Меню

Қашқадарё

26.01.2021 1661

ҲОКИМ БОШЧИЛИГИДАГИ МАСЪУЛЛАР - ТОҒЛИ ҚИШЛОҚДА

Сайёр қабул 

22-23 январь кунлари вилоят ҳокими, ҳокимлик тизимидаги бошқарма, идора ва ташкилотлар раҳбарлари Қамаши туманининг энг чекка ва олис тоғ қишлоқларидан бири - Катта ўра маҳалласида сайёр қабул ўтказди.

 Катта ўра маҳалласи туман марказидан 80 километр узоқликда, денгиз сатҳидан 2670 метр баландликда жойлашган. Маҳалланинг ҳамма томони Ҳисор тоғ тизмаларининг пурвиқор қоялари билан ўралган бўлиб, ана шу баландликлар орасидаги 7 та қишлоқда  3 мингдан ортиқ киши истиқомат қилади. Маҳалланинг бир томони Деҳқонобод тумани билан чегарадош, яна бир томони эса Майданак обсерваторияси жойлашган чўққи билан туташган.

 Қуйида ана шу тоғли қишлоқда кечган сафар  таассуротлари хусусида тўхталамиз.

 Тиббий хизмат билан боғлиқ муаммолар ўрганилди, беморларга бепул дори-дармон тарқатилди

 Вилоят ҳокими бошчилигидаги мутасаддилар тушган илк манзил Қамаши тумани тиббиёт бирлашмаси Кўкбулоқ бўлими бўлди.

 Тоғолди адирлари орасида жойлашган мазкур тиббиёт муассасаси биноси ўтган йили реконструкция қилинган амбулатория ва янгидан бунёд этилган 15 ўринли шифохонадан иборат. Бу ерда тоғ қишлоқлари аҳолисига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур шарт-шароитлар яратилган.

 Тадбир иштирокчилари шифохонани кўздан кечиришди, беморлардан ҳол-аҳвол сўрашди, ҳудуддаги тиббий хизмат билан боғлиқ муаммолар тингланди.

 Қишлоқ оқсоқолларининг таъкидлашича, шифохонада тез тиббий ёрдам шохобчасини ташкил этиб, уни тоғ йўлига мос автомашина билан таъминлаш, врач мутахассислар сонини кўпайтириш зарур.

 Ушбу муаммо масъуллар томонидан шу ернинг ўзида ўрганилиб, биринчи масалада йўл харитасини ишлаб чиқиш  ва ҳал этиш чоралари белгиланди. Иккинчи масала бўйича эса вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Равшан Тўлаков Президентимиз томонидан олис ҳудудларда ишлаш истагини билдирган шифокорлар учун бир қатор имтиёзлар белгилангани, тез орада мазкур шифохонага ҳам малакали врачлар йўналтирилишини қайд этди.

 Шу куни "Қашқадарё дори-дармон" масъулияти чекланган жамияти томонидан сурункали касалликдан азият чекаётган ва моддий имконияти етарли бўлмаган 10 нафар беморга 12 турдаги зарур дори воситаларидан иборат ижтимоий ёрдам пакетлари тарқатилди.

 Бировга иш, бировга уй-жой, қишлоққа боғча керак

 Куннинг иккинчи ярмида маҳалладаги 29-сонли ўрта мактабда аёллар ва ёшлар муаммолари бўйича вилоят ҳокимининг сайёр қабули ташкил этилди.

 Аҳоли мурожаатлари таҳлилидан шу нарса маълум бўладики, тоғли қишлоқ аҳолисини асосан бандлик, уй-жой, ижтимоий нафақалар, шу билан бир қаторда, тадбиркорлик қилиш учун ер ҳамда имтиёзли кредит олиш билан боғлиқ муаммолар қийнамоқда.

 Мисол учун, шу қишлоқлик Саида Пардаева икки нафар вояга етмаган фарзанди билан ёлғиз қолган. Аёл уй-жойга муҳтож, аммо бунга қурби етмаяпти. Мурожаати масъуллар иштирокида кўриб чиқилгач, унга иморат қуриш учун тахта ва шифер етказиб бериладиган бўлди.

 Бир нафар вояга етмаган фарзанди билан 80 ёшли отасининг қарамоғида қолган Сабина Расулова эса эҳтиёжманд оилалар учун барпо этилаётган арзон уй-жойлардан олмоқчи.

