Меню
Қашқадарё
СЎНГГИ ИККИ ЙИЛДА ИККИ ХИЛ ЯНГИ МАҲСУЛОТ
Қарийб 7 йилдан бери Шаҳрисабз туманида сутни қайта ишлаш саноатида самарали иш олиб бораётган “Саитов Бекзод” хусусий корхонаси фаолияти бунга мисолдир. Ушбу тадбиркорлик субъектида ишларнинг тўғри йўлга қўйилгани маҳсулот турини йилдан йилга кўпайтириш, сифат кўрсаткичларини тобора яхшилашга замин ҳозирламоқда. Сўнгги икки йил давомида корхонада иккита янги маҳсулот – маргарин ва сариёғни реализация қилишга киришилди. Бунинг натижасида ассортимент янада бойиди ва маҳсулот турини 10 хилдан ошириш имкони юзага келди.
- Ҳозирги вақтда цехимизда кунига ўртача 2,5-3 тонна сут қайта ишланиб, қаймоқ, пишлоқ, кефир, сметана ва бринза тайёрланмоқда, - дейди корхона раҳбари Бекзод Саидов. – Ускуналаримиз замонавий, чет элдан келтирилган. Ўтган йил якунларига кўра, 1 миллиард сўмликдан ошиқ сут маҳсулотлари ишлаб чиқарган бўлсак, жорий йилда бу борада янада ўсишга эришишни мақсад қилганмиз. Харидорлар эса талайгина. Туманимиздаги аксарият мактабгача таълим муассасалари билан келишувимиз бор. Шу йили ёзда айрим болалар оромгоҳларини ҳам маҳсулот билан таъминладик. Қолаверса, туманимиздан ташқари Қарши, Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари, Сурхондарё вилоятидаги савдо ҳамкорларимизга ҳам маҳсулот етказиб бераяпмиз.
Ишбилармон ўз фаолиятида қўлга киритаётган ютуқларини юртимизда хусусий тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш учун яратилган шарт-шароитлар, кичик бизнес вакилларига берилаётган имконият ва имтиёзлар самараси, деб билади.
ФЕРМЕР ПЛАСТМАССА ҚУТИ ИШЛАБ ЧИҚАРМОҚДА
Маълумки, бозор муносабатлари шароитида талаб таклифни тақозо этади. Буни яхши англаган, фаолиятини шу асосда йўлга қўйган ишбилармон эса асло ютқазмайди. Китоб туманидаги “Фахриддин Тилов Қобилович” фермер хўжалиги раҳбари Фахриддин Нажимов ҳам ишнинг кўзини биладиганлардан. У яқинда қиймати 55 миллион сўмлик истиқболли лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш асносида бозорда ўз харидорига эга маҳсулот – пластмасса қути ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.
- Мавжуд ускунамиз Хитойдан келтирилган, - дейди фермер. – Ушбу режамизни тўлиқ ўз маблағимиз ҳисобидан амалга оширдик. Мазкур технология бир кунда ўртача 1800 дона пластмасса қути тайёрлаш имконини беради. Бу қутилар асосан узумни жойлаш учун мўлжалланган. Талабни инобатга олиб, келгусида турли ўлчамдаги қутиларни ҳам ишлаб чиқариш ниятимиз бор. Зарур хомашёни маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олаяпмиз.
Таъкидлаш жоиз, мазкур фермер хўжалиги фаолияти асосан боғдорчиликка ихтисослашган. Хўжалик ихтиёрида қарийб 7 гектар ер бўлиб, шунинг 2 гектарида анор, 2,6 гектар лалми майдонда эса узум етиштирилмоқда. Фермер пишиқчилик мавсумида 12 тоннадан зиёд анор, қарийб 9 тонна узум йиғиб олди. Маҳсулот асосан ички бозорга йўналтирилди.
АГРОФИРМА ХОРИЖГА 100 ТОННА УЗУМ ЖЎНАТАДИ
Вилоятимизнинг Яккабоғ тумани ҳудуди об-ҳавоси, тупроқ-иқлим шароити қишлоқ хўжалигининг айниқса боғдорчилик, узумчилик тармоқларини ривожлантиришда, айни шу йўналишларда юқори маҳсулдорликка эришишда қўл келади. Бу ерда етиштирилган ширин-шакар мева ва узумнинг нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам харидори топилади. Маҳаллий ишбилармонлар ва чет эллик ҳамкорлар ўртасида маҳсулот етказиб бериш бўйича шу йили имзоланган шартномалар кўлами ҳам ушбу ҳудудда пишган сархил мева-чевага дунёда талабгор кўплигидан далолат беради.
