Меню

Қашқадарё

07.08.2018 1673

ОДДИЙ, ОДАТИЙ ВА ОҒРИҚЛИ МУАММОЛАР

СУД ҚАРОР ЧИҚАРАДИ, ИЖРОНИ ТАЪМИНЛАШ ЭСА МУШКУЛ

Маълумки, судларда кўрилаётган ишларнинг кўпчилиги бевосита иқтисодий ёки маъмурий характердаги муаммолар билан боғлиқ бўлади. Мисол учун, бир бюджет ташкилоти ходимини ноҳақ ишдан бўшатди. Судда эса адолат қарор топди. Бу пайтда фуқаро ўзининг ноҳақ бўшатилгани учун маънавий зарар, мажбурий прогул учун иш ҳақларини айбдор томон тўлиқ қоплашини, иш стажининг тикланиши, аввалги лавозимига қайта тайинланиши ва ҳоказоларни талаб қилади. Албатта, унинг бу талаблари суд қарорида ҳам акс эттирилиб, масъул органга ижроси таъминланиши юклатилади.

Аммо бугунги кунда фуқаролик судларининг маънавий зарарларни ундириш тўғрисидаги кўплаб ҳал қилув қарорлари мажбурий ижро бюроларида ҳаракатсиз ва натижасиз қалашиб ётибди. Чунки маҳаллий молия бўлимларида бу суммаларни тўлаб бериш учун маблағ йўқ, бундай харажатлар умуман режада ҳам кўзда тутилмаган.

Худди шундай сабаб билан бюджет идораларига ишга тикланганларнинг бекор юрган вақтлари учун иш ҳақлари ҳам тўлаб берилмаяпти.

Жумладан, яқинда мен судда ҳуқуқларини ҳимоя қилган бир фуқаро оқланиб, ички ишлар тизимига, яъни ўз ишига тикланди. Энди эса унга етказилган маънавий зарар тўлаб берилиши керак. Аммо вилоят ички ишлар бошқармаси “Бизга ҳамма пуллар мақсадли келади, бундай зарарларни тўлаб бера олмаймиз” деб ижродан ошкора бош тортиб турибди. Ваҳоланки, уларнинг эътирозида ҳам жон бор.

Демакки, суд фуқарони оқлаяптими, унга етказилган маънавий зарар қопланиши борасида ҳам аниқ бир тизим йўлга қўйилиши лозим. Қолаверса, Олий Мажлис томонидан ҳар йили бюджет тасдиқланаётганида ёки тасдиқланган бюджетга ўзгартириш киритилаётганида шу нарсани ҳам, албатта, инобатга олиш, хусусан, бюджетнинг “бошқа мақсадлар учун” ёки “кўзда тутилмаган харажатлар учун” деган бўлимларига оқловдан кейинги реабилитация учун ҳам алоҳида маблағ ажратилиши керак. Шунингдек, Молия вазирлиги томонидан бюджет идоралари харажатлари сметаси тасдиқланаётган пайтда асоссиз жавобгарликка тортилган ёки ишдан бўшатилган ходимларга тўлаб берилиши керак бўлган иш ҳақлари ҳам инобатга олиниши лозим.

Бу масаланинг муҳимлиги шундаки, у айнан инсон ҳуқуқларининг кафолатланиши билан боғлиқ. Яъни оқлов ҳукмлари чиқаверса-ю, фуқарога оқловгача етказилган моддий ва маънавий зарарларнинг ўз вақтида тўлаб берилиши механизми ишламаса, ушбу ҳолат инсон ҳуқуқларининг тўлиқ тикланиши эмас, аксинча, бу борадаги жиддий камчилик сифатида баҳоланади.

ҲУҚУҚИМИЗ БУЗИЛИШИНИ НЕГА ТАСВИРГА ОЛОЛМАСЛИГИМИЗ КЕРАК?

Айни пайтда барча соҳаларда, жумладан, суд-ҳуқуқ тизимида ҳам тўла-тўкис шаффофлик таъминланишига эришиш учун ҳаракат қилинмоқда. Ҳатто, тергов жараёнларини видеотасвирга олиш амалиёти йўлга қўйилаяпти.

Бироқ, ҳали-ҳамон айрим ташкилотларга қандайдир сабаб билан келган фуқаролар ичкарига киргунига қадар телефон ёки бошқа тасвирга олиш воситаларини қолдириб киришга мажбур. Тўғри, давлат аҳамиятига молик, қўриқланадиган ёки хавфсизлик жиҳатидан муҳим объектларда бу ҳолат расман тақиқланиши керак. Бироқ, айни вақтда юқори ташкилотларнинг, айниқса, уларнинг раҳбар ходимларининг қабулига оддий фуқаро фото,  видео ёки овоз ёзиш воситаларини олиб кириши амалда муаммо. Шундай бўлгач, у “айтганди”, “деганди” қабилидаги гапларни олиб юриши мумкин, лекин қўлида буни исботлайдиган факт бўлмайди.

