Меню
Қашқадарё
ОФТОБ УРИШИДАН САҚЛАНИНГ!
Маълумки, одам организмида моддалар алмашиш жараёнида ҳосил бўладиган иссиқлик узлуксиз ташқарига чиқиб туради. Масалан, мушакларнинг бир кеча-кундуз енгил ишлаши натижасида организмдан уч минг катта калорияга яқин иссиқлик чиқади. Инсон организмида иссиқлик энергияси ҳосил бўлиши билан бирга айни вақтда уни тарқатиш жараёни ҳам давом этади. Бу эса асосан буғланиш ва терлаш ҳисобига амалга оширилади.
Организмда тўхтовсиз давом этадиган иссиқ алмашиш жараёни икки соат давомида издан чиқса, саломатликка салбий таъсир этади, натижада тана ҳарорати одатдагидан уч даражага кўтарилиши мумкин. Бундай ҳол узоқ давом этиши киши саломатлигига жиддий путур етказади. Одам кам ёки кўп терлаши бир неча сабаблар - кунлик ҳаво ҳарорати, қуёш нури таъсири, шамол тезлиги, ҳаво намлиги, кийим ранги ва қалин-юпқалиги, иш шароити, ниҳоят, организмнинг ҳолати ва бошқаларга боғлиқ.
Иссиқ ҳаво ва қуёш нури таъсиридан тана қизиб кетиши натижасида гипертермия ёки тананинг қизиб кетиши, қуёш ёки иссиқ уриши, организмнинг турли ҳолатда сув йўқотиши каби ҳолатларни кузатиш мумкин. Бундай кўнгилсизликлар вазиятга қараб алоҳида ёки биргаликда содир бўлиши ҳам мумкин.
Қуёш ва иссиқ уруши деярли бир хил бўлиб, улар қуёш остида бош яланг юриш, об-ҳавонинг юқори ҳарорати ва намлиги, иссиқ, дим хонада кўп ўтириш, қалин, ҳаво ўтказмайдиган (резинали, брезентли, сунъий толали) кийимлар кийиш, спиртли ичимликлар истеъмоли, овқатни меъёрдан ортиқ танаввул қилиш кабилар оқибатида вужудга келади.
Иссиқ уриши бош айланиши, бурун қонаши, қайт қилиш, кўп терлаш, кўз олдининг қоронғилашуви, юрак уришининг тезлашиши, диарея ва анурия билан кечади. Оғир кўринишларда тана ҳарорати 400 С ҳароратдан ошади ва асаб тизимининг зарарланиш белгилари намоён бўлади, кўз қорачиғи кичраяди, мушаклар тонуси бузилади, тиришишлар пайдо бўлади. Ихтиёрсиз сийдик ва ахлат чиқариш ҳоллари пайдо бўлиши мумкин.
Офтоб уриши – иссиқ уришининг бир қисми бўлиб, бевосита қуёш нури таъсирида бошнинг локал қизиши ҳисобланади. Дастлабки белгилари худди иссиқ ургандагидек кўринишда бўлиб, сўнг бўшашиш, қулоқларда шовқин, қўл-оёқлар титраши, юз қизариши, нафас ва юрак уриши тезлашиши каби аломатлар рўй беради. Тана ҳарорати 38-400 С гача кўтарилиши мумкин.
Қуёш урганда тана ҳарорати озгина кўтарилади. Бошқа клиник белгилар эса иссиқ урганга ўхшаш бўлади. Организмнинг ортиқча сув йўқотиши натижасида “сувга ташналик” ҳолати юз беради. Бунда одам сув ичган сари ичгиси келаверади. Танадан ажралаётган тер буғланмай, томчи ҳолатида ажралиб чиқади, натижада организм ҳарорати пасаймайди. Қуёш уришининг салбий таъсирларидан яна бири, томирларни кенгайтириши ва оёқларда варикоз, юзда эса ингичка томирларнинг ёрилишидан келиб чиқувчи қизил доғлар пайдо бўлишига сабабдир. Бундай касаллиги бор одамлар офтобда кўп қолиб кетмасликлари керак.
Юқоридаги ҳоллар содир бўлганда, дарҳол беморнинг иссиқ алмашиш қобилиятини тиклашга ҳаракат қилиш керак. Умуман, ҳамма ҳолларда ҳам беморни юқори ҳарорат ҳамда қуёш нури таъсиридан соя-салқин ерга олиб чиқиш лозим ва эркин ҳаракатни қийинлаштирувчи кийимлардан холи қилиш, сув ичиши, бош ва кўкракка матони совуқ сувга ҳўллаб бош кўтарилган ҳолда босиш зарур. Беморга сув ичиришнинг иложи бўлмаса, тери ости ёки вена қон томирига шифокорлар ёрдамида физиологик суюқлик юбориш керак.
Овқатланиш эса асосан иш режимига монанд тузилиши лозим. Саратонда кундалик истеъмол қилинадиган овқатнинг асосий қисмини эрталаб ва кечки пайтда ейиш, тушда эса янги сабзавотлардан тайёрланган, ўз таркибида етарли оқсилга эга бўлган овқатларни истеъмол қилиш яхши натижа беради. Кун иссиғида кўк чой ичиш жуда фойдалидир. Турли янги мевалар – олма, ўрик, айниқса, олчадан тайёрланган шарбат ва коктейллар ҳам ташналикни яхши қондиради. Табиатнинг тирик суви деб аталувчи мева ва полиз маҳсулотларининг суви организм ҳужайраларига осонгина сингади. Шунинг учун ёзги мавсумда меваларни хомлигича истеъмол қилиш ниҳоятда фойдалидир. Сабзавотларни турли салатлар тарзида еган афзал. Ҳар бир киши 1 суткада 2,5-3 литр сув ичиши лозим. Айниқса, доривор гиёҳ дамламаларини шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда ичиб турган маъқул. Масалан, мойчечак, тоғ райҳони, кийик ўти, қирқбўғин, чаён ўт (крапива) каби доривор ўтлардан кўпроқ фойдаланишни тавсия этамиз.
Иссиқ иқлим шароитида тўғри кийиниш ҳам саломатлик гаровидир. Бунда ҳавони яхши ўтказиб, қуёш нурини қайтарадиган, кенг тикилган ва танага ёпишиб турмайдиган кийимларни кийиш тавсия этилади. Шунингдек, кийим танлашда матонинг рангига ҳам эътибор бериш лозим. Чунки қора ва жигарранг матодан тикилган кийимлар ўзига иссиқлик ва қуёш нурини кўп тортади, оқ рангли матодан тикилган кийимлар эса иссиқ ва қуёш нурини қайтариш хусусиятига эга.
Ёз кунларида барча соҳа кишилари ишни эрта бошлашга, куннинг қизиган вақтида эса дам олишга одатлансалар, меҳнат унумдорлиги яхши бўлиши шубҳасиз. Иссиқ кунларда ишдан кейин илиқ душда чўмилиш ёки ванна қабул қилишга одатланиш организмни чиниқтиришнинг муҳим омилларидан ҳисобланади.
Хуллас, маромли ҳаёт тарзига, гигиенага, парҳезга, яъни овқатланишда табиийлик ва меъёрли бўлишига амал қилсак, жазирама кунларда турли кўнгилсизликлардан ўзимизни ҳимоя қилган бўламиз. Зеро, ҳар бир инсон ўз соғлиғи учун ўзи масъулдир.
Саодат РУСТАМОВА,
Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий тадқиқот институти вилоят бўлинмаси бўлим мудири