаса, вакиллар йиғилиши чақирилади. Вакиллик нормасини сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи тегишли комиссия белгилайди. Вакилларнинг йиғилиши унда вакилларнинг камида учдан икки қисми ҳозир бўлган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

Қонунда фуқаролар йиғинининг, Кенгашнинг ва оқсоқолнинг ваколатлари ҳам белгилаб берилган. Фуқаролар йиғини кенгашининг мажлиси оқсоқол томонидан заруратга кўра, лекин ойида камида бир марта ўтказилиши керак. Кенгаш мажлиси аъзоларнинг камида учдан икки қисми қатнашаётган бўлса, ваколатли ҳисобланади. Кенгаш таркибига оқсоқол, унинг (кексалар ва фахрийлар ҳамда ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчилари) ўринбосарлари, маслаҳатчилари, масъул котиб, туман хотин-қизлар қўмитасининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси, профилактика инспекторлари, қишлоқ врачлик пунктининг раҳбарлари киради.

Оқсоқол ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилганда, фуқаролар вакилларининг йиғилиши қонуний қарор қабул қилганда, муомалага лаёқатсиз деб топилганда, суднинг айблов ҳукми чиққанда ва қонунда белгиланган бошқа ҳолатларда оқсоқолнинг ваколатлари муддатидан олдин тугатилади. Фуқаролар йиғини раиси сайлови Президент томонидан 2018 йил 15 октябрда имзоланган "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида"ги Қонун талаблари асосида амалга оширилади. Шу ўринда, қонунларимизга киритилган сўнгги ўзгаришларга биноан оқсоқолнинг ваколат муддати 2,5 йилдан 3 йилга узайтирилгани, оқсоқол билан маслаҳатчиларнинг сайлови алоҳида ўтказилиши, оқсоқолни сайлашда сайловда иштирок этиш ҳуқуқи бўлган фуқароларнинг камида 12 фоизи иштирок этиши шартлиги белгиланганини таъкидлаш жоиз.

Фуқаролар йиғини раиси сайловида шу маҳалла ҳудудида доимий яшовчи, муомалага лаёқатли 18 ёшга тўлган фуқаролар иштирок этади. Иштирок этиш ихтиёрий ва эркиндир. Оқсоқол сайловини ташкил этиш ва ўтказиш ошкоралик, муқобиллик ҳамда тенг сайлов ҳуқуқи принциплари асосида амалга оширилади. Номзод икки ва ундан кўп бўлиши керак. Сайловни ўтказиш муддатлари сайлов бошланишидан камида икки ой олдин Олий Мажлис Сенати Кенгаши томонидан белгиланади.

Сайловни ташкил этиш ва ўтказиш учун фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) қарори билан ишчи гуруҳ тузилади. Унинг таркибига оқсоқол, маслаҳатчилари, йиғиннинг бошқа ходимлари, оқсоқолликка номзодлар киритилиши мумкин эмас. Ишчи гуруҳ фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) ўтказилишидан камида беш кун олдин шу ҳудудда яшовчи фуқароларни хабардор қилади. Ҳовлилар, уйлар, кўчалар аҳолисининг вакиллар сайлови бўйича умумий йиғилишларини ўтказади. Вакиллар бўйича баённомалар тузади. Фуқаролар фикрини инобатга олган ҳолда тегишли комиссияга тақдим этиш учун оқсоқол лавозимига номзодлар рўйхатини шакллантиради, сайловни ўтказади ва сайловга оид мурожаатларни кўриб чиқади. Ишчи гуруҳ оқсоқоллик лавозимига номзодларни сайловдан камида ўн кун олдин ҳоким билан келишиш учун тегишли комиссияга тақдим этади. Ҳоким номзодларни кўриб чиқиб, асослантирган хулосалари билан комиссияга, комиссия ишчи гуруҳга юборади. Ишчи гуруҳ номзодлар рўйхатини сайловдан камида беш кун олдин фуқаролар йиғини биноси ва гузарларга осиб қўяди.

Фуқаролар йиғини раислигига номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши, қоида тариқасида олий маълумотга эга бўлиши, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши, ташкилотчи, ҳаётий ва иш тажрибасига ҳамда аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши керак. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, оғир ёхуд ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ва судланганлиги олиб ташланмаган шахслар, озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётганлар, ҳарбий хизматчилар ва диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари оқсоқоллик лавозимига сайланиш учун номзод этиб кўрсатилиши мумкин эмас. Шу ўринда амалиётда маълум бир соҳа ёки маълум бир мутахассисликка эга бўлган ходимларнинг оммавий равишда оқсоқолликка сайланиши ўзини оқламаганини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) ишчи гуруҳ раҳбарлигида ўтказилади. Кун тартибида саноқ комиссиясини сайлаш ва оқсоқолни сайлаш масаласи кўрилади. Саноқ комиссияси камида уч кишидан иборат таркибда сайланади. Номзодларнинг маърузаси алифбо тартибида ўтказилиб, улар ўзининг келгуси фаолияти дастурини эълон қилади. Оқсоқолни сайлаш яширин овоз бериш орқали амалга оширилади. Овоз бериш вақтида сайлов бюллетенлари саноқ комиссияси томонидан берилади. Бюллетенга номзодларнинг фамилияси, исми, отасининг исми алифбо тартибида киритилади. Овоз берувчи тўлдирилган бюллетенни сайлов қутисига ташлайди. Сайлов қутилари овоз бериш тугагандан кейин саноқ комиссияси томонидан очилади. Овозларни санаш натижалари бўйича саноқ комиссияси томонидан баённома тузилиб, раис ва аъзолар томонидан имзоланади. Баённома саноқ комиссияси раиси томонидан ўқиб эшиттирилади ва фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) томонидан тасдиқланади.

