Меню

Қашқадарё

20.03.2023 7854

ОБОД ВА ФАЙЗЛИ МАҲАЛЛА – ЮРТ КЎРКИ

Ҳашар

Наврўз байрами арафасида юртимизнинг барча ҳудудлари сингари вилоятимизда ҳам “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашари ташкил этилди.  

Хонадонлардан бошланиб, қишлоғу маҳалла, шаҳару туманларда ўтказилган ҳашар кўча ва хиёбонларнинг санитария ҳолатини яхшилаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда миллий қадриятларимизга хос бўлган ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни кучайтириш, ижтимоий ҳамкорлик, беғараз ёрдам ва меҳр-мурувват каби эзгу фазилатларни юксалтириш мақсадларига қаратилди. Шу куни маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уйлар, бинолар, зиёратгоҳ ва қабристонлар, ўйингоҳ ҳамда болалар майдончалари тартибга келтирилди. Турли хил мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиб, дарахтларни оқлаш ва шакл бериш баробарида ҳудудларда санитария-гигиеник дезинфекция ишлари амалга оширилди.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди тақдим этган маълумотларга кўра, шу ҳашарда 272 минг 79 нафар қашқадарёлик қатнашган бўлса, улардан 137 минг 565 нафарини ёшлар ташкил қилди. Вилоятдаги барча зиёратгоҳ, кабристонлар ободонлаштирилди, ариқ ва лотоклар тозаланиб, қарийб 330 тонна маиший ва қурилиш чиқиндилари чиқариб ташланди. Бу ишларни бажаришга 124 та техника воситаси жалб этилди.

- Мамлакатимиз бўйлаб ташкил этилган умумхалқ хайрия ҳашарида бошқармамиз томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Ислом Каримов кўчасидаги анҳор бўйида дарахт экиш акцияси ўтказилди, - дейди табиат ресурслари вазирлиги вилоят бошқармаси бошлиғи А.Эшонқулов. – Шу куни ушбу ҳудудда 600 тупдан ортиқ павловния, япон сафораси, қайрағоч каби дарахт кўчатлари экилди.

Анъанага кўра, бу галги умумхалқ ободонлаштириш хайрия ҳашарида ҳам кекса ва ногиронларга, ёлғиз қарияларга, боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд оилаларга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳузурида ташкил қилинган “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳр-мурувват ёрдамлари кўрсатилди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!