Туманда ўтган йили фаолияти йўлга қўйилган “Яккабоғ олтин мева” МЧЖ агрофирмаси Россия ва Қозоғистонга ҳўл мева, шунингдек, сабзавот ва дуккакли маҳсулотлар экспорт қилиш бўйича қиймати 200 минг доллардан кўп келишувларга эга. Мазкур тадбиркорлик субъекти айни вақтга қадар қарийб 60 минг долларлик маҳсулотни четга экспорт қилишга муваффақ бўлди.
- Ҳозиргача хорижлик шерикларимизга асосан олхўри ва пиёз етказиб бердик, - дейди агрофирма раҳбари Тўлқин Нормуродов. – Тез орада Россияга 100 тонна узумни жўнатишга тараддудланаяпмиз. Бундан ташқари, чет элликлар биздан катта миқдорда шолғом, сабзи, турп, мош, нўхат, ошқовоқ сотиб олиш истагини билдиришди. Маҳсулотларнинг бир қисмини аҳолидан йиғиб олаяпмиз. Қолаверса, туманимиздаги 60 дан ортиқ фермер хўжалиги билан шартнома қилганмиз. Агрофирмамиз тасарруфида 4 гектар боғ ҳам бор. Бу ерда олма парваришлаяпмиз. Етиштирган маҳсулотимиз ҳам экспорт талабига жавоб беради.
Аҳамиятлиси, бироз аввал ушбу тадбиркорлик субъектида Германияда ишлаб чиқарилган совутиш камераси билан жиҳозланган, 250 тонна сиғимга эга омборхона фойдаланишга топширилди. Лойиҳани амалга ошириш учун тижорат банкининг 350 миллион сўм миқдоридаги кредити сарфланди. Айни вақтда бу ерга экспорт учун мўлжалланган олма ва узум жойлаштирилган. Яна бир жиҳати, ишбилармон келгусида хорижга сотилажак маҳсулот хилма-хиллигини ошириш, хусусан, қуритилган мева-сабзавотни экспортга йўналтириш ниятида. Шу мақсадда 2017 йилда корхонада замонавий технология асосида маҳсулотни қуритишни ташкил этиш кўзда тутилган.
4 ГЕКТАР СУНЪИЙ ҲАВЗАДАН 6 ТОННА БАЛИҚ ОВЛАНАДИ
Маълумотларга қараганда, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимизда 67 та балиқчилик хўжалиги янгидан ташкил этилиши натижасида ҳудудда шу йўналишда фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари сони 300 тадан ошиб кетди. Ҳисобот даврида 8,2 миллиард сўм миқдоридаги банк кредитлари эвазига соҳа ривожига қаратилган 50 дан ортиқ истиқболли лойиҳа рўёбга чиқарилди. Натижада вилоятимиз аҳолисига турли балиқ маҳсулотлари етказиб бериш кўлами ошди, мавжуд эҳтиёж сезиларли қопланишига эришилмоқда.
Нишон туманидаги “Нуристон ёрқин кўл” хусусий корхонаси ҳам жорий йилда фаолият бошлади. 115 миллион сўмлик маблағ йўналтирилиши ҳисобидан корхонада балиқ етиштириш йўлга қўйилди. Шу мақсадда 4 гектар майдонда сунъий ҳавза ташкил этилди.
- Маблағнинг қолган қисмини чавоқ ва озуқа сотиб олишга сарфладик, - дейди корхона раҳбари Қудрат Имомқулов. – Ҳавзамизга шу йилнинг апрель ойида 30 минг дона чавоқ ташлагандик. Улар орасида сазан, оқ амур, дўнгпешона каби зотлилари бор. Айни вақтда ҳар бир балиқ 1 килограммдан зиёд тош босаяпти. Ҳозиргача 3 тоннага яқин балиқ овлаб улгурдик. Мавсумда ушбу кўрсаткични 6 тоннага етказишни мўлжаллаяпмиз. Лойиҳа амалга ошгач, 4 киши иш билан таъминланди.
Тадбиркорнинг сўзларига кўра, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида шу йили туман ҳудудида корхонага тегишли савдо шохобчаси очилган. Бу ерда мижозлар балиқни тириклигича сотиб олиш имконига эга бўлмоқда.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ тайёрлади.
Суратларда: тадбиркорлик субъектлари фаолиятидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.