Меню

Қашқадарё

11.06.2019 1669

ОДИЛ СУДЛОВГА ИШОНЧ ҚАЧОН ОРТАДИ?

У билан суҳбатимиз ана шу форум таассуротлари, қолаверса, сўнгги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ютуқ ва муаммолар хусусида кечди.

-  Сафар ака, аввало "Тошкент ҳуқуқ баҳори" форуми таассуротлари билан ўртоқлашсангиз.

- Аввало айтиб ўтишим жоиз, форумда нафақат мен, бошқа ҳамкасбларимиз учун ҳам "Юридик хизматлар бозори" деган жумла янгилик бўлди. Тасаввур қилаяпсизми, халқаро майдонда ана шундай бозор мавжуд. Хитойлик адвокатнинг таъкидлашича, улар жаҳоннинг жуда кўп мамлакатларида ўз офисларини очишган. Энди улар бизнинг қонунчилигимизни ҳам мукаммал ўрганиб, мамлакатда фаолият юритаётган маҳаллий ва хорижий корхоналар учун юқори даражадаги юридик хизмат тақдим этиш ниятида.

Россиялик ҳамкасбимнинг айтишича, уларда қатор йирик ташкилотлар хорижлик ҳуқуқшуносларга ишонч билдирмоқда. У бунга шундай эътироз билдиради: "Нега? Улар Россия қонунчилигини бизчалик билишмайди-ку". Демак, бу борада гап фақат қонунни билишнинг ўзида эмас. Адвокат учун журъат, ўз ишига профессионал ёндашув ва адолатни қарор топтириш иштиёқи жуда муҳим.

Хуллас, форумдаги баҳс-мунозаралардан аён бўлдики, бугун халқаро майдонда юридик хизмат бозори ривожланиб бормоқда ва тез орада бизга ҳам жадал кириб келади. Бу юридик хизматлар тизимида жуда катта рақобат пайдо бўлишидан дарак ва ундан фақатгина хурсанд бўлиш лозим. Чунки рақобат бор жойда ўсиш бўлади.

Яна бир жиҳатга тўхталишни  истардим, юртимиз иқтисодиётига кўплаб хорижий корхоналар, компаниялар сармоя ётқизаяпти. Ўз ўрнида  мамлакатимиз тадбиркорлари ҳам тобора халқаро бозордан кенг ўрин эгаллаяпти. Демак, энди уларнинг талабига жавоб бериш учун адвокатларимиз ҳам уйғониши, камида икки-учта хорижий тилда гаплаша олиши, юртимиз қонунчилиги билан бир қаторда, халқаро ҳуқуқ нормаларини мукаммал билиши талаб этилади. Бугун ана шундай адвокатларга эҳтиёж юқори.

- Демак, соҳада рақобат кучайса, адвокатлар ҳам ўз устида ишлай бошлайди.

- Албатта, униқиб кетган сумкасини кўтариб олганча терговчи ёки   судья олдида "иш йўқми, "гос" (давлат ҳисобидан қатнашиш) бўлса ҳам бўлаверади" деб мўлтираб турган, истаган қоғозга имзо қўйиб беришга тайёр ҳамкасбларимиз бугуннинг талабига мутлақо жавоб бермайди. Улар мени тўғри тушунишини хоҳлардим, энди бундай ишлаш даври ўтди. Ахир, замон шиддат билан ўзгараяпти, шундай экан биз ҳам унга ҳамнафас бўлишимиз, у билан баравар қадам ташлашимиз керак. Бунга ҳаракат қилмаган адвокат эса рақобат муҳитида ўз-ўзидан четга чиқиб қолиши тайин.

- Сафар ака, қарийб 40 йилга яқин прокуратура тизимида турли лавозимларда меҳнат қилган, эндиликда адвокатлик фаолияти билан шуғулланаётган ҳуқуқшунос сифатида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган бугунги ислоҳотларни қандай баҳолайсиз?

- Суд-ҳуқуқ тизимида адолат, инсонпарварлик байроғи ҳилпирай бошлади. Мана, ўзингиз эсланг,  тўрт-беш йил олдин палончига оқлов ҳукми чиқибди, деган гап очиқ ҳавода чақмоқ чақишига ўхшаш гап эди. Бунга фавқулодда воқеа сифатида қараларди. Айрим вилоятларда бир йилда битта ҳам оқлов ҳукми чиқмаган ва бу ўша ҳудуддаги тергов, суд органлари учун энг яхши натижа сифатида қайд этилган. Бугун эса аҳвол мутлақо ўзгарди. Ўтган 2018 йилнинг ўзида биргина жиноят ишлари бўйича вилоят судлари томонидан 91 та оқлов ҳукмлари чиқарилди, 2019 йилнинг шу даврида 50 дан ошиқ фуқаро оқланди.

- Дарҳақиқат, статистик маълумотларга кўра, оқлов ҳукмлари чиқиши борасида вилоятимиз республикада биринчи ўринни эгаллаб турибди экан. Бу яхши натижами ёки ёмон?

