Меню

Қашқадарё

06.12.2018 1894

ОБУНА ИХТИЁРИЙ, БИРОҚ БУ ҲЕЧ ҚАЙСИ НАШРНИ ЎҚИМАСЛИК КЕРАК, ДЕГАНИ ЭМАС

Шуниси аниқки, замонавий дунёда ахборот бу - товар. Бугунги кескин рақобат шароитида ахборотни тезкорлик билан истеъмолчига етказиш натижасида иқтисодий даромад кўриш, умуман айтганда, медиа макондан мустаҳкам жой эгаллаш учун ОАВнинг замонавий ёндашуви жуда ҳам муҳим. Акс ҳолда, бири ўрнини бошқаси эгаллаши табиий.

Шу маънода ижтимоий тармоқларнинг ҳаётимизга чуқур кириб келиши электрон ОАВ имкониятларини кенгайтиргани бор гап. Аммо на ахборот сайтлари, на ижтимоий тармоқларнинг бирортаси матбуотнинг вазифасини бажаришга қодир эмас.

Интернет ёрдамида хабар ва янгиликларни тез, осон ўқиш имконига эга бўлдик, босма  нашрларга ҳожат қолмади, дегувчилар хато ўйлайди. Чунки интернет сайтлари ўқувчининг ахборотга бўлган кунлик эҳтиёжини қондиради, холос. Тафаккурингизни ўстирмайди, мушоҳада қилишга ундамайди, саводхонликни оширмайди. Матбуотда эса ана шундай куч, имконият мавжуд. Интернет сайтлари тезкор маълумот беришга интиларкан, бунда мақола савияси, фактлар тўғри-нотўғрилиги   кейинги даражада бўлиб қолаётир ва шунинг учун аксарият сайтларда "фалон хабар тасдиқланмади", "фалон маълумот нотўғри бўлиб чиқди" каби  раддияларга тез-тез дуч келамиз. Газетада эса ҳар бир мақола устида жиддий ишлаш, фактларни бафуржа аниқлаш, таҳлил қилиш учун фурсат бор. Яъни босма нашрлар орқали сараланган материалларнинг ўрни бошқа.

Газета-журналларда ўқиладиган нарсанинг ўзи йўқ-ку, деб бирор нашрни кўрмай, кузатмай фикр билдирувчиларни эса ҳақ деб бўлмайди. Чунки босма  нашрларда сўнгги йилларда тош босадиган, таҳлилий-танқидий материаллар салмоғи ошиб бормоқда. Кўплаб иллатлар жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқилаяпти. Эътиборли жиҳати, чоп этилган мақолада кўтарилган масала вақт ўтиб, шунчаки унутилмаяпти, унинг ечими юзасидан мутасаддилардан изоҳ сўралаётир. Йиллар давомида аҳолини қийнаб келган муаммолар имкон қадар ҳал этилишига эришилаяпти. Газетада босилган  долзарб мавзудаги, таҳлилий материаллар ва мақолаларнинг ижтимоий тармоқларга жойлаштирилаётгани, бу орқали аудитория кенгаяётгани ҳам ҳақиқат. Матбуот бундан-да катта имкониятларга эга, аслида. Бироқ бугун унинг ўзи кўмакка, қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлиб турибди. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, бугунги кунда аксарият ҳудудий газеталар тиражи жуда кам. Ҳаттоки, айрим туманларда обуначилар сони мавжуд аҳолининг     1 фоизини ҳам ташкил этмайди.

"Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Қонунда муассис ва таҳририят ўртасидаги муносабат, муассиснинг ҳуқуқ ва мажбурияти ҳам белгиланган бўлиб, хусусан, 14-моддада "Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини таъминлаш" деб кўрсатилган. Бу таҳририятни маблағ билан таъминлаш ҳам деганидир. Аммо маҳаллий бюджетда газеталар учун маблағ ажратиш кўзда тутилмаган. Қонун юридик шахс сифатида ҳокимликларга газета таъсис этиш ҳуқуқини бериб, унинг чиқарилишини таъминлаш мажбуриятини юклаган бўлса-да, бунинг учун қонуний молиявий манба берилмаяпти. Бундай олганда, ҳокимлик газета таъсис этгану, уни маблағ билан таъминлаш имкониятига эга эмас. Ғалати ҳолат.

Демакки, айни ўринда муассис масъулияти юзага чиқади. Чунки қонунчиликда муассисга оммавий ахборот воситаси чиқарилишини таъминлаш вазифаси юклатилган. Ушбу вазифани бажариш учун эса маҳаллий ҳокимият ўз тасарруфидаги корхона, ташкилот ва муассасаларга обунани тақсимлайди. Сўнгра унинг ижросини талаб қилади ва шу билан "мажбурий обуна" ҳолати юзага келади.

Бугунги жамият бу "ижро усули"ни инкор этмоқда. Кўпчилик бошқарма ва ташкилотларнинг ҳар йилги мажбурий обуна қилишнинг эскича усулига ўрганиб қолганликлари, корхона, муассаса ва ташкилот раҳбарларида ташаббускорлик етишмаётгани, бу йил ҳеч ким мажбурламаганига ҳаттоки "обунадан қутулдик" деб бу масаладан четда турганларни ҳам учратмоқдамиз.

Хўш, бунинг олдини олиш учун нима қилиш керак? Обуна бўлиш ихтиёрий, бироқ саводхонликка интилиш, шу мақсадда газета ўқиш ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак! Матбуот таъсирчанлигини оширишни босқичма-босқич амалга ошириш зарур. Токи одамлар газета ўқиш завқидан бебаҳра қолмасин, шунинг баробарида уларда танлов кўникмаси шакллансин.

Обуна фақат журналистлар учун керак, деган тушунча мутлақо асоссиз.  Матбуот - ҳаёт кўзгуси. Унда жамиятда рўй бераётган жараёнлар - муваффақиятлар, янгиликлар, камчиликлар қандай бўлса, шундай акс этади.

Бу борада раҳбарлар газета ва журналларга обунани ташкил этишда ташаббускор, ўзлари ходимларига ва ҳамкасбларига намуна бўлишлари лозим. Шу билан бирга, кечаётган жараёнлардан матбуот орқали хабардор бўлиб бориш, хулоса чиқариш раҳбарга муаммоларни адолатли ҳал этиш имконини беради. Қолаверса, маънавият, маърифат ривожи учун ходимларни газета ва журнал ўқишга қизиқтириш жамоада соғлом, ишчан муҳитни яратишда қўл келади.

Бекзод МАМАТҚУЛОВ,

вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!