Меню
Қашқадарё
ОҒУ АТРОФИДА БИРЛАШГАН ЗАНЖИР
Мазкур йўналишда тизимли тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамасдан гиёҳванд моддаларни ноқонуний тарзда етиштирувчи ва олди-сотдиси билан шуғулланувчилар уни истеъмол қилувчи кишилар борлиги ачинарли ҳол. Яқинда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний тарзда етиштириб, олди-сотдиси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Хусусан, Қарши шаҳридаги “Билайн” компанияси офиси олдида фуқаро Ғанишер Алиевнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) шубҳали ҳаракатлари эътиборни тортди. Бу бежиз эмаслиги тезда аён бўлди: унинг эгнидаги куртка чўнтагида қоғоз парчасига ўралган ҳолатдаги оғирлиги 1,2 грамм гиёҳвандлик моддаси бор экан.
Маълум бўлишича, Ғанишер мазкур гиёҳвандлик моддасини аввалроқ Россия Федерациясида танишган Фозил Салимовдан 70 минг сўм эвазига сотиб олган.
Шундан сўнг тадбир давом эттирилиб, Қарши шаҳридаги “Ерқўрғон” деҳқон (озиқ-овқат) бозори ҳудудида Фозил Салимов ҳамда унинг бошқарувидаги “ВАЗ-2103” русумли транспорт воситаси холислар иштирокида кўздан кечирилди. Машинанинг ҳайдовчи ўриндиғи остида сотиш учун мўлжалланган 5 дона қоғоз парчаларига ўралган, оғирлиги 6,3 грамм гиёҳванд модда борлиги аниқланди.
Суриштиришларда шу нарса аён бўлдики, Ғанишер Алиев ҳамда Фозил Салимовни “заҳри қотил” билан Қарши тумани Сахтапиёз қишлоғида яшовчи Нормат Аминов таъминлаб келган. Шунга кўра, Н.Аминовнинг хонадони кўздан кечирилганида, ҳовлининг турли жойларида 6 туп ўсимлик яширинча парваришланаётгани маълум бўлди. Бундан ташқари, унинг яшаш уйида ҳамда Қарши шаҳар 5-миттитуман 6-уйда вақтинча истиқомат қилиб келган хонадонида оғирлиги 45,4 грамм бўлган қуритилган ҳолдаги гиёҳвандлик моддалари ноқонуний сақлаб келингани фош этилди.
Вилоят ИИБ ЭКБ эксперт хулосаларига кўра, ашёвий далил сифатида олинган гиёҳвандлик воситалари марихуана ва каннабис эканлиги маълум бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Нуриддин АВЛОҚУЛОВ,
вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи