Меню

Қашқадарё

19.04.2019 1884

ОИЛА БЮДЖЕТИ ТЎЛИҚ ТОМОРҚАДА ШАКЛЛАНАДИ

Чироқчи туманининг Кўктош маҳалласида яшовчи Зокиржон Ҳусанов ҳам бундан икки йил аввал банкдан кредит олиб, ҳовлисининг бир бурчагидаги эски оғилхонани жиҳозлаб, товуқ боқишни йўлга қўйган эди. Бугун бу иш ортидан яхшигина даромад келмоқда.

- Айни пайтда 600 та товуқ боқаяпмиз, - дейди у. - Ҳар куни 500 тадан ошиқ тухум оламиз. Битта товуққа кунига 100 граммдан омихта ем зарур. Бунинг учун ўртача 120 минг сўм сарфланади. Энди ҳисоб-китоб қилиб кўринг, кунига 500 та тухумни 250 минг сўмга сотсак, 130 минг соф фойда қолади. Бу бир ойда 4 миллион сўмга яқин маблағ дегани.

Хонадон соҳибининг айтишича, 12 сотих томорқа ери бор. Бу жойда сабзавот ва полиз маҳсулотларини экиб, олинган ҳосилни аввало рўзғор учун ишлатади, истеъмолдан ортганини бозорга чиқаради. Бундан ташқари, икки-уч бош қорамол боқади. Хуллас, оила аъзолари доим ҳовлида қайсидир юмуш билан банд, шунга яраша асосий даромад ҳам томорқадан келади. Бундан руҳланган Зокиржон Ҳусанов энди фаолиятни янада кенгайтириш ниятида.

- Шу йил ҳовлининг икки четидан умумий майдони 5 сотихдан иборат иккита иссиқхона  қурдим, - дейди у. - Ана шу жойда кўчатчилик, помидор, бодринг етиштириш билан шуғулланаяпман.  Иссиқхона қурган бир нечта кишиларнинг ишини кўриб, фаолияти билан танишиб, ўрганиб келдим. Бунинг даромади очиқ ерга қараганда тўрт-беш баробар кўп бўларкан. Келгуси йил қолган 7 сотих ерни ҳам иссиқхонага айлантиришни мақсад қилганман. Яхши даромад топиш, яхши яшаш учун имконият бор экан, бундан фойдаланиш зарур.

Эътиборли томони, Зокиржон Ҳусанов каби кишиларнинг фаолияти бошқаларга ҳам ўрнак бўлмоқда. Уни кўриб оилавий тадбиркорликка қизиқиши ортаётган, бор имкониятдан унумли фойдаланиш ҳаракатига тушганлар кўп.

- Маҳалламизда 785 та хонадонда 5 минг 31 киши яшайди, - дейди Кўктош МФЙ раиси Суннатулла Холиёров. - Деярли барча оилаларнинг томорқа ерлари мавжуд. Аввал кўпчилик томорқага унчалик ҳам эътибор қаратмасди. Бир-иккита оила яхши ишлаб, яхши даромад ола бошлагач, қўни-қўшниларда ҳам бунга қизиқиш  ортмоқда. Сўнгги бир йил ичида ўнлаб оилалар иссиқхона қурди, парранда боқишни йўлга қўйди. Бошланғич сармояси бўлмаганлар эса банкдан кредит олиб ҳам ишни бошламоқда. Мисол учун, жорий йилнинг ўтган вақти мобайнида 19 та оила имтиёзли кредит олиб, оилавий тадбиркорликни бошлади. Яна 27 кишининг кредит сўраб қилган мурожаатлари ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан кўриб чиқилмоқда.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!