Меню
Қашқадарё
"ОБОД ВА ФАЙЗЛИ МАҲАЛЛА - ЮРТ КЎРКИ"
- жорий йил 16-18 март кунлари ушбу шиор остида мамлакатимиз бўйлаб умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади
Бу ҳақда хабар тарқатган Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг маълум қилишича, умумхалқ хайрия ҳашари Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири фармойишига асосан ташкил этилади.
Бундан кўзланган мақсад юртимизда Наврўз умумхалқ байрамини муносиб нишонлаш ҳамда муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш, маҳаллалар, аҳоли турар жойлари, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар ҳамда болалар майдончаларини ободонлаштириш, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кўкаламзорлаштириш тадбирларини давом эттириш, соғлом турмуш тарзи ҳамда санитария-гигиеник маданиятни тарғиб қилиш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашдир.
Ҳужжатда қайд этилишича, хайрия ҳашарини ўтказиш доирасида "Маҳалламга 10 туп дарахт - менинг туҳфам" шиори остида барча турар жой мавзелари ва маҳаллаларда иқлим шароитига мос ҳамда суғориш тизимини ҳисобга олган ҳолда дарахт кўчатлари экилади. Ҳудудлар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари, ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан маҳалла фуқаролар йиғинлари орқали аҳолига бепул кўчат тарқатилиб, дарахт экиш ишлари ташкил этилади. Аҳоли пунктларида қаровсиз қолган дарахтларни сақлаш ва парвариш қилиш ҳамда боғларни кўкаламзорлаштириш, ушбу ҳудудларда дарахтлар экиш, сақлаш ва парвариш қилиш ишларига аҳолининг банд бўлмаган қатлами ихтиёрийлик асосида жалб қилинади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари, айниқса, эҳтиёжманд, меҳр-мурувватга муҳтож, боқувчисиз қолган кекса ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга кўмаклашилади.
Хайрия ҳашари чоғида маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли турар жойлар ва ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар ҳамда болалар майдончалари тартибга келтирилади. Бунинг учун ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш иштирокчилари зарур техника воситалари ва анжомлар билан таъминланади. Ободонлаштириш ишларини ўтказиш жараёнида тўпланган чиқиндилар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан алоҳида белгиланган жойларга олиб чиқилиши таъминланиши шарт.
Фармойишда алоҳида кўрсатиб ўтилганидек, автомобиль йўллари, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчалар, сув объектлари, қирғоқбўйи ҳудудлар ва зоналар, қурилиш майдонлари, бино ва иншоотлар томлари, хавфли ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, инсонларнинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилиши мумкин бўлган бошқа жойларда ихтиёрий ташаббус билан тадбирлар ва бошқа ишларни амалга ошириш мумкин эмас.
Ўз мухбиримиз