Меню

Қашқадарё

04.02.2020 1490

ОДАМГА ОДАМДАЙ МУОМАЛА ҚИЛИШ ПАЙТИ КЕЛМАДИМИ?

Ижтимоий тармоқларда

Чироқчида содир бўлган воқеа ҳақида кўпчилик эшитди, ўқиди. Ички ишлар ходимларининг шундоқ ҳам яхши бўлмаган имижига бу воқеа янада салбий бўёқ берди, афсуски.

Бир инсонни уриб ўлдириш даражасига келтириш учун билмадим одам ким бўлиши керак. Бундай ҳолатлар кам эмаслиги ҳақида Қашқадарёда ўтказилган брифингда ҳам айтилипти.

Ички ишлар тизимида кадрлар масаласи жиддий муаммолардан бири, менимча. Улар аввало халқ хизматида эканини унутиб қўйишаяпти. Бундай ҳолатлар бошқа вилоятларда ҳам кам эмаслигини айтиб ўтиш керак.

Бу тизимда тизимли ишлар зарур. Зўравон, инсон қадрини топтайдиган, унга босим ўтказиш, куч ишлатишдан тоймайдиган, касб этикасига риоя қилмайдиган, билимсиз, жисмоний тайёргарлиги тузук бўлмаган ходимларни жиддий имтиҳондан ўтказиш пайти келмадимикан? Одам ўлдирадиганлари ҳақида гапирмай қўя қолай.

Ахборот хизмати минг карра зўр ишламасин, касаллик ўзини ошкор қилаверади. Одамларда эса ички ишлар ходимларига нисбатан нафрат кучаяди.

Кўп эътибор қиламан, ички ишлар ходимлари жуда асабий, кўзлари қизариб юради. Иш юкламаси катта эканини биламан. Уларга ҳам осонмас.

Шундай экан, барчамиз бир кемадалигимизни тушуниб, одамга одамдай муомала қилишни, бир-биримизни эшитиш ва ҳурмат қилишни бошлаш пайти келмадими?

Адҳам АРСЛОНОВ

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!