Меню
Қашқадарё
ОИЛА МАШАҚҚАТ БИЛАН БУНЁД ЭТИЛАДИ
Мамлакатимизда оиланинг ижтимоий негизини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза этиш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш каби масалалар бугунги кунда давлат сиёсатининг устувор йўналишлари этиб белгиланган.
Бироқ афсус билан қайд этиш жоизки, ҳукуматимиз ва фаол жамоатчилик томонидан мунтазам равишда олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирларга қарамай, айрим оилаларда ажралиш ҳолатлари учраб туради.
Фуқаролик ишлари бўйича вилоят судидан олинган маълумотга кўра, 2011 йилда фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларга никоҳдан ажратиш бўйича 1968 та ариза келиб тушган. Шундан 993 та ариза қаноатлантирилган. 2016 йилнинг тўққиз ойида эса никоҳдан ажратиш учун сўралган аризалар сони 2337 тага етган. Бу сафар судлар 1110 ҳолатда никоҳни бекор қилиш бўйича ҳукм чиқарган. Демак, таққосланаётган даврда ажримлар 117 тага кўпайган. Энг ачинарлиси, ажрашиб кетаётганларнинг ёши 20-35 ёшни ташкил қилади. Бу асосан оилавий турмушнинг биринчи 4 йили (35,5 фоиз) ва 5-9 йиллари демакдир. Ўз навбатида ажрим туфайли нотўлиқ оила пайдо бўлаётгани, уларда ўртача 2-3 нафардан бола етим қолаётганини унутмаслик керак.
Айтайлик, турмуши барбод бўлган ота ёки она боласини ёлғиз ўзи тарбия қилиш, рўзғор юритиш каби катта масъулиятни ўз зиммасига олишга мажбур. Албатта, муаммо шу билан тугамайди. Ажралиш аксар ҳолларда салбий оқибатларга олиб келади. Айни кунда ижтимоий хавфли жиноятлар содир этаётган вояга етмаган болалар нотўлиқ оилалардан эканлиги кузатилмоқда.
Дарҳақиқат, увол-савобни билмайдиган, норасидаларнинг етим қолишини ўйламайдиган ота-оналар орамизда бор. Бундай ҳолат вужудга келишининг бош омили - уларнинг ҳуқуқий билими етарли эмаслиги, ҳуқуқий саводхонлик даражаси пастлигидан, маънавиятсизлигидан далолат беради. Шундай экан, айрим хонадонлардаги мавжуд нотинч муҳит натижасида содир бўлаётган никоҳдан ажралишлар бугунги кунда жамиятимизда жиддий эътибор қаратишни талаб қилувчи ҳолатдир.
Инсон ҳаёти маълум бир мезонлар асосида тартибга солинади. Эр-хотин бўлиб яшашнинг ҳам алоҳида қонун-қоидалари борки, турмуш аввалида уларни яхши англаб олиш оилавий ҳаётнинг бахт-саодатини таъминлайди. Жамиятдаги деярли барча кўнгилсизликлар оиладаги меъёрларнинг бузилишидан келиб чиқади. Халқимизда қадимдан қизнинг турмушидан ажралиб ота уйига қайтиб келиши ўша оила учун катта иснод саналган. "Чиғириққа қайтган" қизнинг ота-онаси номусдан ҳатто кўчага чиқа олмаган. Шу боис, ҳар қандай аёл аввало сабр-матонати, "йўқни йўндира олиши" билан оила ришталарини сақлаб турса, эркак номуси, ори билан муқаддас қўрғонни ҳимоя қилган. Тиғ тобора жондан ўтиб, бир-иккита ажримлар учраса ҳам сабаблари бугунгидек енгил ва арзимас бўлмаган. Уларнинг ажрашишганини ҳатто биров билиб-билмай қоларди.
Қонунларимиз ва динимиз аҳкомларида ҳар бир оилавий келишмовчиликни, энг аввало, тинч йўл билан ҳал этиш белгиланган.
- Қонунчиликда никоҳдан ажратиш учун аниқ асослар кўрсатилмаган, - дейди фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси Олим Мейлиев. - Чунки эр ёки хотин келтирган биттагина асос ҳам айрим ҳолларда никоҳдан ажратиш учун етарли бўлиши, алоҳида ҳолатларда эса бир қатор сабаблар ҳам ажратиш учун асос бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун амалиётда бу ҳолатлар тўлиқ ҳисобга олиниб, агар эр-хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топилсагина, улар никоҳдан ажратилади.
