Меню
Қашқадарё
ОИВ ИНФЕКЦИЯСИ БИЛАН ЗАРАРЛАНГАН БЕМОРЛАР - ҚОНУН ҲИМОЯСИДА
Ваҳоланки, ОИТС касаллиги ҳақида жуда кўп эшитамиз. Жойларда олиб борилаётган тарғибот тадбирлари орқали ушбу бедаво хасталикка чалиниш сабаблари ва унинг оқибатлари хусусида кўпчилик бошланғич тушунчага эга. Шунга қарамай, ОИВ инфекцияси билан касалланган инсонлар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Демак, бу бўйича ҳали қилинадиган ишлар кўп.
Ана шу муаммоларни самарали ҳал этиш мақсадида жорий йилнинг 22 июнь куни Президентимиз томонидан муҳим бир ҳужжат - “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш ва шифохона ички инфекцияларини профилактика қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.
Ушбу ҳужжат аҳоли саломатлигини таъминлаш бўйича навбатдаги долзарб ҳамда кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни ўзи ичига олгани билан аҳамиятли. Биргина тиббий муассасалардаги ички инфекцияларни олиб кўрайлик. Бугун “Касалхонада ОИТСга йўлиқибди”, “ОИТС билан касалланган беморни даволаган тиббиёт ходими касалликка чалинибди”, “Сартарошхонадан ОИТС юқтирибди” деган гаплар қулоғимизга чалиниб туради.
- ОИТС билан касалланганлар рўйхати ичида шифохонадан юқтириш ҳолатлари ҳам бор, - дейди вилоят ОИТСга қарши кураш маркази олий тоифали врач эпидемиологи Оқмирза Пардаев. - Лекин бемор бир неча бор турли жойда даволангани сабабли айнан қайси шифохонадан юқтириб олгани аниқ эмас. Янги қарор билан давлат тиббиёт муассасаларининг ОИВ инфекциясини профилактика ва диагностика қилиш, уни даволаш билан шуғулланувчи тиббиёт ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш, шунингдек, шифохона ички инфекцияларини профилактика қилиш орқали нафақат ОИВ инфекцияси, балки шифохона шароитида юқиши мумкин бўлган касалликлар, хусусан, вирусли гепатитнинг В, С турлари олдини олишга ҳам имконият яратилади.
Ушбу қарорда ОИВни юқтириб олган шахсларни комплекс тиббий-психологик қўллаб-қувватлаш ишларини ташкил этиш ҳам алоҳида қайд этилган.
Ҳужжат билан ОИВ инфекцияси профилактикаси, диагностикаси ҳамда даволаш бўйича келгусида аҳолига кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий ёрдам кўламини кенгайтириш ва такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Яъни норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олишда эпидемиологик назоратни кучайтириш, давлат ҳамда хусусий шерикликни босқичма-босқич жорий этиш, молиялаштиришни кўпайтириш, шунингдек, даволаш муассасаларини замонавий диагностика ва лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, мазкур йўналишда фаолият кўрсатувчи хорижий муассасалар билан яқин алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда ҳамкорликни янада ривожлантириш кабилар шулар жумласидан.
- Келгусида вилоятимизда ОИТСга қарши курашиш маркази учун алоҳида бино қуриш, қабул бўлимини ташкил этиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, туманлараро ОИТС диагностика-лабораторияларини қайта таъмирлаш, уларга замонавий тиббий технологияларни татбиқ қилиш кўзда тутилган, - дейди Оқмирза Пардаев. - Бу эса соҳада туб ўзгариш ясаб, қон таҳлилларини тезкор ўтказиш имконини беради.
Халқимизда “Хаста бўлмасдан туриб, соғлиқнинг қадрига ет” деган ҳикмат бор. Эзгу мақсадларга эса фақат саломатлик жойида бўлгандагина эришиш мумкин. Шу нуқтаи назардан қараганда, амалиётга татбиқ этилган мазкур қарор аҳамияти ҳар доим юқори бўлиб қолади.
Шоҳиста БОЗОРОВА