Меню
Қашқадарё
ҲОФИЗ, СОЗАНДА, БАСТАКОР
“Ўзбекистон Миллий энциклопедияси”да бу улкан санъат арбоби ҳақида жуда қисқа маълумотлар берилган. Унинг мақом куй-қўшиқлари моҳир ижрочиси бўлгани, “Абдураҳмонбеги” ашулалар туркуми ва бошқа мусиқий асарлар муаллифи эканлиги таъкидланган.
Санъатшунос олим Файзулла Тўраев қаламига мансуб “Бухоро муғаннийлари” рисоласида Абдураҳмонбек ҳақида янги маълумотларни учратдим. Аммо унда энциклопедиядагидек Шаҳрисабзда эмас, Бухорода таваллуд топганлиги ёзилганлигидан ажабландим. Рисола муаллифи билан қилган суҳбатимдан маълум бўлдики, у Абдураҳмонбек ҳақидаги маълумотларни қўшни Тожикистонда нашр этилган манбадан олганини айтди. Абдураҳмонбек ҳаёти ва ижоди узоқ йиллар қадим Бухоро билан боғланганлиги боис, икки муаллиф унинг туғилган жойи масаласида хатога йўл қўйишган бўлса ажаб эмас.
Абдураҳмонбекнинг исмидан ташқари, ота-онаси кимлиги номаълумлиги, туғилган жойининг ҳам манбаларда икки хил ёзилгани, ҳаёти ва ижоди ҳақидаги маълумотлар жуда қисқалиги бу санъаткор ҳақидаги изланишларни давом эттиришимга туртки бўлди.
Умрининг катта қисмини ёш авлод таълим-тарбиясига бағишланган 82 ёшли отахон Қаҳрамон Аминжонов билан яқинда узоқ мозий ҳақида суҳбатлашиб турганимизда, гап айланиб, шу йил сентябрь ойида Шаҳрисабз шаҳрида ўтказиладиган халқаро мақом фестивали мавзуига кўчди. Мен кекса педагогга шаҳрисабзлик таниқли санъаткор Абдураҳмонбек ҳақида гапириб бердим. Отахон гапларимни диққат билан тинглар экан, чеҳраси ёришиб, Абдураҳмонбек ҳақида падари бузрукворидан эшитганларини қайта жонлантирди. Бу эса буюк бастакор, ҳофиз ва созанда Абдураҳмонбек таржимаи ҳолининг ёзилмаган саҳифаларини тўлдиришга ёрдам берди.
Шаҳрисабзнинг Кунчиқар дарвозаси яқинидаги ҳозир ҳам Сангиохур деб юритиладиган маҳаллада жуда кўп машҳур инсонлар яшаб ўтишган. Йирик савдогар Эшонқулбой ҳам шу маҳаллада туғилган. Ота касбини давом эттирган Эшонқулбой савдо-сотиқ билан шуғулланиб, довруғи шаҳардан узоқ-узоқларга ёйилган эди. Бу ердан олиб кетган молларини сотиш учун Бухоро амирлиги кентларидан ташқари Русия бозорларигача борарди. У томонлардан харидоргир молларни олиб келиб сотарди. Шаҳарда унинг бир нечта савдо дўконлари бор эди.
Қаҳрамон Аминжоновнинг бобокалони Аминжон оқсоқол Фозилжон тўқсабо ўғли ҳам шу маҳалладан бўлиб, Эшонқулбойнинг қалин дўсти эди. Бир кам дунё деганларидек, бойнинг қизлари кўп бўлиб, дўстига ўғли йўқлигидан ҳасрат билан гапирар, Худодан доимо ўғил сўраб, дуо қиларди. Ниҳоят, бойнинг дуои-илтижолари ижобат бўлиб, хонадонида ўғил бола йиғиси ҳам янграй бошлади. Унга Абдураҳмонбек деб исм қўйди. Икки-уч йилдан сўнг элга катта тўй қилиб беришга ваъда берди. Абдураҳмонбек туғилган пайтда Бухоро тахтига отаси амир Музаффархондан сўнг унинг ўғли Абдулаҳадхон (1886-1911) ўтирди. Амир Абдулаҳадхон, Абдурауф Фитратнинг таъкидлашича, ўзидан олдин ўтган амирлардан фарқ қилиб, барча ғайрат ва ҳаракатини тижорат ишларига сарфлаб, савдо молларининг олди-сотдисидан амирлик хазинасини бойитган.
Абдулаҳадхон амирликда фаолият олиб бораётган йирик тижоратчи бойларни яхши таниган. Шу жумладан, шаҳрисабзлик Эшонқулбой ҳам унга таниш савдогарлардан эди. Ҳар гал Шаҳрисабзга келганида, албатта уни беклик девонига таклиф қилиб, савдо-сотиқ ишлари ҳақида суҳбатлашарди. Эшонқулбой амир Абдулаҳадхоннинг ўғли амир Олимхон ҳукмронлиги даврида Қарши ва Китобни боғловчи темир йўл қурилишида ўз сармояси билан катта ёрдам берган, Қашқадарёда илк пахта тозалаш заводини қуриб, толани Русия бозорларига жўнатган.
