Меню

Қашқадарё

11.08.2016 2180

ОҲ, ШОН-ШУҲРАТ ЯХШИ МОЛ ЭМАС

Қуйида ана шу “формула”лардан бир қанчасини сараладик.

Бу ердаги томошалар бировга қиммат, бировга арзон тушади...

Бу ерда бировнинг шафқатига сазовор бўлиш учун ўтакетган бахтсиз, бировнинг меҳрини қозониш учун жуда заиф, бировнинг кўнглини эритиш учун жуда ғариб киши бўлиш керак.

* * *

Замонавий кимё барча мавжуд нарсаларни газга айлантиргандай, инсон руҳи ҳам кўнглида барча шодликлар, ғоялар ва куч-қудратларни бир лаҳзада тўплаганида даҳшатли заҳарлар ҳосил қилмасмикин? Жуда кўп одамлар ўзига хос руҳий кислоталардан бутун вужуди бирданига заҳарланиб ўлмаганмикин?

* * *

Одам ўзи билан ўзи олишиб, фалокатлар ёғилиб келганда келажакдан умидини узади, яна келажакка умид билан фалокатлардан ўзини ҳимоя қилади, ҳамма қилмиш-қидирмишларида одамга хос саботсизлигини ва заифлигини ошкора қилиб қўяверади. Бу дунёда бахтсизликдан бошқа ҳеч нарса тўла-тўкис бўлмайди.

* * *

Миллионер бўлиб кетдим; бахтсизликлар менга бойлик келтирди, билимсизликдан – мен яшашни ўргандим. Сизга ҳозир икки оғиз сўз билан инсон ҳаётининг буюк сирини айтиб бераман. Ўйламай иш қилавериб одам ўзининг тинкасини қуритади. Ўлимнинг барча сабаблари икки хилга бўлинади ва иккита сўзга – тилак ва имкон деган сўзларга бориб тақалади. Одамзод ҳаётининг мана шу иккала чегараси ўртасида учинчи бир ақида борки, буни фақат доноларгина билишади. Мана шу ақида менга бахт ва узоқ умр берди.

* * *

Тилак бизни куйдиради, имкон  вайрон қилади, билиш эса бизнинг заиф вужудимизни абадий сокинликка олиб келади.

* * *

…кўнгил кўчасига кириб яшамадим, чунки кўнгил одамни хароб қилади. Ҳиссиётларимга ишониб ҳам яшамадим, чунки ҳиссиётлар ўтмаслашиб, ўлиб кетади. Мен ақлимга қараб яшадим. Ақл эса ҳеч қачон эскирмайди, ҳаммадан узоқ яшайди.

* * *

Хуллас, ҳамма нарсага эришдим, чунки ҳамма нарсани писанд қилмадим. Дунё кўриш – менинг асосий орзуим, кўриш ахир билиш эмасми? Ҳаётнинг туб моҳиятини кашф этиш, унга чуқур кириб бориш лаззат эмасми? Моддий нарсаларни тўплашдан нима қолади? Фақат ғоя қолади.

* * *

Ўйлаб кўринг,  тафаккурида бутун борлиқни акс эттира оладиган ва бахт манбаларини ўз қалбига кўчира оладиган, уларни турмушнинг ифлосликларидан тозалаб, олам-олам лаззат ола биладиган одамнинг ҳаёти нақадар гўзал бўлади! Тафаккур – барча хазиналарнинг калити, у хасис одамнинг барча ташвишларини қолдириб, бизга барча лаззатларини беради.

* * *

Донолик билимдан келади ахир! Тентаклик эса тилакларнинг ёки куч-қудратнинг тийиқсизлигидан келиб чиқади!

* * *

Бойлик тез кўнглингга уради, ишон: бойлик сени буюк одам бўлиш имкониятидан маҳрум қилади. Санъаткор бирор вақт камбағалнинг бойлигини бойларнинг камбағаллигига алмашганми сира! Сен билан бизга ўхшаш одамлар учун абадий курашиш керак-ку!

