Меню
Қашқадарё
ОДАМЛАРИ ТАНТИ ЭЛ
- Қашқадайро, дайроларнинг сараси
Уни кўрганларнинг келар ҳаваси...
Шомурод бахши сел бўлиб, дўмбирасини моҳирлик билан чертиб терма айтади. Гўзал табиат қўйнида - дарё бўйида кечаётган тасвирга олиш ишлари ижодий гуруҳимизнинг ҳамма аъзосига – тасвирчидан тортиб ҳайдовчигача ўзгача завқ беради. Терма оҳанглари сеҳрлайди бизни. Аввал лол, сўнгра ром бўламиз, ҳеч қандай нота белгиси бўлмаган дўмбирасини иштиёқ ҳамда мароқ билан чертаётган Ўзбекистон халқ бахшиси Шомурод Тоғаевнинг тарихдан ҳикоя қилувчи қўшиқлари кўнгил уйига англаб бўлмас ёруғлик, синоат олиб киради. Ҳу ана, терма оҳангларига сармаст бўлгандай хаёлий, сирли кўринаётган баланд тоғлар, улар бошидаги оппоқ қорлар, кенг адирлар қўйнидаги гуллар, пастлаб учаётган қушлар – бари-бари шу сеҳрли наволарга қулоқ солиб, сукутга толгандай. Бизнинг кўз ўнгимизда Қашқадарё – бахши айтганича “Қашқадайро”нинг бетакрор ва мафтункор табиати, мард, танти одамларининг турмуш ҳаёти бутун бўй-басти билан гавдаланади. Бахши бўлса, ёниб-ёниб куйлайверади, ўз ҳаёти мисолида элининг дардини сўйлайверади...
Бийигул, равзангул,
Пўпаклари қирқдан гул,
Ҳай ҳаё, борим-о,
Отажон... келағанг...
Терма оҳангларини тинглаётиб, олисдаги совуқ ўлкаларга бадарға-сургун қилинган падарини соғинган гўдак ноласи, оғир кечмишларга эрта рўбарў бўлган ёшгина юракнинг аччиқ қисмати кўз олдингиздан бир-бир ўтаверади...
- Эй қизим, ўтирсам ҳам, турсам ҳам шу элимизни, юртбошимизни дуо қиламан. Шундай кунларга етказди. Отам орзу қилган кунларни мен кўрдим. Шукур дейман... Ўзбекистонма, Ўзбекистон бошқаларданам бошқача...
Қашқадарёчасига хос ва мос жўмардлик билан айтилган бу каби ташбеҳни фақатгина Шомурод бахши айта олади: бошқаларданам бошқача...
Ана, бахши сел бўлиб,
янги терма бошлайди:
Шу элнинг ўғлонлари
ўзига бек бўлсинлар,
Келинлари ойдайин,
бойбичча бўп юрсинлар.
Байрамлар қиб толмасин,
истиқлол унга тумор
Ўғил уйлаб, қиз тўйлаб
ниятлари бўлсин ёр.
Ҳай, ҳай...
***
Қашқадарёликлар шоир Вали Яратовни яхши билишади. Унинг шеърлари билан айтилгувчи қўшиқлар бугун тўй, байрам, базмларга файз бағишлайди. Кутилмаганда келган оғир хасталик туфайли тўшакка михланган бўлса-да, бу инсоннинг иродаси, матонати олдида таъзим қилса арзийди. Балки шу сабабдир, Мустақиллигимизнинг 23 йиллиги тантаналари муносабати билан шоир Валижон Яратовга “Жасорат” медали тақдим этилганди.
Шоирнинг ижодхонасидамиз. Ҳар бир бурчакдан шеър сеҳри уфуриб тургандек гўё. Валижон ака шеърни ёд айтиб туради, рафиқаси эса уни қоғозга туширади. Кўрсатув тайёрлаш баҳонасида уларнинг бир кунлик турмуш тарзига ошно бўлдик.