 Аёлга айни пайтда туман марказидан шундай уй-жойлар қурилаётгани айтилиб, уни харид қилиш тартиблари тушунтирилди ва расмийлаштириш билан боғлиқ жараёнларда ёрдам берилиши таъкидланди.

 Муниса Эшбобоева эса тадбиркорлик қилиш истагида. У аёллар либослари ҳамда элита пардалар тикишни ўрганган. Энди ўз уйида тикиш-бичишни йўлга қўйиб, яна тўрт нафар қизни ишли қилмоқчи. Бундан ташқари, қишлоқ қизларига тикувчиликни ўргатишни ҳам режалаштирган. Аммо айни пайтда оиланинг моддий имконияти зарур жиҳозларни сотиб олишга етмаяпти.

 Мутасаддилар томонидан муаммо ўрганилгач, Муниса Эшбобоевага хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурлар доирасида тикув машиналари олиб бериладиган бўлди. Қолаверса, вилоят бандлик бошқармаси масъулининг айтишича, Муниса ўз уйида ўқув маркази ташкил этиб, қизларга ҳунар ўргатишни бошласа, ташкилот тасарруфидаги жамғарма томонидан унга қонунчиликда белгиланган тартибда маош тўланиши йўлга қўйилади.

 Қишлоқда мактабгача таълим муассасаси йўқлиги ҳақидаги муаммо ҳам тезда ечим топди.

 Маълум бўлишича, шу маҳаллалик Абдубакир Нормуродов ўз уйининг учта хонасини оилавий боғча ташкил этиш учун мослаштириб, барча ҳужжат ишларини ҳам ҳал этган. Бироқ зарур  мебелларни харид қилишга маблағи бўлмагани боис, иш тўхтаб қолган экан.

 Муаммо ҳақида эшитган вилоят ҳокими боғчани жиҳозлаш  учун 15 миллион сўм маблағ ажратадиган  ва боғча тезда ишга тушириладиган бўлди.

 Ёшлар муаммолари бўйича ўтказилган сайёр қабулда ҳам    асосий мурожаатлар бандлик ва деҳқончилик қилиш учун ер олиш масалаларида бўлди.

 Айтиб ўтиш жоиз, Катта ўра маҳалласи Ҳисор тоғлари орасидаги поёнсиз кенгликлар бўйлаб чўзилгани, аҳоли жуда сийрак жойлашганига қарамай, бу ерда қишлоқ хўжалиги учун фойдаланса бўладиган ер жуда кам. Ҳамма жой тоғу тошлардан иборат. Ҳатто  кўпчиликнинг томорқаси ҳам йўқ.

 Шу боис вилоят ҳокими ҳудудга унча узоқ бўлмаган Қамаши давлат ўрмон хўжалиги ерларидан Катта ўраликлар учун экин майдонлари ажратиш ва қишлоқ ёшларининг шу жойга бориб, вақтинча яшаб деҳқончилик қилишлари учун шарт-шароит яратиш бўйича масъулларга топшириқ берди.

 Шу билан бир қаторда, Зойир Мирзаев ҳудудда боғдорчилик,  асаларичилик,  балиқчилик йўналишларини ривожлантириш ва пировард натижада янги иш ўринларини яратиш, турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган ишлар олиб борилишини таъкидлади.

 Ёшларнинг қишлоқда спорт зали йўқлиги ҳақидаги мурожаати ҳам амалий ҳал этиладиган бўлди. Вилоят ҳокими ўқувчилар ва маҳалла ёшларининг спорт билан шуғулланиши учун 29-мактаб ҳудудида бино  қурилишини билдирди.

 Аҳамиятли жиҳати, шу куни қилинган мурожаатларнинг ҳеч бири шунчаки, номига ҳал этилгани йўқ. Ҳар бир масалада фикрлашилиб, уни ҳал этиш йўллари пухта ўйланиб, ҳисоб-китоб қилиниб, бир қарорга келинди.

 Сафарнинг эртаси куни ҳам қишлоқда тижорат банклари, вилоят ҳокимлиги тизимидаги ташкилотлар масъуллари иштирокида сайёр қабуллар давом эттирилди.

