Меню

Қашқадарё

11.10.2018 2014

“ОБОД ҚИШЛОҚ” ДАСТУРИ: ҚАЕРДА ИШГА МУНОСАБАТ ҚАНДАЙ?

Президентимизнинг “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги фармони ва “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг вилоятдаги ижросига бағишлаб ўтказилган йиғилишда ана шу саволлар атрофида муҳокамалар бўлди.

Таъкидланишича, Китоб туманининг Севаз ва Денов  қишлоқларида ишлар тўғри йўлга қўйилиши натижасида айни вақтга қадар дастурда кўзда тутилган ишларнинг 90 фоизидан ортиғи бажариб бўлинган. Хусусан, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, газ баллонларининг тарқатилиши, маҳалла идоралари, сайлгоҳлар, халқ таълими, соғлиқни сақлаш муассасаларини таъмирлаш ва ободонлаштириш, хонадонларга кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш, ветеринария шохобчаларини очиш ва кўзда тутилган шу каби бошқа тадбирлар деярли ниҳоясига етказилган.

Шунингдек, Қарши, Деҳқонобод, Миришкор, Касби, Чироқчи, Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманларида дастур доирасида олиб борилаётган ишларда айрим камчиликлар мавжуд бўлса-да, белгиланган вазифалар ижроси қониқарли даражасида ташкил этилмоқда.

Бироқ, Муборак, Нишон, Косон ва Ғузор туманлари мутасаддилари дастурда белгилаб берилган вазифаларга ҳамон масъулият билан ёндашаётгани йўқ. Ишлар қониқарсиз аҳволда олиб борилмоқда.

Жумладан, Муборак туманининг “Қарлиқ”, “Қорақум” қишлоқларида “Йўл харитаси”да белгиланган ишлар ўта суст ва қониқарсиз аҳволда бажарилаяпти. Ушбу қишлоқларнинг марказий кўчаларида инфратузилма объектларининг қурилиши, уй-жойларнинг таъмирланиши қисман бажарилган бўлса-да, ички кўчалар ва улар атрофидаги ноқонуний, техник талабга жавоб бермайдиган биноларни бузиб олиш, ўрнини ободонлаштириш ишлари ҳали-ҳануз бошланмаган.

Шунингдек, Ғузор, Нишон туманларида ҳам ишлар фақат марказий кўчалар бўйида олиб борилмоқда, гўё қишлоқ ичкарисига дастурнинг алоқаси йўқдек.

Косон туманининг Пудина ва Мудин қишлоқларида эса “Обод қишлоқ” Дастурини   амалга ошириш учун “Йўл харитаси”да кўзда тутилган тадбирларни амалга оширишга деярли ҳаракат бўлмаяпти. Мисол учун, Пудина қишлоғида “Йўл харитаси”да кўзда тутилган тадбирларнинг бирорта банди бўйича иш ҳали бошланмаган.

Мазкур туманлар ҳокимликлари, ташкил этилган штаблар ҳамда ишчи гуруҳлар тўлиқ фаолият кўрсатмаётганлиги сабабли белгиланган вазифалар бажарилиши етарлича назорат қилинмаяпти.

Йиғилишда йўл қўйилган камчиликлардан келиб чиққан ҳолда, масъул раҳбарларга қўшимча масъулият юклатилиб, уларнинг ҳар бирига аниқ топшириқлар берилди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!