Меню

Қашқадарё

30.07.2016 2052

ОДАМ САВДОСИ - ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ

Маълумки, одам савдоси – инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати, осойишта турмуши ҳамда келажагига таҳдид солаётган трансмиллий уюшган жиноятчилик кўринишларидан бири бўлиб, ўзининг чегара танламаслиги ҳамда гирдобига асосан ёшларни ва аёлларни тортаётгани билан катта ташвиш ва хавотир уйғотмоқда. Одам савдоси инсоннинг эркинлиги, тенглиги ва шахсий дахлсизлигига путур етказади, уни турли хўрлик ва камситишларга дучор этади. Ушбу мудҳиш жиноий фаолият ортида мажбурий меҳнат, замонавий қуллик, мажбурий донорлик, ҳарбий тўқнашувларда фойдаланиш, фоҳишабозлик билан шуғулланишга мажбурлаш каби қабиҳ, қонунга зид қилмишлар мужассамдир.

Тадбирда шулар хусусида батафсил фикр юритилиб, бу мудҳиш жиноят қурбонига айланган кишиларнинг аянчли тақдири мисоллар ёрдамида айтиб ўтилди. Мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш соҳасида тизимли қонунчилик, ташкилий-маъмурий, жабрланувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро ҳамкорлик борасида кенг кўламли ишлар йўлга қўйилгани, шунга мутаносиб равишда юртдошларимиз бундай жиноий гуруҳлар тузоғига тушиб қолмасликлари учун тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Мавзуга оид “Сароб” фильми намойиши барчани чуқур мушоҳадага, ён-атрофда кечаётган воқеа-ҳодисаларга теран назар солишга, дахлдорлик туйғуси билан яшашга чорлади.

Музаффар ТУРОПОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!