Меню

Қашқадарё

26.07.2016 2238

ОИЛА ҚАСРИ МУСТАҲКАМ БЎЛСИН

Баъзи ота-оналар ҳануз фарзандларининг эрта никоҳдан ўтиши, ёш турмуш қуриши аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини англаб етмаяптилар. Ўйланиб қоласан киши, қандай қилиб ҳали ҳаётга тайёр бўлмаган, ўзи учун белгиланган бурч ва вазифаларини ҳам жисмонан, ҳам ақлан ҳал этишга ёшлик қиладиган, оиланинг пасту баландини англамаган ўйинқароқ болани оила аталмиш машаққатли ҳаётга мажбуран йўллаб бўладими?

 Ваҳоланки, амалдаги қонунларимизда бежизга никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ муносабатларига киришиш энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлиши; ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн беш бараваригача жарима солинишига олиб келиши; никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширганлик учун ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланганлиги; бундай ноқонуний фаолият билан шуғулланган дин намояндалари энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача жаримага тортилиши белгилаб қўйилмаган.

Шу ўринда диққатни қонунларда белгиланган жазонинг оғир ёки енгиллигига эмас, балки улардан кўзланган мақсад, эрта қурилган никоҳнинг ёшлар ҳаёти, келажаги, саломатлигига салбий таъсир кўрсатишига қаратмоқчиман.

Аввало бир ҳақиқатни унутмаслигимиз керак. Қизларнинг балоғат ёшига етгани турмуш қуришга тайёр дегани эмас. Бу ёшдаги қизлар ҳали жисмонан ўсмирлик даврини бошидан кечираётган, руҳий ҳолати барқарорлашмаган, атрофдаги воқеликларга таъсирчан ва енгил баҳо берадиган бўлади. Бу аллақачон тиббиётда ўз тасдиғини топган. Бугунги кунда скрининг текширувлари натижалари шуни кўрсатмоқдаки, болалардаги турли хил аномалиялар, айниқса, асаб тизими ва генетик нуқсонлар айнан қариндошлар ўртасидаги никоҳ, эрта турмуш асоратлари туфайли юзага келаётир. Бунинг олдини олиш учун, аввало, ота-оналар етарли тиббий билим ва тушунчага эга бўлиши лозим. Аммо айримлар эрта турмуш, қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатларини кўра-била туриб, шошма-шошарлик ва ўзбошимчалик билан қарор қабул қилишади. Натижада носоғлом фарзандлар дунёга келади, оилалар ўртасида совуқчилик пайдо бўлади, ёш келин-куёв руҳий тушкунликка тушиб қолади. Кимнингдир ўйламай қилган хатоси туфайли ёш оилалар бузилиб кетади, ёшларнинг ҳаёти издан чиқади.

Зеро, Президентимиз “Қиз болани коллежни битирмасдан, ҳунар эгалламасидан кимки турмушга бермоқчи бўлса, билиб қўйсинлар, мен бунга мутлақо қаршиман. Қиз бола, аввало касб эгалласин, ўз фикрига эга бўлсин, ҳаётни англасин. Шундан кейин у ҳаётда ўз ўрнини топади, йўлини йўқотмайди”, дея бежиз уқтирмаган.

Муқаддас динимизнинг таълимотига кўра ҳам хотин-қизларнинг илм олиши, маърифатли бўлиши, ҳаёт учун зарур барча кўникмаларни ўрганиши фарз эканлиги айтилган. Бу борада пайғамбаримиз (алайҳиссалом) муборак ҳадисларидан бирида: “Илм талаб қилиш (эркагу аёл) ҳар бир мусулмонга фарздир”, деб таъкидлаганлар.

Мамлакатимизда мустаҳкам оилани камол топтириш мақсадида бўлғуси келин-куёвларни тўйдан олдин тиббий кўрикдан ўтказиш мажбурий қилиб қўйилгани ҳам   катта аҳамиятга эга. Қадимдан аждодларимиз келин ёки куёв танлашда шошилмасдан, қуда томоннинг етти пуштини суриштириб, қариндош-уруғчиликни белгилашган. Чунки авлодлар саломатлиги, давомийлиги, наслнинг бенуқсон бўлишида бу удумларнинг аҳамияти катта. Шу боис бугунги кунда замонавий тиббиёт яқин қариндошлар никоҳидан, эрта оилавий ҳаётни бошлаганлардан туғилган болаларнинг насл касалликларига чалиниш хавфи ҳақида бонг ураяпти.

Жамиятнинг яна бир оғриқли муаммоси бу - қонуний никоҳдан ўтмасдан туриб, шаръий никоҳ асосида турмуш қуришнинг салбий оқибатлари кўпчиликни ташвишлантиради. Шу асосда қурилган оилаларда ижтимоий муаммолар авж олиб, оталикни тан олмаслик ёки уни белгилаш бўйича қарама-қаршиликлар юзага келаётгани, ажримлар сони ортаётганини кўраяпмиз.

Хулоса қилиб айтганда, фарзандларимиз тақдири енгил-елпи масала эмас. Ота-она фарзанди камолотини таъминлашга ва унинг келажагига масъул экан, ҳеч қачон унутмаслиги керак: балоғат ёши – бу ҳали камолот ёши эмас...

 Абдулазиз МАХСУМОВ,

 Ғузор тумани Батош жомеъ масжиди имом-хатиби.

Наргиз ОЧИЛОВА,

Ғузор тумани ФҲДЁ бўлими инспектори.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!