- Шунча одам оқланди, бу - яхши, шунча одам аввал айбсиз жавобгарликка тортилган, бу - ёмон. Ҳақиқатан ҳам шундай. Дастлабки тергов органлари ва қуйи судлар хатоларининг вилоят  судига келиб бартараф қилиниши ачинарли ҳолат, албатта. Аммо қувонарли жиҳати шундаки, охир-оқибат адолат қарор топмоқда. Одамларда шунга ишонч уйғонди. 

Албатта, соҳада камчиликлар ҳам йўқ эмас. Мисол учун, айрим тергов органлари жиноят ишини очдими, у албатта, судга кетиши керак, деган  эски тушунчадан қутила олмаяпти. Ахир жиноят иши фақатгина кимнидир айблаш учун эмас, балки зарур тергов ҳаракатларини олиб бориб, ҳақиқатни аниқлаш учун ўтказилади. Айби йўқ эканлиги исботландими, демак жиноят ишини тугатиш лозим. Мана шу ойда шунча жиноят ишини  айблов хулосаси билан тамомлашинг керак, деган талаб йўқ-ку. Умуман, жиноят ишларининг тугатилиши терговчи учун "минус", яъни, салбий эмас, агар тўғри, қонуний асосда тугатилган бўлса, ижобий  ҳолат сифатида баҳоланиши керак. Ана шуни соҳада фаолият юритаётган ҳар бир ходим онгига сингдириш вақти келди.

-  Дейлик, аввал ноҳақ  айбланиб, жавобгарликка тортилган фуқаро бир неча йилдан сўнг оқланди. Бу давр ичида у ишидан кетди, қамоқда бўлди, ўзи ва оила аъзолари руҳий тушкунликни бошдан кечирди. Бунинг учун ким жавоб беради?

- Белгиланган тартибга кўра реабилитация этилган шахснинг барча мулкий, моддий ва маънавий зарарлари тўлиқ қоплаб берилиши шарт. Аммо амалиётда бу масалада бошқа бир муаммо келиб чиқаяпти. Яъни, қонунда ушбу зарарлар молия органлари томонидан тўлаб берилиши кўрсатилган. Чунки давлат органлари етказган зарар учун давлат масъул. Лекин молия органлари бу зарарни тўлаб беришдан бош тортади. Чунки уларда бунинг учун манбаа йўқ. Молияга пуллар мақсадли келади: тиббиёт, маориф, иш ҳақлари, пенсиялар ва ҳоказолар учун, ноҳақ жиноий жавобгарликка тортилган ходимларга товон пули тўлаш учун эса алоҳида маблағ ажратилмаган. Шунинг учун мен адвокат сифатида Олий Мажлис ва Сенатга мурожаат қилиб, бундан сўнг мазкур харажатлар учун ҳам маблағ ажратилишини сўрадим.

Тўғри, ҳозир ҳам айрим ҳолларда бўлса-да, бу пуллар тўлаб берилаяпти. Лекин адолатсизликдан азият чеккан фуқаро бир неча ой ёки йиллар давомида бу товон пулларини ололмаслиги яна аризабозликларнинг давом этиши, янги ҳуқуқбузарлик ҳолатларига олиб келади.

- Аслида бу зарар фуқарони асоссиз равишда айблаган  терговчи, прокурор ёки судьядан ундирилиши керак эмасми? Чунки адолатсизлик уларнинг айби билан бўлган-ку.

- Мантиқан тўғри. Лекин айрим фуқаролар 5-10 йилдан сўнг ҳам оқланаяпти, бу орада хатога йўл қўйган масъул шахслар нафақага чиқиб кетган бўлиши, вафот этиши мумкин. Бу ҳолда фуқарога энди сизга етказилган зарарни ундириб бўлмайди, деб рад қилиш ҳам адолатдан эмас. Қолаверса, терговчи, прокурор ёки судья давлат номидан ҳаракат қилади, суд ҳукми эса Республика номидан чиқарилади. Шундай экан, давлат барча масъулиятни ўзига олиши шарт. Албатта, молия органлари тўланган товон пулларини қайтарма даъво аризаси қилиб, айбдордан ундиришни сўраши мумкин. Аммо, бунинг учун уларда журъат бўлиши керак.

Яна бир муаммо маънавий зарар суммасини белгилаш амалиётида яққол кўзга ташланади. Хусусан, қонунларда бунга оид аниқ бир миқдор кўрсатилмагани учун маънавий зарар суммаларини судлар умумий суд амалиётидан келиб чиқиб ўзларича белгилашмоқда. Демак, бунинг ҳам аниқ механизмларини ишлаб чиқиш зарур.

Хуллас, тадбиркорлик субъектлари, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тўлиқ ва мукаммал даражада ҳимоя қилиш учун қонунчиликдаги бу каби камчиликлар бартараф этилиши, ҳаммаси аниқ ва шаффоф бўлиши лозим. Ана шундагина фуқароларнинг одил судловга, ўзининг ҳақ-ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қила олишга бўлган ишончи янада ортади. Чет эллик инвесторларнинг мамлакатимизда ҳеч иккиланмасдан фаолият бошлаши учун ҳам бу жуда муҳим. "Тошкент ҳуқуқ баҳори" форумида ана шу жиҳатлар хусусида ҳам фикрлашилди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

суҳбатлашди

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!