Меню
Қашқадарё
"Оч тошлар" - қурғоқчилик, ҳосилсизлик ва очарчиликдан дарак
Европада кузатилаётган қурғоқчилик туфайли қуриган дарёлар юзасидан яқинлашиб келаётган офатдан нишона берувчи "оч тошлар" кўринди, деб юзади Нидерландиянинг NU газетаси.
Айтилишича, сув сатҳи бўйича белги қолдирилиб, сана ўйиб ёзилган дарё тошлари ва қояларга "оч" деган нисбат берилган. Улар дарё саёзлашиши натижасида яқинлашиб келаётган қийин дамлар ҳақида огоҳлантириш бўлиб хизмат қилади. Агар ўзан қуриб, шундай ишоралар кўриниб қолса, демак қурғоқчилик, ҳосилсизлик ва очарчилик келади.
Тарихчиларнинг тасдиқлашича, "оч тошлар"даги илк белги XV асрда пайдо бўлган. Юзлаб йиллар давомида улар газеталарда катта офат даракчиси сифатида тез-тез тилга олинган. Мисол учун, ХХ асрда сувдан тошлардаги 1918 йил, Биринчи жаҳон уруши даври белгиси кўринган.
"Оч тошлар" Рейн дарёси ўзанининг қуриган участкаларидан яна топилди. Нидерландияда дарё оқимининг бунчалик кучсизлиги бошқа ҳеч қачон қайд этилмаган", дейилади нашр эълон қилган материалда.
Мақола муаллифининг таъкидлашича, бундай тошлар кўпинча Рейн ва Эльба дарёлари ўзанларида учрайди. Айрим ҳудудларда қирғоқ қояларидаги қайдлар, аксинча, сув сатҳи жуда юқорилиги ва тошқин ҳақида огоҳлантиради. Жорий йилда иқлимшунослар айнан сув танқислигидан бонг урмоқда.