- Мен ногирон эмасман. Кўзим кўрмаса-да, қалбим кўзи равшан, оёғим юрмаса-да, юрагим чопағон. Қўлларим ёза олмаса-да, шуурим тиниқ... Ҳа, мен сираям ожиз эмасман. Вақтида ота-онасини йўқламаганлар ожиз, шундай ёруғ кунларга шукрона қилмаганлар асл ногирон, ватанини сотиб ўзга юртда хору зор бўлиб юрганлар, фарзандига тарбия бера олмай боши эгилганлар мажруҳ... – дейди шоир ёниб, ўктам овоз билан.
Ҳаёт қадри, яшаш завқи, умр мазмуни, шукроналик. Бу суҳбат давомида шулар ҳақида ўйладим. Ижодкор Вали Яратовнинг ижоди, фазилатлари, матонати кишига ана шундай туйғуларни юқтиради. Баъзан ўткинчи ҳою ҳавас, арзимас инжиқликлар боис қилинган ношукурлик ёдга тушиб, юз қизаради беихтиёр.
Шоир тўлиб-тошиб шеър ўқийди. Ватан, муҳаббат, шукроналик, садоқат ва вафо туйғулари лиммо-лим бу шеърларни эшитган сари эшитгинг келади, сира тугамаса, дейсан.
- Тонг чоғида қушча хуш наво
Сайрашида ватанни кўрдим.
Боғбон отам белига белбоғ
Бойлашида Ватанни кўрдим.
Ҳовлига сув сепди келинлар:
“Дарвозамиз очиқ, келинглар!”
Мен онамнинг меҳр-ла кўк чой
Дамлашида Ватанни кўрдим...
Мен Ватан жамолини кўра олмасам ҳам, унда бўлаётган янгиланишлар, ўзгаришларни қалбим билан кўриб, ҳис қилмоқдаман, - дейди шоир. - Бу эса менга тинчлик бермайди, ёзмаганимга қўймайди. Ҳозир тўгарак ташкил этганман, ёшларга озми-кўпми шеърият сирларидан сабоқ бериб келмоқдаман.
Ортга қайтаётиб, ўз-ўзимга таъкидлаб қўяман: “Орамизда шундай матонат соҳиблари бор экан, вафо-садоқатнинг тараннуми авж пардаларда куйланади...”
***
Деҳқонобод тумани Қизилча қишлоғидамиз. Ҳудуднинг табиати ўзгача. Тоғлар орасида жойлашган қишлоқда экин экилган майдон кам. Тоғли маскан эмасми, одамлари асосан чорвачилик, ҳунармандчилик билан шуғулланади. Қайси хонадонга кирманг, сизни албатта экологик тоза, табиий егуликлар билан қарши олишади. Айниқса, тоғнинг сут-қатиғи бошқача бўлади.
- Қани, меҳмонжонлар, дастурхонга қаранглар! Марҳамат, олинглар!
- Эй, сутми бу? Кечирасиз, мен сутни унча хушламайман-да, – дейди тасвирчимиз.
- Меҳмон, бу сут эмас, қўй сутидан тайёрланган қатиқ. Мана, қаранг, косани тескари қиламан, қани агар тўкилса. Сиз шаҳарликларнинг рангингизни қуёшда тоблаб, мана шундай табиий егуликлар билан сийлаш керак-да! Кейин сут билан қатиқни ажратадиган бўласизлар, – дейди ҳазилнамо оҳангда хонадон эгаси Мусурмон Эшқобилов.
Қир-адирларга чиқдик. Кенгликлар инсон кўнглига кенглик олиб киради. Шаҳарнинг диққинафас ҳавосидан толиққан дилни тоғ бағрига озод қўйворгинг келади.
- Хушвақт бобо, бу дейман, қараяпмиз, кўраяпмиз, қишлоқдаги бирорта ҳовлининг девори йўқ. Эшикларда қулф-калитни ҳам кўрмадик...
