Меню

Қашқадарё

25.11.2017 1772

ОИТС ВА ОДАМ САВДОСИ – ХАВФЛИ ИЛЛАТ

Коллеж ўқувчи-ёшлари ва ўқитувчилари, маҳалла фаоллари ҳамда ички ишлар ходимлари иштирокидаги тадбирда ёшлар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни ОИТС, гиёҳвандлик ва одам савдоси каби салбий иллатлар таъсиридан сақлаш масалаларига эътибор қаратилди.

- Президентимизнинг 15 ноябрь куни видеоселектор учрашувидаги маърузасида ҳар бир давлат ташкилотига ёшлар орасида тарғибот ва ташвиқот ишларини янада кучайтириш, уларни жиноятчиликнинг турли кўчаларига кириб қолишдан огоҳлантириш вазифалари белгилаб берилди, - дейди “Ўзбеккино” миллий агентлиги вилоят бўлими бошлиғи Ботир Мусурманов. – Ўз навбатида давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 августдаги “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарорида глобаллашув шароитида ёшлар онгига катта таъсир кучига эга бўлган кино жанрини ривожлантириш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва аждодлар маънавий меросига ҳурмат, уни ўрганиш руҳида тарбиялашга ва тарғиб этишга қаратилган миллий ҳужжатли ва бадиий, мультипликацион ва қисқа метражли фильмлар намойишини йўлга қўйиш тавсия этилган эди. Шунга кўра, бугунги тадбирда маърузабозликдан чекланган ҳолда мавзу ҳақида аниқ тасаввур берадиган “Иснод” бадиий фильми ва  “Тинчлик”, “Ватанга садоқат” ҳужжатли фильмларини иштирокчилар эътиборига ҳавола қилдик. Кейинги муҳокамалар олинган таассуротлар ва хулосалар бўйича ўтди.

Дарҳақиқат, “Ўзбекфильм” киностудияси томонидан суратга олинган “Иснод” тўлиқ метражли кинокартинасида содда қизларни алдаб, чет элларга сотиб юбориш ҳолатлари тележурналист Жамиланинг саъй-ҳаракатлари самарасида фош этилади. Фильм қаҳрамонлари тақдири ҳар биримизни, айниқса, ёшлар ва ота-оналарни сергакликка чорлайди.

Қолаверса, картина айрим бачкана, савиясиз фильмлардан тубдан фарқ қилади. Унда ҳақиқий ҳаёт, чинакам муаммо ва долзарб масалалар ўз аксини топган. Бир сўз билан айтганда, фильм ҳар қандай томошабинни таъсирлантира олиши мумкин.

Мазкур йўналишдаги тадбирлар бошқа таълим муассасаларида ҳам давом эттирилмоқда.

 

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!