Меню
Қашқадарё
ОИЛА МАЪНАВИЯТИ ҲАҚИДАГИ АСАР
Қуйида ёзувчининг “Одамийлик мулки” китобидан оила маънавияти, комил инсон тарбияси ҳақидаги фикрларни сараладик.
Энди бизларни бир масала кўп ўйлантиради: тарбиячи ким? Ота-онами, мактаб муаллимларими?.. Бола “Сен тарбиялашинг керак”, деб гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа оширадиган копток эмас. Фарзанд тарбиясига ота-она масъул, мактаб эса бу соҳада кўмакчи. Ҳа, айнан шундай. Чунки фарзанднинг оилада олган тарбиясига қараб ота-онасига роҳат ёки жазо келтиришини ҳамма билади. Отанинг иш-амали фарзандига сингса, унинг хулқида жилвагар бўлади. Болани тергаб-назорат қилиш ота-она юзининг ёруғлигини таъминлайди. Тарбиядан ташқаридаги бола бебош ва ярамаслик сари оғади. Эрка бўлиб ўсган ўғил-қизлар хатти-ҳаракати ота-онага мунг ва алам келтиради. Шу боис ҳам Абдулла Авлоний таъкид этганларидек: “тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидур” дейилмиш фикрни барчамиз бирдек шиор сифатида қабул қилмоғимиз лозим бўлади.
* * *
Афсусларким, айримларимизнинг кўнгилларимиз кўчага боғланган. Ишга, улфатга муҳаббат оилага бўлган муҳаббатдан ортиқ. Чойхоналарда, ресторанларда, турли зиёфатларда яйрашга умримизнинг ҳисобсиз соатларини беҳуда сарфлаймиз. Бола тарбиясига эса вақтни қизғанамиз. Сариқ чақага арзимас матоҳларимиз фарзандларимизга нисбатан қийматлироқ. Пиёлани синдириб қўйса аямай урамиз, гулдонни синдирса дўппослаймиз. Агар ака укасини урса яна жазолаймиз. Ҳолбуки, каттанинг кичик, кучлининг кучсиз устидан ҳоким эканини ўзимизнинг айнан шу ҳаракатимиз билан ўргатяпмиз: гапга кирмаган кичикни ёки кучсизни уриш мумкин!
* * *
Бола шўхлик қилса “ҳали қараб тур, дадангга айтаман”, деб қўрқитамиз. Ота келганда бола ёмонланади. Айни шу ҳолатда ота-бола орасига душманлик уруғи сочилганини фаҳм этмаймиз. Отани жазоловчи инсон сифатида кўрсатмай, ота келганда уни иззат-ҳурмат билан кутиб олишни ўргатиш афзалроқ эмасмикин?
* * *
Бугун биз бола тарбияси деганда уни яхши кийинтиришни тушуняпмиз, катта пул сарфлаб ўқишга киритишни англаяпмиз... Агар автомашинамиз бузилиб қолса, устахонада бир кун ёки бир ҳафта ўтиришимиз мумкин, аммо фарзандимиз билан бир соат ёнма-ён ўтириб дарс тайёрлашга тоқатимиз етмайди.
* * *
Гўзал хулқ ва тарбияли онанинг хислатлари, яхши феъл-атвори фарзандларида ҳам намоён бўлади. Улар ҳам оналарининг гўзал хислатларига эга бўладилар. Табобат фани онадаги турли ички хасталиклар болада ҳам бўлишини исботлади. Ирсият фани онадаги ички хасталиклар билан бирга ундаги руҳий, маънавий жиҳатларнинг ҳам болада такрорланишини исботлаган. Бу тарбияни бола туғилмасидан олдин, ҳатто оила қурмасдан олдин бошлаш керак, дегани эмасми?
* * *
Бирга ўйлайлик: тарбиясиз одам жонсиз жасад каби эмасми? Даврага қўшилгувчи ҳар бир одам аввал ўзининг ташқи кўриниши, қиёфасига қараб қабул қилинади, сўнг эса тарбияси ва фазилатига қараб тақдир этилади. Кишидаги фазилат гўё фарзанд кабидир, уни авайлаб сақлаш ва янада баркамол этиш лозим. Ҳар бир одам, аввалроқ айтиб ўтганимиздай, ўзини ўзи тарбия қилишга ўрганиши керак. Инсоннинг улуғлиги ўзини идора ва тарбия қилиш кучига эга бўлиши билан билинади. Буни тушуниш учун Ийсо (алайҳиссалом)дан бир ривоятни эслаймиз: Ийсо (алайҳиссалом)дан сўрадилар: “Сизни ким тарбия қилди?” Жавоб бердиларки: “Мени ҳеч ким тарбия қилмади. Жоҳилнинг жаҳолатини, ахлоқсизнинг ахлоқсизлигини қусур ва айб сифатида кўрдим. Жаҳолат ва ахлоқсизлигидан қочдим”.
* * *
Яъниким, киши ҳар дақиқа, ҳар соат, ҳар кун бу соҳада ўзини ўзи тарбия қилиб бормоғи талаб этилади. Дейлик, бир кун тарбия этмадими, яхши фазилатни бир кун унутдими - издан чиқиб кетиши ҳеч гапмас. Фазилатнинг ўрни узоқ вақт бўш турмайди, у бизни тарк этдими, дарҳол ўрнини иллат, ёмон хулқ эгаллайди.
* * *
Баъзан киши яхши хулққа эришишни истайди, аммо бунинг уддасидан чиқиш ёлғиз ўзига боғлиқ эмас. Ёмонлар билан ҳамсуҳбатлик масаласи бу фикрга мисол бўла олади. Бир кишининг зулмкорлигини ёки разиллигини биласиз, лекин ундан нари туришнинг иложи бўлмай қолади.
* * *
Ўзгага тарбия беришдан кўра ўзни тарбия этмоқ юз чандон оғирроқдир. Ўзгага тарбия бериш учун билимга ёки ҳаёт тажрибасига таяниб, тоқатингиз етганича насиҳат қиласиз. Тарбияланувчи насиҳатларингизни қулоққа олмаса, қўл силтаб қўя қоласиз.
* * *
Бош ақл ва илмга тўлиб тошса ҳам, ахлоқни сира унутмаслик керак: инсон ўзидаги маънавий жиҳатларни, виждон ва нафсни тарбиялаши, эҳтиросини бошқара олиши, хунук одатларни тарк этиши, илмий ютуқларини инсоният фойдасига йўналтириши керак. Йўқса, у тўғри йўлдан озиши мумкин. Яъни Ватан ва халқини мудофаа қилишга масъул ҳарбий одамнинг тарбияси дуруст бўлмаса Ватанига хиёнат этишдан ҳам қайтмас. Беморларни ҳалол ва холис равишда даволашга қасам ичган врач қасамини бузар. Ҳатто порахўр ва судхўр мол-дунё эвазига юртини бошқалар қўлига мустамлака қилиб беришдан ҳам тап тортмас.
* * *
Оғзаки насиҳатларни кунда кўп марталаб эшитамиз. Аввало насиҳатнинг таъсири насиҳатгўйнинг ақлига, билимига боғлиқ. Шунингдек, қандай вазиятда насиҳат қилиш ҳам муҳим. Маст одамга “ичма” деб насиҳат қилиш - шамолга қарши қичқириш кабидир. Ғазабга миниб бировни сўкаётган одамнинг қулоғига ҳам сўкишнинг гуноҳ экани ҳақидаги насиҳатлар кирмайди. Насиҳатгўй тарбиясидаги одамнинг ёши, ақл даражасини, айни дамдаги руҳий ҳолатини ҳам ҳисобга олиши шарт. Айнан бир мавзу, масалан, сўкиш ҳақида ўн ёшли ва йигирма ёшли болага бир хилда, бир хил услубда гапирилмайди.
* * *
Тарбия жараёнида доноларнинг “ёшлик - бепарволик, йигитлик - бир мусобақа, қарилик эса таассуфдир”, деган таъкидларини унутмасак дуруст бўлади. Насиҳат деганда биз каттанинг ёшга ўгитини тушунадиган бўлиб қолганмиз. Кексароқ одамга насиҳат қилиш бизга ғалати туюлади. Ҳолбуки тарбия кексалар учун ҳам зарур. Тарбия маълум ёшга етгач тўхтамайди. Барчамиз яхши биладиган “Бешикдан қабрга қадар илм эгалла” дейилгувчи ҳадиси шариф бизларни шунга даъват этади. Алҳол, илм олиш ҳам тарбиянинг муҳим асосидир.
ХУРШИДА тўплади.