Эшонқулбой ўғли Абдураҳмонбекнинг суннат тўйига Абдулаҳадхонни ҳам таклиф этади. Амир савдогарнинг тўйига туҳфа сифатида саройда хизмат қиладиган Леви Бобохонов бошлиқ (1873-1926) санъаткорларни ҳам олиб келади. Тўй базмида бухоролик санъаткорлар мумтоз ва мақом ашулаларини катта маҳорат билан ижро этишади. Айниқса, “Левича ҳофиз”нинг ўзига хос ижроси, ширали овози ҳаммани лол қолдиради. Эшонқулбой базм охирида санъаткорларни қимматбаҳо сарполар билан сийлар экан, ҳофизга қараб “Мен ўғлимни тижоратчи эмас, санъаткор, сиздек ҳофиз бўлишини ният қилдим, дуо қилинг” дейди. Левича ҳофиз дуога қўл очиб, бойнинг эзгу нияти рўёбга чиқишини Яратгандан сўрайди.
Тўйдан сўнг Эшонқулбой тижорат сафаридан рубоб ва танбур олиб келиб, ўғлининг ётоқхонаси деворига осиб қўяди. Бўш пайтларда бу созларни фарзанди олдида қўлидан келганча чалиб, унда санъатга қизиқиш уйғотишга ҳаракат қилади. Абдураҳмонбек қўлига соз ушлаш лаёқат ёшига етгач, Шаҳрисабздан созни яхши чаладиган хушовоз бир йигитни топиб, ўғли билан машғулот ўтказиш учун биркитиб қўяди. Абдураҳмонбек шу кундан бошлаб, санъат оламига қадам қўяди. Биринчи устози Абдураҳмонбекда мусиқа ва ашулага қизиқишни кун сайин ошириб борди. Шогирдининг ёшига ёш қўшилиши сайин у аста-секин рубоб ва танбурни дуруст чаладиган, соз билан мумтоз ашулаларни бемалол ижро этадиган бўлди. Бир кун келиб, Абдураҳмонбек устози ва падари бузруквори олдида биринчи имтиҳондан ўтди. Унинг соз билан ашула айтиши Эшонқулбойга маъқул бўлди. “Ўғлингизнинг созандачилик ва хонандачиликдаги бошланғич сабоқлари шу билан тугади, деди устози бойга. - Бундан кейин у ўқиш-ўрганишни таниқли санъаткор-устозлар қўлида давом эттириши керак. Шунинг учун Абдураҳмонбекни Бухоро шаҳрига юборишингизни тавсия қиламан. Мен унинг келгусида таниқли созанда ва ҳофиз бўлиб етишишига ишонаман”.
Бухорода бу пайтда Абдураҳмонбекка замондош бўлган Леви Бобохоновдан ташқари, ота Ғиёс Абдуғаниев (1859-1927), Домла Ҳалим Ибодов (1878-1940), Ота Жалол Носиров каби таниқли санъаткорлар ижод қилаётган, Бухорода “Шашмақом” ижрочилик мактаби мазкур санъат усталари атрофида ривожланиб бораётган эди. Бухорога катта умид билан келган Абдураҳмонбек мазкур муғанний ва шашмақом ижрочилари қўлида кўҳна санъат сирларини ўрганишга киришди.
Бухорода амирлик тугатилиб, шўролар ҳокимияти ўрнатилгач, 1921 йилда Шарқ мусиқа мактаби очилди. Санъатга қизиқувчи кўплаб истеъдодли йигит-қизлар қатори Абдураҳмонбек ҳам ана шу мактабга ўқишга кирди. Ушбу санъат мактабида бўлажак санъаткорларга таълим беришга юқорида тилга олинган тўрттала устоз ҳам жалб этилган эди. Абдураҳмонбек Леви Бобохоновдан мақом йўлларини танбур ва доира жўровозлигида ўзига хос услубда ижро этиш, Ота Ғиёс Абдуғаниевдан шашмақом чолғу йўлларини, Домла Ҳалим Ибодовдан шашмақомни савтлар-оҳанглар, катта авжлар билан куйлашни ўрганди. Унинг репертуари аста-секин мақомлар билан боғлиқ куй ва ашулалар ила янада бойий бошлади. Мақомларни ширали овозда, тингловчига хуш ёқадиган қилиб, ижро этадиган бўлдики, энди у оддий хонанда эмас, ҳофиз даражасига етди.
