Меню
Қашқадарё
ОДАМЛАР БУЮК БЎЛИБ ТУҒИЛМАЙДИЛАР – БУЮК БЎЛИБ ВОЯГА ЕТАДИЛАР
Дон Корлеоне ютуқларининг сири шунда эдики, у ҳар қандай арзимас нарсадан ўзига фойдали тегишли хулоса чиқара оларди.
* * *
Сиз суд ҳукми ҳақида куйиниб гапиряпсиз, у судья эса исловотхоналардаги аёллар сингари сотқин бир нарса. Ким кўпроқ узатса, ўшанинг ишини тўғрилайди. Шунча йилдан бери пул керак бўлса, судхўрлик қилиб терингизни шилиб олаётган банкка бордингиз, олган қарзингизни қайтариш имкониятига эга эканлигингизни суриштириб билгунларига қадар, овқат еяётган идишингизга бурунларини суққунларига қадар, эшигингиздаги қулф тешигидан мўралашиб, сизнинг кимлигингизни билгунларига қадар садақа сўраган гадойдай қўл чўзиб жим тураверасиз.
* * *
Агар эркак киши фарзандларининг чинакам отаси бўлмас экан, у эркак эмас.
* * *
Фақат шахсий орзу-истакларингни деб шахсий турмушингни йўлга солишга ҳақ-ҳуқуқинг йўқлиги қаерда ёзилган?
* * *
Қутб тадқиқотчиларида шундай бир қоида бор – қутб томон кетишаётганда йўлнинг маълум бир қисмини босиб ўтишгач, ҳар эҳтимолга қарши бирор кори ҳол юз берса керак бўлиб қолади, деб махсус жойларда озиқ-овқат қолдириб кетишади. Отамнинг одамларга қиладиган яхшиликлари ҳам шунга ўхшаган гап. Шундай кун келадики, отам яхшилик қилган ҳар бир одам марҳамат қилиб, жавоб қайтаришга мажбур бўлади.
* * *
Дўстлик ҳамма нарсадан улуғдир. Дўстлик истеъдоддан юқори туради. Дўстлик ҳар қандай ҳукуматдан кучлидир. Дўстлик оиладан сал пастроқда туради, холос.
* * *
Қўлида портфели бор бир қонуншунос, қўлида автомати бор юз нодонга нисбатан кўпроқ нарсани ўмариб кетади.
* * *
Ҳеч қачон қўрқитма, дағдаға қилма, аксинча, мухолиф томонни соғлом фикр юритишга мажбур қил.
* * *
“Менинг билишимча ўзини катта одам қилиб кўрсатадиган кичик одамлар билан тез-тез учрашиб туришингизга тўғри келади шекилли”.
* * *
Меҳмоннинг ким бўлишидан қатъи назар, бойми ёки камбағалми, дунёнинг устунларидан бирими ёки оддийларнинг оддийсими, дон Корлеоне ҳар бир кишини мамнуният билан қучоқ очиб кутиб олар, ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмасди.
* * *
Италияликларда шунақа ҳазил бир гап бор. Ҳаёт шунчалик шафқатсизки, яна бир отасиз яшаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам уларда Чўқинтирган оталар бўлади.
* * *
Қанчалик бой-бадавлат, Қўшма Штатлар президенти олдига бемалол кира оладиган одам бўлмасин, ФБР директори билан ошна бўлмасин, касби-кори Италиядан зайтун мойи келтириб сотишдан иборат бўлган, ҳеч ким танимайдиган бир кимса уни ўлдиртириб юбориши мумкин. Бу ақл бовар қилмайдиган нарса. Одамларнинг бундай йўл тутишга ҳаққи йўқ. Агар одамлар шундай йўл тутишадиган бўлса, демак, бу дунёда нимадир издан чиққан.
* * *
Начора, сал ён берсанг, улар беш панжасини тенг оғзига солишади, бошингга чиқиб олишади. Яхшиси, вақтида таъзирини бериб қўйиш керак, Гитлернинг ҳам Мюнхенда таъзирини бериб қўйишганда зап иш бўларди. Бунинг ўрнига оппа-осонгина қўйиб юборишиб, бошларига ташвиш орттириб олишди.
