Меню
Қашқадарё
ОИЛАДА - ОҚИЛА, ЖАМИЯТДА – ФАОЛ
- Президентимизнинг "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинганига ҳам бир йилдан ошди, - дейди М.Мустафоева. - Очиғини айтиш керак, унда белгиланган вазифаларни рўёбга чиқариш учун бу кам муддат эмас. Албатта, бу борада кўпгина ўзгариш ва янгиланишлар рўй берди.
Мисол учун, бугун вакиллик органлари ва парламент депутатлари орасидаги хотин-қизлар улуши 15 фоизни ҳам ташкил этмайди. Сабаби, кўрсатилаётган номзодларни тайёрлаш борасида тизимли иш олиб борилмаяпти, айниқса, раҳбарлик лавозимларига хотин-қизлардан номзод сўралса, топиб ҳам бера олмаяпмиз. Бу каби камчиликларни бартараф этиш мақсадида ижтимоий фаол аёлларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаб бориш, уларни ўқитиш, малакасини ошириш, турли раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш учун 635 нафар фаол хотин-қизлар захираси яратилди. Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят бўйича 5530 нафар оғир турмуш шароитида яшаётган, шундан 1801 нафари ногирон, 1629 нафари кам таъминланган, 2100 нафари ишсиз хотин-қизлар рўйхати шакллантирилиб, улар билан манзилли ишлар олиб борилмоқда.
Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш мақсадида Деҳқонобод, Қарши, Косон, Қамаши, Китоб, Нишон, Муборак туманлари ва Қарши шаҳрида мослашув марказлари ташкил этилди. Ушбу марказларга жами 300 нафар хотин-қиз мурожаат қилган бўлиб, уларга тиббий, психологик, ҳуқуқий масалаларда амалий ёрдам кўрсатилган. 22 нафарининг бандлиги таъминланиб, 8 нафарига кредит олишига кўмаклашилган. 80 нафарининг оилавий келишмовчилиги бартараф этилиб, яраштиришга эришилди.
Ҳаракатлар стратегияси асосида аҳолини арзонлаштирилган уй-жойлар билан таъминлаш йўлга қўйилди. 2018 йилда 110 нафар кам таъминланган, ногиронлиги бўлган фуқароларга бепул уй-жойлар, 376 кишига ногиронлик аравачалари топширилди. Жорий йилда ҳам Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан ногиронлиги бўлган кам таъминланган хотин-қизларга 106 та уй берилиши режалаштирилган бўлиб, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан 4 миллиард 339 миллион 121 минг сўм бошланғич бадал пули ўтказилган. Бу ишлар ҳали яна давом этади.
Оғриқли масалаларимиздан бири - ажрашишлар сони кўпаяётгани, жиноятга қўл урган аёллар сафи тобора ортиб бораётганидир. Шунга кўра, маҳаллалар кесимида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга мойиллиги бўлган хотин-қизларнинг аниқ рўйхатлари шакллантирилиб, уларга мураббийлар бириктирилди. Профилактика ишлари натижасида вилоятда хотин-қизлар жиноятчилиги 2017 йилга нисбатан 219 тага камайишига эришилди. Жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган 51 нафар аёл тиббий кўрикдан ўтказилди, 35 нафарининг бандлиги таъминланди.
Оилавий ажримларнинг олдини олиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди билан меморандум имзоланиб, ажрашишга ариза берганлар билан дастлаб хотин-қизлар қўмитасида суҳбат ўтказиш ва иш юзасидан хулосасини олиш йўлга қўйилди. Бунинг натижасида жорий йилнинг ўзида 5494 та ажралиш ёқасига келиб қолган оилаларнинг 4341 таси (79 фоиз) яраштирилиб, 6500 нафардан ортиқ фарзандларнинг ярим етим бўлиб қолишлари олди олинди.
Қайд этиш лозим, бугун тараққиётнинг юксалиш йўлига чиқиб олган юртимизда аёлнинг қадри баланд. Хотин-қизларга эъзоз кўрсатиш, улар ҳақида ғамхўрлик қилиш доимо эътиборда. Шунинг учун халқ хўжалигининг барча соҳаларида фаол меҳнат қилаётган аёлларни кўрамиз. Вилоятимиздан мана шундай аёлларнинг 17 нафари "Мўътабар аёл" кўкрак нишони билан тақдирланди.
"Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси" II Республика танловида вилоятимиздан қатнашган 10 нафар хотин-қизнинг 5 нафари фахрли 1-ўринни қўлга киритди. Муаббара Ҳакимова ва Гулнора Одилова эса Туркия ва Корея давлатларига борадиган бўлишди.
Албатта, барча қувончли ўзгаришлар юртимизнинг ёруғ келажагини таъминлайдики, бунда хотин-қизларимизнинг ўрни беқиёс.
Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.