Меню
Қашқадарё
ОИЛА ДАВРАСИДА БАЙРАМ ФАЙЗИ-ТАРОВАТИ ЎЗГАЧА
Вилоятимиз марказидаги Мустақиллик майдонида безатилган арча атрофи ҳар куни одамлар билан гавжум. Бобоси ё момоси, ота-онаси ҳамроҳлигида бу ерга келган болажонлар қувончи бир олам. Ранг-баранг қилиб безатилган арча уларга бир қувонч бағишласа, арча атрофидаги “жонли” эртак қаҳрамонлари, Қорбоболар қуршовидаги ўйин-кулги уларни янада кўпроқ яйратади.
- Байрам болаларники-да, айланай, - дейди неваралари Зайнабхон ва Юсуфжонни етаклаб, арча ёнига келган меҳнат фахрийси Зулфизар Ражабова. – Шуларнинг беғубор севинчи одамнинг кўнглини ёриштиради. Арча безатилганидан бери кунда-куноша невараларим шу ерга келишга қисташади. Оқшомлари келамиз, улар арча атрофида яйраб ўйнашади, мен ўриндиқда ўтириб, уларни томоша қиламан, атрофни кузатаман. Шукур, юртимиз тинч-осойишта. Бемалол байрам қилиш учун ҳамма шароит муҳайё.
Чиндан ҳам байрам аввало болаларга катта қувонч бахш этади. Қорбобонинг олдига бораётганини билган бола борки, Янги йил, арча, Қорбобою Қорқиз ҳақида тўрт қатор шеър айтишга ҳозирланади.
- Уйимизда Янги йил фарзандларимнинг мендан байрамга бағишланган янги шеър ёзиб беришимни сўрашларидан бошланади, - дейди шоир Амир Худойбердиев. – Аввал катталари сўрашган бўлса, яқин тўрт-беш йилдан бери кенжа қизим Нажиба шу илтимос билан мурожаат қилади. Унинг истагига кўра, “боғчадаги ҳеч бир бола билмайдиган” шеър ёзиб бераман. Янги йил, Қорбобою Қорқиз, байрам совғалари албатта шеърдан мустаҳкам ўрин олган бўлиши шарт. Бу йил у менга бир эмас, иккита янги шеър “буюртма” қилганди. Бири боғчадаги байрам тадбирида айтиш учун бўлса, иккинчиси уйимиздаги байрам зиёфатида меҳмонлар олдида ўқиш учун.
Байрам тараддудига аллақачон киришган уй бекаларининг шу кунларда ташвиши бироз кўпайган. Қарши туманилик Моҳичеҳра Бозорбоеванинг айтишича, уларнинг оиласи бу йил янги иморат кўтарибди. Энди эса кўнгилни тўқ қилиб, байрамни кўтаринки руҳда нишонлаш учун қайнонаси билан тайёргарлик кўришаяпти.
- Бир ҳафтадан ошди, ўзимизнинг синалган усулда карам тузлаб қўйдик, байрамгача тайёр бўлиб қолади, - дейди у. – Ҳар йили Янги йил дастурхони учун мева-чева, сабзавоту қовун-тарвуз ўзимизнинг томорқадан чиқади. Қовун асраб қўйганмиз. Иссиқхонамизда етиштирилган лимон бу йил ҳам дастурхонга кўрк бўлади. Шу йилги жўжаларимиз орасида хўрози кўпроқ чиқди, бу дегани, байрам куни парранда гўштидан тансиқ таом албатта бўлади.
Косон туманилик Ўткир Санаев учун Янги йил шодиёналари икки карра байрам: 25 декабрда у туғилган кунини нишонлади.
- 60 ёшни қарши олдим, - дейди у. – Бу йилги туғилган кунимни ҳам ёр-биродарларим, оилам даврасида ўтказдим. Оиламизда бу йил яхши ниятлар ила кутилган меҳмон – неварам Солиҳа туғилди. Бағримизни тўлдириб, барчамизга шодон кайфият бераётган жажжи қизалоқнинг умри узоқ бўлсин, ота-онаси орзу қилгандай фарзанд бўлсин, деб ният қилаяпмиз. Янги йилни барчамиз жамулжам бўлиб қарши олишга ҳозирлик кўраяпмиз.
Унинг тўнғич ўғли Жаҳонгир нефть-газ соҳасида ишлагани сабабли қўшни вилоятларда сафарда кўп бўлади.
- Аммо ҳар йили имкон қадар Янги йилни уйда кутишга ҳаракат қиламан, - дейди у. – Янги йил – оилавий байрам, ҳаммамиз бир дастурхон атрофида ўйнаб-кулиб нишонлашга одатланганмиз. Бу йил ҳам шу анъанага амал қиламиз.
Хуллас, ҳамсуҳбатларим фикрларидан юртдошларимизнинг байрам арафасида кайфиятлари кўтаринки эканига, кўнгилларда байрам шукуҳи кезиб юрганига амин бўлдим. Демакки, хонадонларда янги 2017 йил қизғин тараддуд, шодон руҳда қарши олинади. Энг муҳими ҳам – шу...
Хуршида АБДУЛЛАЕВА