Баъзан арзимас низо сабаб ажримлар рўй бераётганига гувоҳ бўламиз. Мисол учун, фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига даъвогар Тўлқин Ботиров хотини Юлдуз Даминова (исм-фамилиялари ўзгартирилди) билан никоҳдан ажратишни сўраб мурожаат этган. Эътиборлиси, суд томонидан даъво қаноатлантирилган. Суднинг ушбу ҳал қилув қароридан норози бўлган жавобгар Юлдуз Даминова апелляция тартибида шикоят келтириб, суд ишни ҳар томонлама чуқур ва холисона ўрганиб чиқмасдан шошма-шошарлик билан қарор қабул қилгани, ўзи эса оиласини сақлаб қолмоқчи эканини билдирган.
Бундан биринчи инстанция суди даъвони қаноатлантиришда эр-хотин ўртасидаги зиддият оиладаги оддий келишмовчилик эканлиги ҳамда жавобгар келгусида даъвогар билан тинч-тотув яшаб кетишига ишонч билдирганини эътибордан четда қолдиргани, яъни тарафларнинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишига имконият борлиги ҳолатини аниқламагани аён бўлади.
Қолаверса, бу иш судгача етиб келгунига қадар икки ёш яшайдиган маҳалла фаоллари негадир эътиборсизлик қилган. Агар мутасадди шахслар ўз вазифасига совуққонлик билан қарамаганида эди, аризалар сони биттага камайган бўларди.
- Бугунги кунда оиладаги маънавий муҳитнинг ёмонлашуви ва ажримларга сабаб бўладиган омилларни таҳлил қилиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда, - дейди Олим Мейлиев. - Айрим ёшларнинг мол-дунёга ружу қўйиши, манманликка берилиши, оиладаги маънавий негизнинг заифлиги, ўзаро келишмовчилик, келин ва куёвнинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги, ёш турмуш қуриш оқибатлари, эр ёки хотиннинг зарарли одатларга мойиллиги, қайнона, келин ёки бошқа қариндошларнинг зиддиятли муносабатлари оилавий ажримларнинг кўпайишига олиб келаяпти. Ажримларнинг олдини олиш учун маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида ташкил этилган яраштириш ҳамда хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссиялар фаолиятини янада мувофиқлаштириш лозим. Таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари, профилактика нозирлари, тиббиёт ходимлари, вояга етмаганлар билан ишлаш комиссияси, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати ва имом-хатибларнинг ўзаро ҳамкорлигини янада ошириш керак.
Таъкидлаш жоиз, оилани мустаҳкамлаш, оилавий низолар ва ажримларнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир ФҲДЁ бўлими қошида "Ёш оила қурувчилар" мактаби фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу мактаб машғулотларига никоҳга кириш ҳақида ариза билан мурожаат этган никоҳланувчи ёшларнинг барчаси жалб этилиши керак. Унда уларга никоҳ тузиш тартиби, шартлари, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари, никоҳдан олдинги тиббий кўрикнинг аҳамияти, никоҳ шартномаси ва бошқалар ҳақида батафсил, таъсирчан маълумотлар берилиши мақсадга мувофиқ бўлади.
- Оилавий ажримларнинг олдини олиш учун шуни таклиф қилардимки, ФҲДЁ, суд органларида бундай ишлар кўрилаётган пайтда ўша оила яшайдиган маҳалла фаоллари, маслаҳатчилари ёки ўша ҳудуд хотин-қизлар қўмитаси раислари иштироки ҳам таъминланса, - дейди вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Рисолат Эшқобилова. - Бир оиланинг барбод бўлмаслигига ҳамма баҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилса, балки бундай нохуш ҳолатларнинг олди олиниб, фарзандлар ўртада сарсон бўлиб, ота ёки она меҳридан бебаҳра бўлиб ўсмасмиди?
Дарҳақиқат, оила мўъжаз бир Ватан, жамият ўзаги, ҳар бир халқнинг, миллатнинг давомийлигини таъминловчи, миллий қадриятларни ривожлантирувчи, авлодлар умр занжирини мустаҳкамловчи, ахлоқий ва маънавий баркамол авлодни дунёга келтириб, уни комил инсон қилиб тарбияловчи муқаддас даргоҳдир. Оила қўрғонининг пойдевори ишонч, устунлари меҳр ва муҳаббат, деворлари садоқат, дарвозаси ор ва номусдан тиклангандагина, мустаҳкам бўлади ва бу қўрғон ўткинчи шамолу бўронлар таъсирида бузилиб кетмайди.
Шоҳиста БОЗОРОВА