Меню
Қашқадарё
“ОИЛАВИЙ ҚАДРИЯТЛАР – БЕБАҲО БОЙЛИГИМИЗ”
Қарши шаҳрида “Оилавий қадриятлар – бебаҳо бойлигимиз” шиори остида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги, оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан оилани, миллий қадрият ва анъаналаримизни улуғлаш, кекса авлод вакилларининг оилавий ҳаёт билан боғлиқ бой ҳаётий тажрибаларини ўрганиш, опа-сингилларимиз, айниқса, қизларимизнинг кийиниш маданияти, маънавиятини, миллий қадриятларимизга бўлган ҳурматини янада юксалтириш, уларнинг ҳунар ўрганишга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида ўтказилган тадбирда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, ҳоким ёрдамчилари, фаол аёллар, кекса онахонлар, ёшлар иштирок этди.
- Президентимизнинг жорий йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган Миллий дастурда белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилган бу тадбирда асосий эътибор ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, уларни миллий қадриятларимизга содиқлик руҳида тарбиялаш, ҳаёт тарзимиз, маънавий-ахлоқий қарашларимизга бегона хатарли таъсирлардан ишончли тарзда ҳимоя қилиш, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарига киритилган ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилди, - дейди вилоят ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Комила Каромова. – Шунингдек, тадбир давомида оилани мустаҳкамлаш, аёлни, онани улуғлаш, хотин-қизларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, ҳунар ўрганиш борасида олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Маданий-маърифий тадбирда ёшларнинг кекса авлод вакиллари билан давра суҳбати ташкил этилди. Мулоқот давомида нуроний онахонлар ёшларга оила мустаҳкамлигини таъминлашда ота-онанинг роли, қиз боланинг одоби, катталарга ҳурмат, кичикларда иззат, ёшларнинг тарбиясида миллий қадрият ва анъаналаримизнинг ўрни ва аҳамияти ҳақида ҳаётий мисоллар асосида тушунча беришди.
Тадбир доирасида ҳунармандчилик маҳсулотлари, миллий ва замонавий либослар кўргазмаси ташкил этилди.
Шоҳиста БОЗОРОВА
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.