 Эҳтиёжманд оилаларга кўмак кўрсатилди

 Икки кунлик тадбирлар давомида тоғли қишлоқдаги 50 дан ортиқ кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантирилиб, уларга ун ва бошқа зарур озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

 - Тўрт нафар фарзандим бор, ўзим иккинчи гуруҳ ногирониман, - дейди Қўға қишлоғида яшовчи Арзиқул Норқобилов. - Икки ўғлим ҳар йили хорижга чиқиб, ишлаб келарди. Бу йил пандемия туфайли ишга бора олмади. Шу боис моддий томондан жуда қийналиб қолдик. Президентимизга, ҳукуматимиз раҳбарларига раҳмат, масъуллар қийин пайтда ҳолимиздан хабар олиб туришди. Бугун ҳам хонадонимизга вилоят ички ишлар ҳамда Миллий гвардия бошқармалари раҳбарлари келиб, ҳол-аҳвол сўрашди. Бир қанча озиқ-овқат маҳсулотлари бериб кетишди. Бундай эътибордан жуда мамнунмиз.

 Шунингдек, яна кўплаб эҳтиёжманд оилаларга вилоят, туман миқёсидаги ташкилотлар томонидан моддий кўмак кўрсатилди.

 "Темир дафтар" ҳамда "Аёллар дафтари"га киритилган аёлларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш орқали моддий даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш мақсадида уларга тикув машиналари, микротўлқинли печлар топширилди.

 Сайёр қабул маданий-маърифий тадбирлар, кўнгилочар дастурларга уланиб кетди

 Икки кун давом этган сайёр қабул Катта ўраликларнинг ёдида бахтли келажакка бўлган ишончини, амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини оширган, халқ ва раҳбарлар муштараклигини таъминлаган кун сифатида қоладиган бўлди.

 Айниқса, таниқли олимлар, ижодкорлар, санъат аҳли вакиллари иштирокидаги турли тадбирлар, театрлаштирилган томоша ва концерт дастурлари бу шукуҳни янада оширди.

 Дастлаб Гулбоғ қишлоғидаги мактабда тилшунос олим, драматург Нафас Шодмонов, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, шоир Ўроз Ҳайдар, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Темирпўлат Тиллаев, шоира Нилуфар Умарова ҳамда ўқувчи-ёшлар иштирокида ижодий учрашув ўтказилди.

 Учрашувда устозлар билан биргаликда ижодкор ўқувчилар ўз ижод намуналаридан парчалар ўқишди.

 Тадбир сўнгида мактаб кутубхонасига Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда Қарши давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси номидан китоблар жамланмаси топширилди.

 Шунингдек, мазкур мактаб ўқувчилари вилоят ҳокими билан ўтказилган учрашувда Зойир Мирзаевдан мусиқа асбоблари жамланмасини совға сифатида қабул қилиб олишди.

 Катта гулхан атрофида вилоятимиз ижод аҳли томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, саҳна кўринишлари, шеърхонлик баҳслари давра иштирокчиларига завқ улашди.

 Тераклилик полвон толлилик фермернинг отида бош совринга эга чиқди

 Сайёр қабул якунида Қўға қишлоғи - Қамаши ҳамда Деҳқонобод туманлари туташган жойдаги тоғ ёнбағрида катта кўпкари ташкил этилди.

 Унда юздан ошиқ полвон вилоят ва туман раҳбарлари, тадбиркорлар ҳамда эл кайвонилари томонидан қўйилган зот (соврин)лар учун  от суришди.

 Бош соврин, яъни вилоят ҳокими ва оила аъзолари номидан қўйилган зот (зотдор той, 1 миллион 500 минг сўм пул, телевизор, гилам, микропеч)га эса Деҳқонободнинг Теракли қишлоғилик Дилшод полвон Ибодов эга чиқди.

 У Қамаши туманининг Толли қишлоғилик фермер - Шермат Бобоёровнинг "Қоратўриқ" лақабли отида улоқни даврадан айириб чиқишни уддалади.

     - "Қоратўриқ" билан аввал ҳам кўп совринларни қўлга киритганман, - дейди полвон. - Бу сафаргиси эса фаолиятимдаги энг эсда қоларли ютуқ бўлди. Вилоят ҳокими қўлидан совринни қабул қилиб олдим. Чекка бир қишлоққа келиб, мана шундай тадбирлар ташкил этаётган, одамларга байрамона кайфият улашаётган раҳбарларимизга ўз миннатдорлигимни билдираман.

       Хуллас, икки кунлик сайёр қабул давомида Катта ўраликларни қийнаб келаётган кўплаб  муаммоларга шу ернинг ўзида ечим топилди. Шу билан бир қаторда, турли маънавий-маърифий, кўнгилочар тадбирлар орқали олис қишлоқ аҳлига байрамона кайфият улашилди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ  олган суратлар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!