Меню
Қашқадарё
ОИЛАЛАР АҲИЛ, АЁЛЛАР БАХТИЁР БЎЛСИН
Вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Рисолат Эшқобилова, Қамаши туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Фотима Кароматова ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар барча соҳаларда ўзининг ёрқин самарасини бераётганини таъкидлашиб, оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кучайтириш, жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш масалаларига ҳам устувор аҳамият берилаётганини қайд этишди.
- Хотин-қизлар қўмитасининг энг оғриқли нуқталари - уюшмаган ёшлар, қизлар билан ишлашнинг эътибордан четда қолганлиги, - дейди вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Рисолат Эшқобилова. - Президентимиз “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида қилган маърузасида хотин-қизлар қўмиталари фаолиятига ҳақли эътироз билдирганидек, биз фаол қизлар билан чегараланиб қолганмиз. Эндиликда албатта, уюшмаган қизлар рўйхатини шакллантириб, уларни ҳам жамоатчилик ишларига жалб этишимиз, улар учун турли тўгараклар, айниқса, кутубхоналар ташкил этишимиз керак. Бунда албатта, янги ташкил топган Ёшлар иттифоқининг барча бўғинлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўямиз.
Оилалар билан ишлаш жараёнида бугунги тинч ва осойишта кунларга шукрона, юрт келажаги, фарзанд тақдири учун масъулият туйғуларини янада юксалтириш, турли иллатларнинг олдини олиш, ёшларни яратилган имконият ва шароитлардан унумли фойдаланишга ўргатишга эътибор қаратилмоқда. Амалий ишлар натижасида ажримларга йўл қўймаслик, айниқса, оталарнинг оила олдидаги масъулиятини янада кучайтириш, билим даргоҳларидаги ўқув-тарбиявий ишлар сифатини янада яхшилашга эришилаяпти.
Аммо бу кўрсаткич ва эришилган натижалар етарли эмаслиги, ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларда изчиллик етишмаётгани, фаоллик сезилмаётгани семинарда алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Тумандаги Ўзбекистон маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган учрашувда коммунал хизматлар кўрсатиш сифати, иморатлар қуриш ҳамда ҳовлилар ва уйлар атрофидаги ҳудудларни сақлаш, ободонлаштириш қоидаларига амал қилиш, ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза этиш устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиб-тамойиллари бўйича тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, семинар иштирокчилари тумандаги “Оила маслаҳат маркази”, “Зумрадойлар давраси” тўгараги, спортчи уй бекалари, “Қайноналар кенгаши” жамоатчилик тузилмаси фаолияти билан ҳам танишиб, Саховат уйида яшовчилар билан учрашдилар.
Шоҳиста БОЗОРОВА