Демакки, ҳар қандай фуқаро қандайдир мансабдор шахс, ҳокимият вакили ёки давлат хизматчиси билан мулоқот пайтида ўзининг эркинлиги ва ҳуқуқлари бузилаётганини гумон қилса, уларнинг ўзига нисбатан хатти-ҳаракатини, огоҳ қилган ҳолда (аммо унинг розилиги талаб қилинмайди), ҳар қандай ускунада видеотасвирга олишга ёки овозини ёзиб олишга ҳақли экани, бунинг механизмлари аниқ белгилаб қўйилиши лозим.

ҚАБУЛ КУНИ БЕЛГИЛАНГАН, ЛЕКИН...

Маъмурий судлар амалиётида мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатини ғайриқонуний деб топиш ва бажариш мажбуриятини юклаш бўйича ишлар пайдо бўлгани бугунги ислоҳотлардан кўзланган мақсадларга жуда мос    тушади. Зеро, бу нарса мансабдор шахсларнинг ўз ваколатларини суиистеъмол қилмасликлари ва зиммаларидаги вазифаларини бажаришдан қочмасликлари учун ҳам муҳим.

Шу маънода мен мансабдор шахснинг фуқарони сабабсиз тарзда қабул қилмаслиги ва унинг мурожаати бўйича тўлиқ асосланган ҳамда қонуний тарзда расман жавоб бермаслиги ҳолатларини ҳам жавобгарликка тортиладиган ҳаракатлар қаторига киритишни лозим, деб ҳисоблайман.

Мисол учун, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни 9-моддасига асосан жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш белгиланган кун ва соатларда, қабул қилиш жадвалига мувофиқ ўтказилади.

Шунга кўра, давлат идоралари ва ташкилотларнинг масъул ходимлари ҳафтанинг маълум кунларини фуқароларни қабул қилиш куни, деб белгилаб, бу ҳақда ташкилотнинг маъмурий биносидаги лавҳада ахборот ҳам бериб қўйибди. Бироқ, белгиланган қабул кунида ўша масъул ходим ўз хонасида бўлмаса-чи?

Чунки, амалиётдан маълумки, мансабдор шахснинг қабул кунлари белгиланиб, ёзиб ҳам қўйилган бўлса-да, қачон борсангиз “туманга кетган”, “мажлисда” каби кўплаб сабаблар кўрсатилаверади. Натижада фуқаро баъзан кун бўйи кутиб ўтириб ҳам қабулга кира олмай қайтиб кетади. Ҳатто юзлаб чақирим йўл босиб, узоқ манзилдан келган фуқаролар бир раҳбар қабулига кириш учун ҳафталаб вақт сарфлашга мажбур бўладиган ҳолатлар учрайди.

Шунингдек, фуқаролар мурожаатларига бериладиган жавоблар ҳам кўпинча бир неча қатордан иборат умумий сўзлардан ташкил топади ва жавоб олиш ўрнига ўқиган одамда кўпроқ саволлар пайдо бўлади. Чунки асосий масала қолиб кетиб, иккинчи даражали нарсаларга жавоб берилади. Албатта, бу аксарият ҳолда атайдан, “жавоб берилдими, берилди” қабилида қилинади. 

Шунинг учун тегишли қонун ҳужжатларида “Агар мурожаатда кўрсатилган масалаларга асосли жавоб берилмаса ёки тўғри мазмунан ҳуқуқий баҳо берилмаса, бундай жавоб тўлиқ ва қонуний деб топилмайди” деган мазмундаги таъриф акс этиши ҳамда бундай ҳолларда мурожаат қилувчи томонидан мансабдор шахснинг ҳаракатини ғайриқонуний деб топиш тўғрисида маъмурий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланиши лозим.

Бундан ташқари, масъул раҳбарларнинг белгиланган қабул кунларида ўз қабул хонасида бўлиши, бу ишга масъулиятсизлик билан ёндашганларга эса қандай чора кўрилиши қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилиши керак.

Бу кимнидир танқид қилиш ёки тирноқ остидан кир қидириш қабилидаги гаплар эмас, балки оддий одамлар энг кўп дуч келаётган муаммолар. Шундай экан, ушбу камчиликларни ҳам тартибга соладиган аниқ механизмлар яратилиши даркор. Токи, бугунги глобаллашув даврида, барча жараёнлар тезлашиб бораётган бир пайтда қонунларимиз ҳам ҳаётдан орқада қолмаслиги, аксинча бир қадам олдинда юриши, энг асосийси, тўла-тўкис инсон манфаатлари учун хизмат қилиши шарт.

Сафар КАТТАБОЕВ,

Қарши шаҳридаги “Protsessual kafolat” адвокатлик бюроси раҳбари

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!