Меню

Қашқадарё

19.04.2016 2142

ОДДИЙ ҲАҚИҚАТ, СОДДА ҚАРАШ, КИЧИК ҚОИДА

Аслида-чи? Аслида одамзоднинг зиёли қатлами - онги уйғоқ, тафаккури кенг вакиллари қадимданоқ бир ҳақиқатни яхши англашган. Яъни ҳеч нарса йўқдан бор бўлмаслиги, аммо бордан йўққа айланиши мумкинлигини, ҳар бир неъматни қадрлаш лозимлигини яхши билишган, бошқаларни ҳам шунга чақиришган. Кўпгина халқларнинг мақол, ҳикматли сўзлари, фалсафасида табиат ва инсон ўртасидаги муносабат, атроф-муҳит муҳофазаси, соғлом турмуш тарзига алоҳида ўрин берилган. Қолаверса, турли миллатларга мансуб даҳоларнинг фикр-хулосалари бу мавзуларни четлаб ўтмаган.

Халқимизнинг бой оғзаки ижодида ҳам табиат, атроф-муҳит муҳофазаси ҳақида айтилган мақол, ҳикматли сўзлар кенг ўрин эгаллаган. "Бирни кессанг, ўнни эк", "Бир йил тут эккан юз йил гавҳар теради", "Умрингдан бир кун қолса ҳам кўчат эк" сингари мақоллар кишини дарахт ўтқазиб, боғ яратишга ундайди. Қизиғи, худди шу маъно хитойларнинг "Йигирма йил аввалги вақт кўчат экиш учун энг мақбул пайт эди. Навбатдаги энг мақбул пайт эса - бугун", дейилган мақолида ҳам акс этган.

Булардан кўринадики, экологик тарбия кеча ё ўтган куни пайдо бўлмаган, балки ҳар бир халқ маънавиятининг ажралмас қисми сифатида қадимдан мавжуддир. Бу фикрлар асосида сизу биз ўзимиз учун зарур бўлган энг оддий ҳақиқатларни, содда, лекин муҳим қарашларни шакллантириб, арзимасдай туюлган нарса тагида катта маъно борлигини, кичкина хато улкан йўқотишларга олиб боришини англаб олишимиз мумкин. Юқорида келтирилган мақоллар замирида тоза ҳаво манбаи бўлган дарахтларни кўпайтириш, ҳам кўрк, ҳам фаровонликни таъминловчи боғлар барпо этишга даъват ётадики, уларни ўзининг шиорига айлантирган инсон меҳнати орқали атроф-муҳитни гўзаллаштирибгина қолмайди, балки ўз ҳаётининг ҳам обод, тўкин бўлишига эришади.

  Бундан ташқари, ҳар бир миллатда бўлгани каби бизнинг халқимизда ҳам азалдан ўзига хос одатлар, қарашлар борки, улар одамлар кундалик турмушининг ўзгармас қоидасига айланиб кетган. Қадимда кишилар шундоққина ҳовлиси ёки гузаридан оқиб ўтган ариқ сувини ичишган. Бадиий асарларда тандирдан янгигина узилган кулчасини ариқдаги сувда оқизоқ қилиб, совитиб-ивитиб еган ёш бола тасвири бот-бот учрайди. Ё бўлмаса, йўловчилар  йўлида учраган ариқдаги сувдан ичиб, юз-қўлини чайиб, кетаверишган. Чунки қадимда ўзбекларда сувга муносабат ўзгача бўлган. Ариқдаги сув жамоа мулки ҳисобланган, ҳар бир ҳовлидан оқиб ўтган сувнинг тозалигига барча баробар жавобгар бўлган. Сувга ахлат ташлаш, унга тупуриш катта гуноҳ саналган.

