Меню

Қашқадарё

21.06.2024 5470

Оила - меҳр ва бахт қўрғони

Семинар

Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ёш оилаларда ибратли ота-она бўлиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида никоҳланувчилар доимий равишда махсус ўқув курслари асосида ўқитиб келинмоқда.

Бу жабҳада самарадорликни янада ошириш учун Қарши шаҳридаги корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникасида “Оила - меҳр ва бахт қўрғони” мавзусида келин-куёвларни оилага тайёрлаш марказлари фаолиятини ташкил этишга бағишланган вилоят семинари ўтказилди.

Унда шаҳар ва туманлар оила ва хотин-қизлар бўлимларининг мутахассислар, ФҲДЁ бўлимлари вакиллари, ёш келин-куёвларнинг махсус курсларини тамомлаган ёшлар ва уларни эндигина ўқишни бошлаётган жуфтликлар иштирок этди.

Семинар давомида вилоят ҳокими ўринбосари - оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зиёда Аминова, Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шарапова, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти профессори, вилоят хотин-қизлар “Олима” уюшмаси раиси Юлдуз Эргашева, Қарши шаҳар бош имом хатиби Яхё Мансуров ва бошқалар сўзга чиқиб, никоҳланувчи ёшларга оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик ҳамда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш масалаларида кўплаб тавсиялар беришди.

- Институтда қизлар билан қайнона ва келин муносабатлари ҳақида жуда кўп суҳбатлар ўтказамиз, - деди Юлдуз Эргашева. - Шундай суҳбатларда айрим қизлар қайнонасиз, алоҳида яшаш истагини билдиришади. Тўйдан кейин “Қайнонам нима дер экан? Қайнотам нима дер экан?”, дея  ҳадик, ҳаяжон ичида яшагим келмайди, дейишади. Шунда мен уларга: “Сен қайнонага, энг аввало, она деб қара. Келиннинг қадамини текширувчи, ҳар бир хатти-ҳаракатингга тош-тарози қўювчи, сал айб иш қилса, жазоловчи сифатида тасаввурга ўрнашган “қайнона” тимсолига чизиқ торт. Шундагина сен оилангни мустаҳкамлаб оласан. Оила – бу бир олам, унинг ўз қонун-қоидалари бор. Сен бу қонун-қоидаларни қайнонанг мактабида ўрганасан. Акс ҳолда келин сифатида саводсиз бўлиб қоласан. Ахир оила машаққатлар билан бунёд этилади, арзимас муаммолар унинг мустаҳкамлигига хавф солмаслиги керак. Шу сабабли худди дарс каби оилада ҳам “беш” баҳо олиш учун интилиб яша”, дейман. 

Семинарда “Ибратли оила” кўкрак нишони соҳиби бўлган Қарши шаҳрилик Жамоловлар оиласининг аъзолари ҳам ёшларга ибратомус тушунчалар беришди.

Тадбир якунида иштирокчиларга оила муносабатларига доир китоблар тақдим этилиб, соҳа вакиллари келгусидаги режаларни белгилаб олишди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!