* * *
Ақл-идрок, орасталик, назокат ҳақида қанча гапирманг, ҳар нарсадан устун турадиган навқирон гўзаллик билан ҳеч нарса рақобатлаша олмас эди.
* * *
Маълумки, одамлар буюк бўлиб туғилмайдилар – буюк бўлиб вояга етадилар.
* * *
Дон дўқ уриш, дағдаға қилишни ўз сирини фош қилиб қўйишнинг энг ахмоқона усули, тийиб бўлмайдиган кўр-кўрона баджаҳлликни эса энг хавфли тентаклик деб ҳисобларди.
* * *
Душманинг камчилигингни ошириб кўрсатгани, дўстинг фазилатларингга етарли баҳо бера олмаганлиги сен учун вазиятларнинг энг қулайидир.
* * *
Бирор одамни раҳбарлик лавозимига кўтармоқчи бўлганда уни қайта-қайта синаб кўриш керак.
* * *
Ҳар бир одамнинг қобилияти, лаёқатига қараб, унинг жамиятдаги ўрни белгиланади.
* * *
Бу ерга бир-бирига муҳрланган ва имзоланган кафолатномалар топширадиган юристлар тўплангани йўқ. Биз – ор-номусли одамлармиз...
* * *
Улар ўзига ўхшаганлар ўртасида инсоний қиёфасини йўқотган, уюшган жамият ҳокимлигини тан олмайдиган – бошқа бировларнинг ҳукмронлик қилишини рад этадиган ғалати одамлар эдилар. Ер юзида уларни ўз истакларига қарши боришга кўндира оладиган куч ҳам, инсон ҳам йўқ эди. Бу одамлар ҳийла-найранг, қотиллик билан ўз эркинлигини ҳимоя қилишган эди. Уларнинг иродасини фақат ўлим ёки ўта соғлом тафаккургина шубҳага солиши мумкин эди.
* * *
Агар одамлар ақл-идрок овозига қулоқ солмасдан, фақат бир-бирларидан қасос олиш билан шуғулланишса, ер юзида қандай воқеалар рўй бериши мумкин? Ахир эркаклар жон-жаҳди билан қонли қасос олишга киришиб кетиб, оиласига нон топиб беришга вақт тополмаётган Сицилиянинг офати ҳам шунда эмасми? Ахир бу учига чиққан телбалик-ку.
* * *
Оналар полициячига ўхшайди. Доим ёмон нарсага ишонишади.
* * *
Яхши кўрадиган одамларингга “йўқ” демаслик керак, ҳар ҳолда тез-тез бундай демаслик керак. Агар мабодо “йўқ” дейишга тўғри келса, шундай айтиш керакки, сенинг бу сўзингни “майли” дегандай эшитсин. Ё бўлмаса одамларнинг ўзлари “йўқ” дейишларига эриш.
* * *
Овозининг ноёблиги эса унинг хизмати эмас, балки табиатнинг унга берган инъоми эди. У ҳақиқий артист эди – лекин буни ўзи сезмасди. Бундан ташқари қўшиқлари унинг учун қанчалик қадрли эканлигини ҳам тушунмасди. Ичкилик ичди, тамаки чекди, аёллар билан кўнгилхушлик қилди ва айнан баъзи бир нарсаларни тушуна бошлаган пайтида овозини ишдан чиқарди.
* * *
Кўп одамлар ёшликда тақдир пешонасига ёзиб қўйган йўлни топиб олгунча адашиб, довдираб юришади, бироқ одатда вақт ва тасодиф уларни тўғри йўлга солиб қўяди.
* * *
Отишмалар, пичоқбозликлар даври ўтди. Корчалон одамлар эканмиз, ақл-заковат билан, зийраклик билан иш тутадиган пайтимиз келди. Бунинг ўзимизга ҳам, болаларимиз ва невараларимизга ҳам кўпроқ фойдаси тегади.
Бекзод ЎКТАМ тайёрлади.