Албатта, азалдан экологияга доир қоида ва одатлар аждодлардан авлодларга ўтиб, отадан болага сингдириб борилган ва табиат ҳамда инсон ўртасидаги муқаддас риштани мустаҳкамлаган. Нафақат сувга, балки бошқа неъматларга ҳам айрича ҳурмат, эҳтиёткорлик билан ёндашилган. Айниқса, эскилар ерни ҳам, сувни ҳам, уларнинг ҳиссасидан  бунёд топган жами неъматларни ҳам муқаддас билишган. Ҳозир ҳам кексалар увол, исроф деган тушунчаларга ўзгача қарашади. Уларнинг наздида, бежой ташланган пўчоқ увол, оёқ остида тўдаланиб турган супуринди бефайзлик белгиси, ортиб қолганидан тўкилган емаклар эса исроф. Ва бу қоидаларнинг тагзаминида содда, аммо маъноси кенг фалсафа ётади: асрамасанг, асралмайсан, қадрламасанг, қадр топмайсан, хор қилдингми, зор бўласан. "Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ", "Тежоғлиқнинг иши бежоғлиқ" каби мақолларда ҳар бир нарсани авайлаш кераклиги, тежаб ишлатганнинг эртасидан кўнгли тўқ бўлиши ҳақидаги ҳаётий хулосалар акс этади.

Тарихда яшаб ўтган буюк шахслар ҳаётини ўрганганимизда ҳам экология, табиат билан боғлиқ кўплаб хайрли амаллар, эзгу одатлар уларнинг фаолиятига сингиб кетганини кўрамиз. Соҳибқирон Амир Темур ўз ўгитларида бир воқеани келтиради:

"Шом сари юриш олдидан Қорабоғда чодир тикиб узоқ туриб қолдик. Ҳарбу зарб машқларини пухталамоқ учун қўшин ичинда бўлиб, очиқ ҳавода тунадик. Кўп вақт ўтказиб, сафар олдидан чодирга қайтсак, ажиб манзаранинг гувоҳи бўлдик. Бизнинг йўғимизда чодир туйнугидан икки кабутар тушиб, жуфту ҳалоллик қилмишлар. Улар бизнинг хос ўриндиққа хас-хашак-ла ин қуриб, бири тухум босиб ётур эди. Тангри таолонинг бу беозор жониворларига халал етказмаслик учун чодирни ўзга қилдик. Эртаси куни, сафарга жўнар аввалида, тўрт нафар навкарни мулозим бирла қолдирдик. Уларга тайин этдикким:

- Тангри таолонинг беозор қушлари тухум очиб, полапонлари учурма бўлғунча, шу ёнда бўлурсиз. Полапонлар учиб чиққач, чодирни йиғиб, ортимиздан етиб борғайсиз...

Шом сафарига отландик. Жониворлар борасида тузган тадбиримиз Тангри таолога хуш ёқиб, зафар туғини ҳилпиратди..."

Бу ҳикоядан кўринадики, Соҳибқирондай шавкатли зот кўнглида жониворларга нисбатан "силаи раҳм" деб аталадиган, инсонга хос энг олиймақом фазилатлардан бири саналган шафқат, марҳамат устун бўлган. Унинг яна бир ўгити боғ яратиш билан боғлиқ:

"Ҳамишалиғ таъкид этур эдим: хон бўлсанг-да боғ ярат, гадой бўлсанг-да боғ ярат - бир кунмас бир кун мевасини татирсан".

Бу сингари улуғ ишлар, эзгу амалларни халқимизнинг бошқа кўплаб асл фарзандлари - Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мирзо Улуғбек, Амир Умархон кабиларнинг фаолиятида ҳам кўриш мумкин. Ва бу кўҳна, эскирмас ақидалар бугунги кун кишиси учун дастуриламал бўла олади. Фақат бугуннинг кишиси энг оддий экологик билимлар - табиийликка зиён-заҳмат етказмаслик, жонивору қушлар ўзининг бир бўлаги, табиат занжирининг узилмас халқаси эканини, тупроқ - ҳаёт манбаилигини унутмаса, ота-боболарнинг содда фалсафасига эргашиб, сувни ифлослантирмаслик, дуч келган жойга ахлат ташлаб, табиат бойликларини исроф қилмаслик каби кичик қоидаларга амал қилса, кифоя. Зеро, аслида шулар биз билан табиат ўртасидаги муносабат мувозанатини сақлаб туради...

Хуршида АБДУЛЛАЕВА.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!