Меню
Қашқадарё
ОДАМЛАР АВВАЛГИДАЙ ЭМАС. УЛАРНИНГ КЎКСИДАГИ ҚУДУҚ ҚУРИЙ БОШЛАГАНДАЙ...
Сараланган сатрлар
Инсоннинг кимлиги қийин вазиятларда билинади. Ўз равиш-маромида кечаётган, тинч-осойишта чоғда қуллуғу таъзимларни бажо келтиришдан осони борми - сохта хушмуомалалик ҳамманинг ҳам қўлидан келади. Юк оғир келганда, синовли дамларда одамнинг асл қиёфаси бўй кўрсатади.
Қуйида ўзбек адабиётига оид икки қисса: Эркин Аъзам қаламига мансуб "Шоирнинг тўйи" ҳамда Ғафур Шермуҳаммаднинг "Қудуқ" асарларидан эътиборга молик лавҳаларни сараладик.
"Шоирнинг тўйи"да ён-атрофидагилар томонидан қатағонга дучор қилинган ва давр эврилиб номи оқланган Оташқалб шоирнинг ўша сафдошлари бирданига ўзга тўн кийиб - гўё ҳалол ва покиза инсонларга айланиши воқеаси ўзига хос киноя орқали тасвирланади.
"Қудуқ"ни эса киноси орқали яхши биласиз. Тўғрисини айтиш керак: кино ҳар қанча зўр бўлмасин, китобга етмайди. Ундаги кечинмалар, ҳиссиётни минг уринган билан фильмга кўчириб бўлмайди. Асар қаҳрамони Элмурод - элнинг муродини ҳосил қилиб, ўнлаб газ ер қазиб, одамларга сув чиқариб берадиган, кўнгилчанлиги ортидан Лаллай лақабини олган қаҳрамон. Ҳатто одамларнинг кўнглидан ўтолмай шаҳарда касалманд ётган ўғлидан хабар ололмай жудолик аламини тортишга мажбур бўлади. Мухтасар ва маҳзун бу қисса кишини теран фикрларга эш этади.
Бу қиссалар адабиётимизнинг яшайдиган асарлари сирасига киради. Сараланган жумлаларга кўз югуртириб кўринг-а...
"ШОИРНИНГ ТЎЙИ"
Тарих, кечаги кун - бамисоли серишва жонон, ҳар ким уни таъбига мослаб олаверади; давр шамолига қараб ўзгаравергани сайин чин ҳақиқатни аниқлаш мушкуллашиб боради.
* * *
Улуғ шоир номи билан аталган бу даргоҳни табиатан шоир руҳига бегонадек бир санъат тури забт этган. Замонавий саналган бу санъатга маҳаллий халқнинг хуши йўқроқ. Бунинг учун халқни айблаб ҳам кўрилди. Аммо… Нима, итальянлар беқасам чопонли ҳофизларнинг "катта ашула"сини завқ билан берилиб тинглайдими?
* * *
Улар бу ерга энтикиб, орзиқиб келади. Қўлларида даста-даста гул, кўзлар тўла ёш, кўкрак тўла эҳтирос. Ҳа, балли, чинакам мухлис булар. Асосан ёшлар, замон замзамаларию қисмат қинғирликларини ҳали татиб кўрмаган, ўқиган китобларию муаллимлари айтган сўзларга чиппа-чин ишонадиган беғубор, таъсирчан талабалар. Анжуманга шакл ясаб, унга пешволик даъво этаётган казо-казолар шоирнинг лоақал бир сатрини ҳам билмагани ҳолда, бу зумрашалар унинг бутун-бутун китобларини ёд билади; ҳаётини, айниқса, ишқий саргузаштларини хаёлий-фожеий бўёқлар билан бойитиб, у ҳақда ўзларича афсоналар тўқиб олган; шеъриятга ҳавасмандлари бўлса, ҳаётда ҳам, ижодда ҳам унга ўхшамоқ орзусида юради… Ҳақиқий мухлис шундай бўлади-да!
* * *
Тавба, яхшилик билан ёмонликнинг чегараси борми ўзи бу дунёда?!
