Меню

Қашқадарё

21.01.2020 1021

ҲОКИМ ЁШЛАРНИ РАҲБАРЛИК ЛАВОЗИМИГА ТАВСИЯ ЭТДИ

Қарши тумани ҳокими Ғайрат Бегалиевнинг ёшлар билан учрашувида 200 дан ортиқ ўғил-қизлар, жумладан, вақтинча ишсизлар қатнашди.

Унда туманда амалга оширилаётган иқтисодий ва сиёсий, маънавий-маърифий ишлар бўйича ёшларга батафсил маълумот берилди. Тадбиркорликни ривожлантириш, хорижлик инвесторлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш нафақат туман иқтисодиётини юксалтириши, балки кўплаб янги иш ўринлари яратиш орқали аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга ҳам хизмат қилиши таъкидланди.

Қарши тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, учрашув жуда самарали ўтган. Буни 100 га яқин ёшлар иш билан таъминланганида ҳам кўриш мумкин. Шундан 30 нафарига тадбиркорлик фаолияти учун сертификатлар, 48 нафарига эса ишга қабул қилингани ҳақидаги буйруқлар тақдим этилган. Қолган барча иш сўраб мурожаат қилган ёшларнинг мурожаатлари борасида ҳам мутасадди раҳбарларга тавсиялар берилган.

Учрашувнинг яна бир ёрқин жиҳати, туман ҳокими томонидан ишонч билдирилган ёшларнинг раҳбарлик лавозимига тавсия этилиши бўлган. Ёш ўқитувчи Сайёр Маматов тумандаги 9-умумтаълим мактаби директорининг маънавий ва маърифий ишлар бўйича ўринбосарлигига, Собиржон Шодиев эса 10-умумтаълим мактабига ёшларни чақириққача тайёрлаш раҳбарлигига ишга қабул қилинибди.

Учрашув сўнгида 2019-2020 ўқув йилида илм-фан, жисмоний тарбия ва спорт, мусиқа ва санъат соҳасида туман, вилоят ва республика танловларида иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган ёшларга эсдалик совғалари берилгани, ҳокимлик томонидан фаол ёшлар учун қадимий ва навқирон Самарқанд ва бошқа тарихий шаҳарларга саёҳат уюштирилиши таъкидлангани хабар қилинган. 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!