Меню

Қашқадарё

26.08.2017 1928

ОДИЛ СУДЛОВГА ЭРИШИШ – МУҲИМ ВАЗИФА

Йиғилишда Президентимиз томонидан ўтган давр мобайнида суд ҳокимияти нуфузини ошириш, уни ўтмишдаги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилувчи чинакам мустақил институтга айлантириш борасидаги кенг қамровли ишлар амалга оширилгани алоҳида таъкидлаб ўтилиши билан бир қаторда, суд тизимида мавжуд муаммо ва камчиликлар, айрим ҳолларда адолатсиз қарорлар қабул қилиш, суиистеъмолчиликлар, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда сансалорлик ва бефарқ муносабатда бўлиш каби нохуш ҳолатлар ҳамон давом этаётганлиги кенг кўламли ислоҳотлар самарасига салбий таъсир кўрсатаётгани қаттиқ танқид қилинганди.

Шунга мувофиқ, судьялар   фаолиятига ҳақиқий баҳо бериш мақсадида уларнинг ўз фаолияти юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ахборот бериши билан боғлиқ амалиёт йўлга қўйилди. Халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришда   оммавий ахборот воситалари имкониятларидан унумли фойдаланиш, сайёр қабуллар орқали фуқароларни қийнаётган турли муаммо ва кўнгилсизликларнинг олдини олиш, жойларда ўтказилаётган қабуллар ва сайёр судлар фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Мирмирон қишлоғидаги сервис ва тадбиркорлик коллежида жиноят ишлари бўйича Қарши туман суди раиси Фазлиддин Чориев ва туман маъмурий суди раиси Абдумалик Расуловнинг аҳоли билан учрашуви ҳам айни шу жиҳатларга қаратилди.

Унда судьялар аҳолининг ҳуқуқий маданиятини, бюджет ташкилотлари ходимларининг иқтисодий билимини ошириш зарурати, маъмурий ҳуқуқбузарлик ва     маъмурий низо тушунчалари, транспорт воситалари хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик, бундай ҳолатларнинг олдини олиш борасида жамоатчилик олдида турган вазифалар ҳақида сўз юритишди, одамларни ўйлантираётган масалалар ҳақида мулоқот қилиш билан бирга, уларнинг суд тизими билан боғлиқ саволларига жавоб қайтаришди.

Тадбирда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга қаратилган чора-тадбирлар белгилангани ва амалда рўёбга чиқарилаётгани таъкидланди. Шу асосда 2017 йил 1 июндан суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди. Жиноят, фуқаролик ишлари бўйича судлар қаторига маъмурий, иқтисодий судлар қўшилди ва иш бошлади. Бу аҳоли учун яратилган қулайлик бўлиши билан бирга, суд тизими ихтисослашувини чуқурлаштиришга ҳамда самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим амалий қадам бўлди.

Мулоқот давомида суд тизими билан боғлиқ ҳал этиш зарур бўлган масалалар назоратга олинди. Бундай учрашувлар изчил давом эттирилиши маълум қилинди.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!