Меню
Қашқадарё
ОИЛАВИЙ ЗЎРАВОНЛИККА УЧРАЁТГАН АЁЛЛАР
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда ҳар учта аёлнинг биттасига ҳаёти давомида умр йўлдоши томонидан жисмоний тазйиқ ўтказилади. Аёлларни ўлдирган қотилларнинг 38 фоизи уларнинг турмуш ўртоқлари ёки бирга яшайдиган ҳамроҳларидир. Бироқ зўравонликка дуч келган аёлларнинг 42 фоизигина муаммо ҳақида очиқ сўзлайди.
Нима учун оилавий зўравонликка барҳам бериш қийин? Бунинг сабабларини таҳлил қилганда, менталитетга хос хусусиятларни эътибордан қочирмаслик лозим. Ўзбек оилаларида шахсий ҳаёт, оилавий сир муқаддас ва халқимиз бу маънода анча консерватив ҳисобланади. Бир сўз билан айтганда, кўпчилик ҳолатларда оиладаги зўравонлик оиладан ташқарига чиқмайди.
Ўзбек оилалари одатда кўп аъзолик, яъни нафақат эр ва хотин, балки уларнинг қариндошлари ҳам муносабатлар занжирида муҳим роль ўйнайди. Қайнона, қайнота ва бошқа қариндошларнинг оиладаги келинга зулм қилиши, унинг сўзсиз бўйсунишини, ҳеч қандай имтиёзлар талаб қилмаслигини исташи ёки ота-онанинг фарзандга, келинларнинг бетоб қайнона ёки қайнотага босим ўтказиши каби ҳолатлар кузатилади. Афсуски, ана шу вазиятлар аксар ҳолларда жавбрланувчининг ўз жонига қасд қилишига ёки охирги, критик нуқтага етиб боргунча зулмга бардош бериб, жиддий тан жароҳатлари, руҳий зарбалар олишига, соғлиғини тикланмас даражада йўқотишига сабаб бўлади.
Қолаверса, жамиятда бировнинг оилавий ишига аралашмаслик, ўз тинчини ўйлаш, муаммога бепарволик ҳолатлари мавжуд. Оилавий зўравонлик назоратдан чиқиб, муаммо катталашгач, қилинган мурожаатлар кўпинча участка нозири ёки маҳалла фуқаролар йиғинида тезда ёпилади, сабаблар ўрганилмайди, фақат ўша вазиятнинг ўзигагина тааллуқли, вақтинчалик чоралар билан чекланиб қолинади. Натижада муаммо янада чуқурроқ илдиз отиб бораверади. Ачинарлиси, кўпинча жабрланувчи ишни жавобгарни жазолашгача олиб бормай, даъвосини қайтариб олади. Жазоланмаган жиноятлар эса яна такрорланаверади.
Бошқариб бўлмайдиган, киши ҳаётига хавф туғдирадиган, уни ўз жонига қасд қилиш даражасига етказадиган оилавий зўравонлик катта ижтимоий муаммога айланиб бормоқда. Бунинг олдини олиш мақсадида ички ишлар органларида Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ҳамда соҳага оид бошқа қонун ҳужжатларига асосан хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор лавозими жорий этилди. Шунингдек, Президентимизнинг 2018 йил 2 июлдаги "Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида ҳудудларда аёллар ижтимоий мослашув марказлари ташкил этилди. Уларнинг асосий вазифаси зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш, ижтимоий ҳаётда қийналган, оила аъзолари ёки бошқа шахслар томонидан қийноққа солиниб келинаётган хотин-қизларни аниқлаб, улар томонидан ёки уларга нисбатан келгусида салбий ҳолатлар содир этилишининг олдини олиш чораларини кўришдан иборат. Шунингдек, нотинч оилалар ва никоҳсиз, шаърий никоҳ ёки икки-уч хотин бўлиб яшаётган оилаларни аниқлаш ҳамда улар томонидан келгусида жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш мақсадида мунтазам равишда профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.
Ҳудудимизга Қарши шаҳридаги 19 та маҳалла қамраб олинган бўлиб, узлуксиз ишлаб турган "1146" қисқа рақамли ишонч телефонига маиший зўравонлик жабрдийдаларидан турли мурожаатлар бўлиб турибди. Мутахассисларимиз эса уларнинг мурожаатларида кўрсатилган муаммоларини ҳал этиб, ҳаётини ўнглаб олишга яқиндан кўмаклашмоқда.
Аёллар ижтимоий мослашув маркази, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази, аёллар маслаҳатхонаси ва хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторларга бўлган мурожаатларнинг таҳлили асосида ишлаб чиқилган лойиҳанинг ҳаётга татбиқ қилиниши юқорида қайд этилган муаммолар барҳам топишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ортиқ ҲАМИДОВ,
Қарши шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 4-сон ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими бошлиғи
Моҳигул КЕНЖАЕВА,
бўлимнинг хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори