Меню
Қашқадарё
ОБОДЛИК НАСИМИ ЧАНДИРДА ҲАМ ЭСАДИ
Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги тегишли фармони билан юртимизда “Обод қишлоқ” дастури тасдиқланган бўлса, худди шу санадаги “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор билан дастур доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишларнинг асосий параметрлари, дастурга кирган ҳудудларнинг манзилли рўйхати тасдиқланди. Унга кўра, 2018 йилда мамлакатимиздаги ҳар бир туман (шаҳар)да иккитадан, келгуси йилларда эса учтадан қишлоқ (маҳалла)да “Обод қишлоқ” дастури доирасида кенг кўламли ишлар олиб борилади.
Жумладан, жорий йилда вилоятимизнинг 13 та туманидаги 26 та қишлоқ (маҳалла)да ободонлаштириш, қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилиши белгиланган. Дастурнинг чекка ва олис қишлоқлар аҳолиси турмуш-тарзини яхшилашдаги ижтимоий аҳамиятидан келиб чиқиб, ташаббус асосида ҳудудда қўшимча тарзда яна 2 та қишлоқда шу каби ишларни бажаришга киришилди. Яъни, Миришкор туманининг Жейнов ва Чандир қишлоқлари ҳам жорий йилнинг ўзида ички имкониятлар ишга солинган ҳолда обод қишлоққа айлантирилади.
Вилоят ҳокимининг 2018 йил 5 майдаги тегишли қарорига асосан бу борадаги чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, дастлаб Чандир қишлоғида ишлар бошлаб юборилди.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, Чандир вилоятимиздаги энг катта ва кўп миллатли қишлоқлардан бири саналади. 4 та маҳаллани ўзида бирлаштирган. Улардаги 2 минг 492 та хўжаликда 13 минг 631 нафар аҳоли яшаб келмоқда.
Аксар қишлоқларда кузатилгани каби, бу аҳоли пунктида ҳам уй-жойларнинг жойлашуви борасида аниқ бир меъёрларга амал қилинмаган. Одамлар ўзи хоҳлаган ердан уй-жой қуриб, ҳовли-девор айлантириб олаверган. Ҳудуд инфратузилмаси ва коммуникация тизимларига ҳалал қилувчи ноқонуний қурилиш объектлари, яроқсиз ҳолга келиб қолган ҳовли-деворлари кўп. Бу ўз ўрнида қишлоқ қиёфасига ҳам путур етказади.
Чандирда “Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш бўйича ташкил этилган махсус штабдан олинган маълумотга кўра, ишлар бошланганининг дастлабки 10 кунида қишлоқ ҳудудидаги 1 минг 705 та хонадон ўрганиб чиқилиб, улардаги 474 та қўшимча бино ва 18 минг 615 метр ҳовли деворлари ноқонуний эканлиги ёки тўлиқ яроқсиз ҳолатга келиб қолгани аниқланди. Ҳудуддаги инфратузилмага таъсир қиладиган 404 та бино ва 17600 метр девор бузилиб, ўрни текисланди.
Шунингдек, 973 та турар жой ва қўшимча бинолар таъмирталаб эканлиги боис, уларда таъмирлаш, ташқи фасадларни намунавий асосда бўяш ишлари амалга оширилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар учун вилоятдаги давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан 8 та махсус юклагич ва текислагич техника, кўплаб юк ташувчи автомобиллар ҳамда 250 нафардан ортиқ ишчи кучи жалб этилган.
Тегишли ишчи гуруҳлари томонидан тўпланган маълумотларга кўра, Чандир қишлоғи ҳудудида жами 48 километр умумфойдаланув ва ички хўжалик йўллари мавжуд. Жумладан, умумфойдаланув йўли хисобланган “4 К278” автомобиль йўлининг 18 километр қисми қишлоқни кесиб ўтган. Дастур доирасида ушбу йўлнинг 2 километр қисми тўлиқ қайта асфалть қилинади, қолган 16 километр қисмида эса таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Шунингдек, йўл бўйидаги 4 та бекатни таъмирлаш, йўл четида 1 километр пиёдалар йўлакчаси қуриш, 30 дона йўл белгиси ва 12 дона бошқа кўрсаткич устунлари ўрнатилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, қишлоқдаги мавжуд 30 километр узунликдаги ички хўжалик йўлларининг қарийб 25 километр қисмига қум-шағал аралашмаси тўшалади.
Қишлоқ ҳудудида 4 та мактаб мавжуд. Уларда 2 минг 484 нафар ўқувчи таълим олади. “Обод қишлоқ” дастури доирасида ишчи гуруҳ томонидан мазкур таълим муассасаларидаги камчиликлар ҳам аниқланди.
Мисол учун, ушбу мактабларнинг айрим биноларида эшик ва дераза ромлари, ички ва ташқи деворлари, ёритиш тизимлари, истиш тармоқлари таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Дастур доирасида бу камчиликлар ҳам бартараф этилади. Ҳудуддаги 1 та мактабгача таълим муассасаси эса тўлиқ таъмирланади.
- Ушбу 8-сонли давлат тасарруфидаги мактабгача таълим муассасаси 140-ўринга мўлжалланган бўлиб, унинг биноси 1981 йилда қурилган, - дейди Миришкор тумани мактабгача таълим бўлими бошлиғи Жамолиддин Бердиев. - Бино таъмирталаб ҳолатга келиб қолганди. Ҳозирги кунда муассасада қурилиш-таъмир ишлари амалга оширилмоқда. Келгусида ундаги шарт-шароитлар тубдан яхшиланади.
Айтиб ўтиш керакки, айни вақтда мазкур қишлоқ аҳли учун энг асосий саналган муаммолардан бири ичимлик суви таъминотига оид. Улар учун ичимлик суви турли техникалар ёрдамида туман марказидан ташиб келтирилади. Оралиқ масофа эса нақ 18 километр. Бир вақтлар бутун қишлоққа об-ҳаёт улашган сув йиғиш ва тарқатиш иншооти эса аллақачон носоз ҳолатга келиб қолган. Айни вақтда ушбу иншоотда ҳам кенг кўламли таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Шу билан биргаликда, қишлоқ аҳолиси учун сув ташишга мўлжалланган 2 та замонавий машина харид қилинади.
Ҳудудда амалга оширилаётган йирик лойиҳалардан яна бири замонавий тикувчилик цехининг ишга туширилишидир. У фаолият бошлаши билан қишлоқ ҳудудидаги Маданият, Истиқлол, Янги ҳаёт ва Чандир маҳаллаларида истиқомат қилаётган 200 нафар хотин-қизлар иш билан таъминланади.
- Ушбу лойиҳа “Жейнов пахта тозалаш” АЖ ташаббускорлигида амалга оширилмоқда, - дейди Чандир маҳалла фуқаролар йиғини раиси Атавулло Тўраев. – Айни пайтда бунинг учун қишлоқ ҳудудидаги бўш турган эски мактаб биносида қурилиш-таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган. Бино тўлиқ таъмирланиб, тикувчилик цехига мослаштирилгач, зарур дастгоҳлар олиб келиб ўрнатилади.
Тан олиш керак, обод қилиш, ободонлаштириш деганда буяш, оқлаш, текислашни тушуниб қолган эканмиз. Бу ободликни одамлар ҳаётида, қалбида ҳам акс эттиришни ўйламабмиз. Шундан келиб чиқиб, Президентимиз кўрсатмаси билан тайёрланган “Обод қишлоқ” дастури қамрови, мақсади, мукаммаллиги билан амалда бизни халқ манфаатлари йўлида ишлашга ўргатди десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
* * *
Суратларда: Чандир қишлоғидаги ободонлаштириш ишлари жараёнидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.