- Бизда авваларданам ҳовли девор бўлмаған. Биргина чизиқма ёки кўз қирима белги қўйиб кетаверамиз. Бозорларда сотиладиған қулпи-калитни ўзи жўқ. У ёғини сўрасангиз, қишлоғимизда бегонанинг ўзи жўқ-да, қизим. Агар бирон бир киши тўйға айтилмай қолса борма, нима мен элдан чиқдимма деб қилади тўполонди. Шуйтиб, қизим, мони жашаб журиппиз-да!
- Қишлоқдан бошқа жойларгаям борганмисиз, момо? – сўрайман Жонгул момодан.
- Ҳийя, бурнови йил улим мени Қоршига оппорган. Жонғи уйига кўчганда ўзимизди қотти гиламдан об борувдиқ. Бее, шаҳарди уйлари тор-да бизлар учун. Зўрға икки кун чидадик. Ўзимиздинг Қизилчамиздан қўймасин, қизим.
Ҳа, юртга муҳаббатини бежамай, сайқалламай, бор бўйича айтаётган бу инсонлардан фақатгина ўргандик. Топдик. Тоғли ҳудуднинг шарт-шароитларига, борига чидаб яшаётган, меҳнатидан завқ олаётган, муҳими, қадр топаётган ҳамюртларимиздан шукур қилишни юқтирасан...
***
- Қани, катта момоси, бир дуо қилинг, – дейди бир уй аёл Зулайҳо аяга юзланиб. Ая шундай “масъулиятли вазифа”ни адо этмоқ учун астойдил шайланади:
- Омин, шу кенг, катта, чиройли уйда ёшлар туп қўйиб, палак ёзсин, тўрт кўз тугал роҳатда яшасин, янги уйларда фақат тўйлар қилишсин. Узоқни кўзлаб иш олиб бораётган Юртбошимиз омон бўлсин. Дуога қўл очганларнинг барчаси фарзанд роҳатини кўришдек бахтга муяссар бўлаверсин...
Тилидан эртаю кеч дуо тушмайди бу кайвони онахонларнинг. Яхшиларнинг яхши кунига ҳавас қилиш даркор экан. Юқади, дейди улар маъноли қараб. Кўпни кўриб, ўрганиб, одамлардан олиб-олиб, сўнг шундайин тили бийрон бўлармиш-да одам. Онахонлар сўз теришнинг кифтини келтиради. Суҳбатлар суҳбатларга уланади...
- Айланай бу давлатдан, ҳукуматдан. Мана, тайёр уй, тўловини қилу кириб яшайвер. Қаранг, катта-катта, кенг уйлар...- Ҳаловат момонинг гапини Назокат момо илиб кетади:
- Шароитини айтинг, қўл юваман, овқат қиламан, деб кўчага чиқмайсан. Ҳаммаси уйнинг ичида. Бу барчаси аёлни асраш-да. Иссиқ-совуқ бўлмайди. Бари касаллик боши иссиқ-совуқликнинг фарқига бормагандан келиб чиқади-да ўзи!
- Сиз билан мен бир умр уй қуриш ташвиши билан ўтибмиз. Ҳали ҳовлининг ками тугамаган. Уста чақир, унга ош-овқат тайёрла, қурилиш материалини топиб бер... бу каби уйларнинг қурилиши, эҳ-ҳе, қанча югур-югурларни камайтирди. Яна ўн беш йил давомида пулини тўлайверасан, яшайверасан. Ана одил ҳукумат...
Касби туманининг Амир Темур кўчасида икки қаватли 6 та намунавий лойиҳа асосидаги уй-жойлар қад ростлади. Хонадон эгалари ҳовли тўйлар қилишди. Янги уйларда тантанаю базм қилишнинг гашти бўлак. Момолар тили билан айтганда, ҳар бурчакдан янги, оҳорликнинг ҳиди келиб туради. Ана, ҳовли тўйида Қаҳрамон ҳофиз ёниб куйламоқда:
Кўчаларда юриб, юртимнинг жамоли нурафшон бўлганин кўрдимей,
Юртим деб ёнган юртдошим кўкраги бир осмон бўлганин кўрдимей...
Зиёда АМИНОВА,
вилоят ТРК телевидение гуруҳи бош муҳаррири