Фуқаролар йиғинида иштирок этувчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг ярмидан ками, вакиллар йиғилишида вакилларнинг учдан икки қисмидан ками иштирок этган бўлса, сайлов ўтмаган деб топилади. Овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғининг овозини олган номзод оқсоқол лавозимига сайланган деб ҳисобланади. Бу ҳақда фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) қарор қабул қилади ҳамда қарор раислик қилувчи томонидан ўқиб эшиттирилади. Икки нусхада баённома тузилиб, бир нусхаси туман комиссиясига тақдим этилади. Фуқаролар йиғини раис (оқсоқол)лигига икки нафардан ортиқ номзод қўйилиб, биронтаси ҳам сайланмаса, энг кўп овоз олган икки номзод бўйича такрорий овоз бериш ўтказилади. Бу вақтда бошқа номзодга нисбатан кўпроқ овоз олган номзод оқсоқолликка сайланган ҳисобланади. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлангач, фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) томонидан бир ой ичида фуқаролар йиғини кенгаши шакллантирилади, оқсоқолнинг маслаҳатчилари, комиссиялар ва тафтиш комиссияси сайланади. Фуқаролар йиғинининг (вакиллар йиғилиши) қарори суд орқали бекор қилиниши мумкин.

Амалиётда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)ни туман (шаҳар) ҳокими ишдан бўшатганлиги тўғрисидаги мурожаатлар кўп учрайди. Хўш, ҳоким ўзининг қарори билан оқсоқолни вазифасидан бўшатиши мумкинми? Йўқ. Аммо, қонунчиликда ҳокимлар тегишли фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашига жамоатчилик асосида раислик қилиши белгилаб қўйилган. Бу кенгаш оқсоқолларнинг ахборотини эшитиш ваколатига эга. Шунингдек, фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) мувофиқлаштириш кенгашининг ташаббуси билан чақирилиши мумкин. Ҳар чоракда оқсоқол ҳисоботи эшитилиб, унинг фаолияти қониқарсиз деб топилса, фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) қарори билан оқсоқол ваколатлари муддатидан олдин тугатилади.

Назаримизда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ўтказиш жараёнида қуйидаги масалаларга эътибор қаратиш керак.

Биринчидан, шаҳар ва туманларда тузиладиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссияларни тузишга жиддий эътибор қаратиб, комиссияга тажрибали ва адолатли кишиларни жалб қилиш керак.

Иккинчидан, фуқаролар йиғинларида тузиладиган ишчи гуруҳлари аъзоларини холис, маҳалла ҳудудининг ҳар жойида яшайдиган, обрў-эътиборли ва диёнатли кишилардан шакллантириш зарур. Амалдаги оқсоқол ўзига хайрихоҳ ишчи гуруҳ тузиб олгани бўйича мурожаатлар бўлган. Шу сабабли бу жараённи туман кўмаклашувчи комиссияси назоратга олиши керак.

Учинчидан, вакилларни очиқ, ошкора равишда қишлоқлар, кўчалар ва ҳовлилардан тенг миқдорда ҳурматли кишилар орасидан сайлаб олиш. Амалиётда вакилларни танлашда маҳаллийчилик, миллатчилик, гуруҳбозлик, қариндош-уруғчилик ва ҳатто оқсоқолликка номзод қилиб кўрсатилган кишиларга тамагирлик қилиш ҳолатлари учрайди. Бу каби иллатларга йўл қўймаслик зарур.

Тўртинчидан, оқсоқолликка жуда ёш ва ўта кекса бўлмаган, соғлом, ҳаётий тажрибали, намунали оила соҳиби бўлган, фуқаро ва давлат манфаатларини тенг қўя оладиган кишиларни номзод қилиб кўрсатиш.

Бешинчидан, оқсоқоллар қўнимсизлигига барҳам бериш учун истак-хоҳиши йўқ ва розилиги бўлмаган кишиларни номзодлар рўйхатига киритмаслик. Расмий маълумотларга қараганда, икки йил ичида Қарши шаҳридаги 62 фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)дан 20 нафари, Муборак туманидаги 29 раисдан 12 нафари, Шахрисабз туманидаги 35 раисдан 10 нафари, Чироқчи туманидаги 68 раисдан 20 нафари муддатидан олдин вазифасидан бўшаган.

Олтинчидан, сайловларни ҳақиқатан ҳам муқобиллик асосида ташкил қилиш. Сайлов куни бир номзоднинг бошқаси фойдасига номзодини олиши, расмиятчилик ва "тайинлаш" амалиётидан бутунлай воз кечиш керак.

Еттинчидан, сайловлар ошкоралик, очиқлик ва аҳолининг барча қатламлари хабардорлиги, фаол иштирокида ўтказилишини таъминлаш.

Албатта, маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳудудда яшовчи ҳар бир фуқаро ҳаётида маълум роль ўйнайди, яхши-ёмон кунларида иштирок этади. Маҳалладаги тинчлик-осойишталик, иноқлик, оилаларда барқарорликни таъминлаш, ташаббускорлик, бунёдкорлик ва ободончилик ишларининг бошида туради. Шу сабабли ҳар биримиз бу сайловларда фаол иштирок этишимиз ва раисликка муносиб кишилар келишига эришишимиз даркор.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!