* * *
Авваламбор, роса таранг қилиб, шунча одамни сарғайтира-сарғайтира ташриф буюрдилар бу хоним. "Пўшт-пўшт" билан киргач эса, дам олиш хонасида узунчоқ биллурдан таманно этиб сув ҳўпларканлар, "Қани, домланинг ўзлари келдиларми?" деб қолса бўладими! Ҳамма бир-бирига қараган, ҳамма хижолат. Шўх, ҳозиржавоб маданият вазири тўқсонларни қоралаб қолган, қулоғи оғир кекса рассомни рўпара қилиб, вазиятни юмшатмоқчи бўлди. "Домлани танийман, комсомолда ишлаганимда мани чизганлар, - деди Мафкурахоним ясама хушҳоллик билан рассомга оппоқ бармоқларининг учини тутқазиб. - Ман юбилярни сўравобман…" Яна ҳамма бир-бирига қараган, яна ҳамма хижолат. "У киши етиб келолмадилар, - деди кимдир орқароқдан жасорат кўрсатиб. - Узоқдалар, ҳу-у Узо-оқ Шарқда".
* * *
Дарвоқе, айтилган гап ижобат топиб, мўъжиза рўй берсаю Оташқалб шоир бир лаҳзагина тирилиб келса, худди минбардаги булбулигўёнинг гирибонидан оларди: "Сен ҳалиям бормисан? Сен ҳалиям ўлмадингми?" Бу ҳолни кўриб ҳайъатда ўтирган уч-тўрт зот, пастдан ҳам икки-уч одам жуфтакни ростлаб қолиши муқаррар эди. Қочқинлар тўдасининг етакчиси, ҳеч шубҳасиз, Оқсоқол шоиримиз бўларди. Негаки, Оташқалбнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида моҳирона тўқилган, кейинчалик китобу дарсликлардан, демакки, кечаги ва бугунги ғофил авлод онгидан жой олган силлиқ, сипо мазмундаги ширин-шакар афсонанинг муаллифи шулар эди.
* * *
Ёшлик - ғўрлик экани, кўрлик экани умр бир жойга борганда англаб етилади.
* * *
Чизмаю лойиҳаси бировлар қўлидаги, ёлғон асосга қурилган бундай ҳаётга лаънатлар бўлсин! Энди бу иморатнинг бирор ғиштига тегиниб бўлмайди - текканингиз заҳоти бор бўйи билан тўкилиб тушади.
* * *
Барча айбни замонга юклаганда "мунофиқлик" тушунчасини ҳам луғатлардан ўчириб юбормоққа қудратлари етармикан? Шунда бу шармандали ҳолдан луғатларга ўт туташиб, ерлар ёрилмасми?!
* * *
Оқсоқол дафъатан ўкиниб кетди. Ўйлаб кўрса, номига мудом ҳар хил сифатлар тиркаб айтилган-у, ҳеч қачон оддийгина, лекин моҳиятини ифода этиб "шоир" деб аталмаган экан. Қачон қараманг - "замон куйчиси", "давр жарчиси", "зафарлар булбули", "серзавқ шоир", "раҳбар шоир", "атоқли шоир", "отахон шоир", "шоири замон", мана, бугун эса - "оқсоқол шоир". Шу тобда у ҳеч бир сифат-пифатсиз, оддийгана "шоир" аталмоқни, аниқроқ айтганда, хор-зорликда ўлиб кетган, аммо шоир деган чинакам номи қолган Оташқалбнинг ўрнида бўлмоқни шу қадар истардики!.. Майли, "халқ душмани" аталиб совуқ ўлкаларга қувилсин эди, майли, азоб-уқубатларга учраб ўша ёқда ёш ўлиб кетсин эди, майли. Ниҳоят, бир куни келиб мана бундай оқланарди, номи шон-шарафга бурканарди! Ахир, умр бўйи титраб-қақшаб, ёлғонлар қуршовида умргузаронлик қилгандан кўра…
"ҚУДУҚ"
Пастдан қараганда кенг-мўл саҳнли қудуқнинг девори қуйидан юқорига томон торайиб бориб, охирида тангадеккина туйнукка айланиб қолгандек туюлади. Ана шу туйнук ёпиб қўйилса бас, қудуқ тубини ҳаёт билан боғлаб турган ожизгина ришта ҳам узилиб, ҳаммаси зулматга, йўқликка юз тутадигандек. Умрида биринчи бор қудуққа тушган одам бундай ваҳимали ҳиссиётларни бошдан кечириши, қудуқ тубидаги аллақандай сирли, нотаниш муҳитга дош беролмай тезда юқорига қочиб чиқиши тайин. Аммо Лаллайнинг ярим умри қудуқда кечган, шу боис бунақа ҳиссиётлар унга бегона…
* * *
"Сув берган савоб бўлар, сув бермаган кабоб бўлар" дейишган.
