Меню

Қашқадарё

26.05.2020 1211

ОҒУ ОШУФТАЛАРИ

Қилмиш-қидирмиш

Гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар фош этилиб, кескин чоралар кўрилаётган бўлса-да, ўзи ва ўзгалар ҳаётини заҳарлашдан тийила олмаётганлар учрамоқда.

Китоб туманида яшовчи, нақ 52 ёшни уриб қўйган Ш.С. ҳам шундайлардан бири бўлиб чиқди. Шу йилнинг 21 май куни ўтказилган тезкор тадбир давомида унинг яшаш уйи ва ёрдамчи хўжаликлари кўздан кечирилганда, ҳовлида 4 туп кўкнори парваришланаётгани маълум бўлди. Кўкнорининг соф оғирлиги 174,6 граммни ташкил этган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ўн кун аввал эса Шаҳрисабз шаҳридаги Кеш маҳалласида яшовчи Э.Т.нинг икки сотихлик иссиқхонаси ичига 1 туп, ташқарисига 7 туп каннабис ўсимлиги экилгани фош этилганди. Таркибида тетрагидроканнабинол мавжуд ўсимликнинг қуритилмаган ҳолдаги оғирлиги 21,3 грамм чиққан.

Бундан ташқари, хўжалик биноси деразасида турган сигарет қутисида 0,6 грамм марихуана, қоғоз ўрамида каннабис ўсимлиги уруғлари ҳам топилган.

Ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Бу борадаги ҳолатларни келтиришдан муродимиз шуки, жиноятга жазо муқаррарлигини таъкидлаш билан бирга, оғу исканжасидаги кимсаларни жирканч иллат қутқусидан қутулишга даъватдир.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!