Меню
Қашқадарё
ОИЛА РИШТАЛАРИ УЗИЛИШИГА, ФАРЗАНДЛАР САРГАРДОН БЎЛИШИГА ЖИМ ҚАРАБ ТУРИЛМАЙДИ
Энг ачинарлиси, янги хонадон ҳурматини жойига қўя олмаган ёш келинчакнинг юзидаги ҳаё пардасини олиб қўйиб, судьялар билан тортишганини кўриб, ким ҳақу ким ноҳақ, муаммонинг илдизи қаерда ўзи, дея бош чангаллаймиз...
Шу маънода Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 июлдаги “Биз оилавий ажримларга қаршимиз” мавзусида оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ойлигини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги йиғилиш баёнига мувофиқ, жорий йилнинг 1-25 август кунлари вилоятимиздаги оилавий ажрим кўрсаткичлари ошган маҳаллаларда қатор вазирлик ва ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган тадбирлар бу борадаги муаммоларнинг илдизини ўрганиш, уларни бартараф этишга қаратилгани билан эътиборлидир.
- Ҳудудларга чиқиб, ота-оналар ва ёшлар билан учрашиб, ажримлар сабабини ўрганганимизда, қайноналарнинг ортиқча талабчанлиги, ёшларнинг оилага енгил-елпи қараётгани, сабрсизлиги, муомала ва тинглаш маданиятига эга эмаслиги оқибатида ҳам оилалар бузилаётганига гувоҳ бўлдик, - дейди вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Маҳсуда Мустафаева. - Оғриқли нуқта - Қарши шаҳри, Ғузор ва Қамаши туманларида ажримлар ҳамон юқорилигича қолмоқда. Ўрганишлар давомида қизларнинг оила қуришга тайёр эмаслиги ажримларга кўпроқ сабаб бўлаётгани айтилмоқда. Йигитлар-чи? Уларнинг оила қуришга ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан тайёр эмаслиги-чи? Шу боис фақат қизларни эмас, йигитларни ҳам оилага тайёрлаш юзасидан амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Вилоят “Оила” илмий-тадқиқот маркази бош мутахассиси Шомил Омаровнинг таъкидлашича, ҳамкор ташкилотлар билан олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида 2000 дан зиёд ажралиш ёқасида турган оилани сақлаб қолишга эришилди. Ажримларнинг олдини олиш мақсадида ҳафтанинг ҳар сешанба куни марказда оилаларни яраштириш тадбири ўтказилмоқда. Чоршанба куни эса худди шундай тадбир маҳаллаларда яраштириш комиссиялари иштирокида ташкил этилмоқда.
- Қиз бола палахмон тошига менгзалади. Шу боис келин бўлиб узатилаётган қизларимиз ортидан “Борган жойингда тошдек қот, униб-ўс, палак ёз”, дея дуо қилинади, - дейди Қарши туманидаги Ертепа маҳалла фуқаролар йиғинининг “Қайноналар кенгаши” жамоатчилик тузилмаси аъзоси, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Бўстон Раҳмонова. - Ота-боболаримиз келин тушганидан сўнг 40 кун чилла сақлаган. Шу даврда қайноналар келинчакни ёнига олиб, рўзғорнинг паст-баландини, уйдаги шароитни ўргатган. Таассуфки, бугунги замонавий қайноналарнинг айримлари ҳали ёш, тажрибасиз бўлгани сабаб келинларга қандай муносабатда бўлишни билишмайди. Аслида, самимий муҳит яратиб, оила аъзоларини жипслаштирадиган ҳам, баъзида низоли вазиятларни юзага келтириб, оила қут-баракасини, тинчини бузадиган ҳам биз - катталар. Шу боис маҳаллада кўпни кўрган, нуроний қайноналарнинг тажрибасини оммалаштириш, уларнинг оила тутуми, келин ва фарзандларга муомала-муносабатларидаги ҳаётий сабоқларини ёш қайноналар ўртасида кенг тарғиб этишга алоҳида аҳамият қаратаяпмиз.
Маълумки, 2018 йилнинг 1 апрелидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис иш олиб бормоқда.
Шу билан бирга, ажримларнинг олдини олиш мақсадида Оила кодексига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
- Жумладан, эр ёки хотин никоҳни бекор қилиш бўйича даъво ариза билан мурожаат этганда, шунингдек, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларига ўзаро ихтиёрий розилик асосида никоҳни бекор қилиш аризаси билан мурожаат этилганда, суд ҳамда ФҲДЁ бўлимлари томонларнинг яшаш жойларидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясига бу ҳақда хабар юборади, - дейди Маҳсуда Мустафаева. - Агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинидаги айни шу комиссия эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун 3 кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилинади. Тан олиш керак, авваллари ҳам томонларнинг яшаш жойидаги яраштириш комиссиясининг хулосалари олинган, аммо масала уларнинг ўзларига қолдирилгани учун бу борада ижобий ечим деярли кузатилмаган.
Энди эса бошқача. Ҳар бир рақам инсон тақдирига дахлдор эканини, ҳар бир рақам ортида отасиз ё онасиз қолган гўдак кўз ёш тўкиб турганини унутмаслигимиз лозим. Оила қуриш ёки ажрашиш икки инсоннинг шахсий иши эмас. Қайсидир томоннинг калтабин қарори туфайли оила ришталари узилишига, фарзандлар саргардон бўлиб қолишига жамият жим қараб турмайди.
Шоҳиста БОЗОРОВА