* * *
- Бир пайтлар отам раҳматли Каттақир тарафдаги томорқамиздан қирқ қулочлик қудуқ ковлаган эди, - деди Дониёр бува ўйчан қиёфада. - Ана унинг суви бошқача эди. Ичиб тўймасди одам. Бир йилча бутун қишлоқ шу қудуқдан сув ичди. Одамлар унга "ширинқудуқ" деб ном беришди. Бир куни Сарман чўпоннинг бўй қизи қовға тортаётиб, қудуққа тушиб кетибди… Бечоранинг жасадини топишолмади. Ўша қудуқ ер ости дарёсининг устидан тушган экан. Айтишларича, ернинг тубидаги сувлар ҳам киши билмас дарё бўлиб оқиб ётармиш… Қизни оқим олиб кетган экан.
* * *
Турдиқул хандақнинг бир бурчида тупроққа қоришиб ётган бош чаноғини кўриб, дафъатан сесканиб тушди. Қўрқувдан ранги бўздай оқариб, беихтиёр бир-икки қадам ортга тисарилди.
- Тезроқ кўзимдан йўқотинглар буни! - деди у суяклардан ҳазар қилгандек бурнини жийириб. - Кўрмайин ҳам, куймайин ҳам.
- Қаёққа йўқотамиз? - деди Амирнинг энсаси қотиб.
- Бирор холироқ жойга олиб бориб, кўмиб ташланглар! Бу гап орамизда қолсин.
Санжар Амирга умидвор тикилди. Амир эса "сиз нима дейсиз?" дегандек Лаллайга юзланди.
- Ундай деманг, амаки, - деди Лаллай вазмин оҳангда. - Буям бир пайтлар сиз билан менга ўхшаган одам бўлган…
- Нима, шу чирик суякларнинг тинчини ўйлаб, бошлаган уйимни буздириб ташлайми? - деди Турдиқул Лаллайга ўқрайиб. - Ёки шу яккамозорнинг устида яшашим керакми? Бу гап элга овоза бўлиб кетса, мен нима деган одам бўламан?
- Бу одам қиёматда даъво қилса, нима деб жавоб берасиз, амаки?
* * *
- Шундай қилиб, сизни тупроқдан олиб яна тупроққа топширдик, амаки, - дея тилга кирди у қаршисидаги ихчам қабрга тикилиб. - Ҳар бандани бу дунёдаям, у дунёдаям кўпдан айирмасин… Одам ўлганидан кейин қиёматгача қабри унинг уйи бўлади дейишади. Уй бўлганидан кейин томиям бўлгани яхши-да, тириклар билиб-билмай босиб ўтмайди.
* * *
Эсимни таниганимдан бери элнинг қудуғини қазаман. Илгари қудуқларнинг суви мўл бўларди. Беш-ўн қулоч ковлашим билан ернинг тагидан чашмадай қайнаб чиқаверарди. Суви тошиб чиққудай қалқиб турган қудуқларга қараган одамнинг ваҳми келарди. Суви новвот солиб эритилгандай тотли эди, ичган одамнинг тани роҳат қиларди.
Ҳозир негадир ернинг авзойи ўзгарган. Кун сайин суви тортилиб, қудуқлардан барака кўтарилаяпти. Отам замонидан бери тупроқнинг тагида тиним билмай оқиб ётган дарёлар ҳам қуриб бораётганга ўхшайди. Қудуқдан сув чиқариш ҳам маҳол бўлиб қолди. Шўр қудуқлар кўпайган. Одамлар бунинг сабабини осмондан қидиради. Қудуғидан сув чиқмаса, булутлардан домангир бўлади.
Шу чоққача ҳам қурғоқчиликнинг кўпини кўрдим. Осмоннинг суви ўзини азиз қилиб, ҳамал чиқмай ўт-ўланлар қовжираб қолган пайтлар бўлди. Лекин ўша вақтларда ҳам қудуқлар бунчалик тортилиб кетмаган эди. Ишқилиб, ерга нимадир бўлаяпти. Эрта-бир кун қудуқлар буткул қуриб қолса нима бўлади? Одамларнинг ҳоли нима кечади? Ҳаёт деганлари остин-устун бўлиб кетмайдими? Ўйласам, ваҳмим келади…
* * *
Ўйлаб қарасам, умрим қудуқда кечган экан. Тупроқ ковлаш билан андармон бўлиб, дунёнинг ўзгарганини сезмай қолибман. Одамлар ҳам аввалгидай эмас. Уларнинг кўксидаги қудуқ қурий бошлагандай. Мен шу қудуқлардан сув чиқараман деб беҳуда уринаётганга ўхшайман… Кейинги вақтларда қудуқдан чиққим ҳам келмай қолди.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.