Абдураҳмонбек ўз қобилиятини бастакорликда – мақом йўналишида куйлар яратиш соҳасида ҳам синаб кўришга қарор қилди. Узоқ йиллик ижодий изланишлари туфайли “Абдураҳмонбеги” ашулалар туркумини яратишга муваффақ бўлди. “Абдураҳмонбеги” Бузрук мақомининг Савти Сарвиноз шуъбасига оҳангдош уч қисм – Сарахбор, Соқийнома ва Уфор усуллари билан ижро этиладиган асарлардан иборат.
Машҳур ҳофизлар Ҳожи Абдулазиз Расулов ва Юнус Ражабий “Абдураҳмонбеги” йўлларига жуда катта қизиқиш билан қараб, уларни мукаммал ўзлаштириб олишди ва шу услуб йўналишида кўплаб куйлар яратишди. Юнус Ражабий нашрга тайёрлаган “Ўзбек халқ мусиқаси” тўпламининг 1-, 2- ва 4-жилдларига “Абдураҳмонбеги” ва “Уфори Абдураҳмонбеги” ва “Абдураҳмонбеги III” ўзбек мумтоз ашула йўллари ноталари билан киритилган.
Абдураҳмонбек ҳофиз, созанда ва бастакор бўлганлиги учун шашмақом шуъбаларини чуқур билган. Шу боис мақомларнинг назарий таҳлилига бағишланган асарлар ҳам ёзиб қолдирган. Унинг қаламига мансуб форс-тожик тилида яратилган “Рисолаи шашмақом”, “Рисолаи шашмақомаи мусиқий” ва “Рисолаи дар шашмақом” рисолалари мумтоз мусиқа тарихини ўрганишда муҳим манбалар қаторида туради.
Қаҳрамон Аминжоновнинг далолат беришича, унинг отаси Абдуғаффор Аминжон ўғли (1906-1989) Абдураҳмонбекдан 7-8 ёш катта бўлса ҳам, бир-бирига яқин хонадонда яшаганлари учун болалик йилларида бирга ўйнашган, ҳамсуҳбат бўлишган. Абдуғаффор Бухорода мадрасада ўқиб юрган кезларда Абдураҳмонбек билан тез-тез учрашиб турган. Охирги марта Абдураҳмонбекни 1929 йилда Тошкентда кўрган. Ўшанда бухоролик санъаткорлар собиқ Свердлов концерт залида концерт беришган. Концертда иштирок этган Абдуғаффор томошадан сўнг маҳалладоши билан дийдор кўришган. Бу пайтда Абдураҳмонбек қирқ ёшдан ошган бўлган. У яратган куйлар, ижро этган мумтоз ашула ва мақомлар пластинкаларга ҳам ёзиб олинган. Бу пластинкалардан бир нечтаси Абдуғаффор Аминжон ўғли хонадонида авайлаб сақланган. Оила аъзолари вақти-вақтида патефон орқали Абдураҳмонбек ижросидаги бу куй-қўшиқларни тинглаб, маҳалладошларини хотирлаб туришган. Юртимиз мақом санъати аҳллари Абдураҳмонбек ижодий меросига қайта-қайта мурожаат этиб туришган. Ҳожи Абдулазиз Расулов ва Юнус Ражабийдан ташқари Ориф Алимаҳсумов, Сирож Аминов, Карим Мўминов, Бекназар Дўстмуродов ва бошқалар Абдураҳмонбек басталаган, ижро этган мумтоз ашулаларни куйлашган.
Абдураҳмонбек ижрочилик анъаналари шаҳрисабзлик санъаткорлар ижодида ҳам давом этмоқда. Ўзбекистон халқ ҳофизи Ўктам Аҳмедов, Ўзбекистон халқ артисти Марям Сатторова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Насиба Сатторова, Дилфуза Раҳимова, Ойгул Халилова халқимизнинг севимли санъаткорлари даражасига кўтарилган.
Шаҳрисабзда ўзбек миллий мақом санъати музейи ҳам ташкил этилмоқда. Музейда бу кўҳна санъатга муносиб ҳисса қўшган Абдураҳмонбек Эшонқулбой ўғли ҳақида ҳам маълумотлар ўрин олишига ишонамиз. Бу экспозицияни бойитишда шаҳрисабзлик фидойилар ҳам фаол қатнашишса, мақсадга мувофиқ бўларди. Шу мақсадда музей ташкилотчиларига Абдураҳмонбек куй ва ашулалари ёзилган пластинкалар, патефон, қадимий чолғу асбоблари, тарихий ҳужжатлар, унинг авлодлари ва издошлари ҳақида ишончли маълумотлар мавзуига доир бошқа осори атиқалар тақдим этилса, деган истакларимиз бор. Ҳайкалтарошликда ҳам буюк санъаткорнинг сиймосини яратишни ўйлаб кўриш лозим. Бу хайрли ишлар ўзбек миллий мақом санъати дарғаларидан бири буюк санъаткор Абдураҳмонбек ҳақидаги тасаввуримизни янада бойитишга хизмат қилади.
Мўмин АЗИЗОВ,
тарихчи-журналист