* * *

Турли минтақалардаги турлича фалсафий таълимотлар, динлар, ахлоқий тушунчалар, ҳукуматлар – хуллас, инсоният ақл-идрокининг барча буюк муваффақиятлари бу ерда Вақт ўроғига ўхшаган ўроқ билан ўриб ташланаётган эди. Ҳар ҳолда ҳозир ана шу буюк ўроқ маст бўлиб қолган доноларнинг қўлидами ёки доно бўлиб қолган мастларнинг қўлидами – билиш қийин эди.

* * *

Оҳ, шон-шуҳрат яхши мол эмас. Қимматга тушади, узоқ сақлаб бўлмайди. Аҳмоқлар худбин бўлгани учун бахтли, буюк одамлар шон-шуҳратга ўч бўлгани учун худбин эмасми?

* * *

Ўз мулкларини биринчи марта четан девор билан тўсган одам касалманд бўлса керак, чунки жамиятдан фақат касалманд одамларга фойда келади. Маънавий оламнинг икки қутбида турувчи ёввойи одам билан мутафаккир бирдай мулкдан қўрқса керак.

* * *

Жамиятнинг емирилишига қарши фақат бир тўсиқ бор, бу манфаат тўсиғи. Шундай қилиб, биз динга ҳам, моддий кучларга ҳам эмас, балки ақл-идрокка таяниб иш тутишимиз керак. Аммо, китоб қиличга, фикр ҳаракатга бас кела оладими? Гап мана шунда.

* * *

Ёшлигимизда одамлар ва шароит тазйиқига қарамай, туйғуларимизнинг нозик-ниҳол гулига, виждонимизга, фикрларимизга ҳали гард қўнмаган бўлади. Шу туфайли ёвузлик билан келишолмаймиз; бурчимизни очиқ-ойдин англаймиз; номус ўлимдан кучли бўлади; кўнглимиз очиқ, қувлик нималигини билмаймиз.

* * *

Назаримда, истеъдодли одамларнинг курашларида журъатга, катта ишларга даъват этувчи ички бир овоз мени ҳам “Дадил бўл! Олға!” деб чақирарди; ёлғизликда гоҳида тўсатдан ўзимни қудратли ҳис этардим; айрим янги ёзувчиларнинг жамоатчилик олқиш билан кутиб олаётган асарларини ўз хаёлимда ёзажак асарларимга таққослаганимда умидларим қанотланарди; шуларнинг ҳаммасига қарамай, ёш боладай қўрқоқ эдим.

* * *

Инсон ҳақида хулоса чиқариш учун камида унинг фикр-ўйлари, изтироблари, ҳаяжонлари сирхонасига кириб кўриш керак. Инсон ҳаётининг сиртидаги воқеаларга қизиқиш эса йилнома жадваллари тузишга, аҳмоқларнинг эҳтиёжига ва дидига мослаб тарих ёзишга ўхшайди.

* * *

Ҳиссиётга берилган одам киборлар оламининг елиб-югуришлари ичида кўмилиб, йўқолиб кетади, ҳиссиётга берилиш энг гўзал қалбли одамни ҳам хор қилади, уни латтага айлантиради. Мен дилимдагини шу қадар ичимда сақлашга ўргандимки, туйғуларимни жиловлайдиган, мукаммал идора қиладиган бўлдим. Инсон иродаси эҳтирослар ташналигидан ҳам юксакроқ.

* * *

Бой тасаввур шоирларга бахт келтиради.

* * *

Истеъдодли, талантли одамлар ҳамиша ёниб яшайдилар: қизлар эса талантли одамнинг ғам-кулфатларига шерик бўлишни исташмайди – қизларнинг ҳаммаси  ўз ошиқларининг фақат шуҳрат келтиришини ўйлашади. Аслида улар бизни севмайди, балки биз орқали ўзларини севишади! Ахир ижод қилишга, бунёдкорликка қодир бўлган камбағал, мағрур санъаткор улар учун худбин кўринади. Талантли одамнинг  теварагида доимо қандайдир фикрлар гирдоби чарх уради, шу гирдобга ҳамма нарса ғарқ бўлиб кетади, ҳатто маъшуқаси ҳам.

* * *

Чинакам турмуш йўлдоши бўладиган аёл ўзининг бутун умрини, куч-қувватини, шон-шуҳратию бахт-иқболини эрида деб билади. Шарқ аёлининг асосий мақсади – эрининг ҳар бир истагини бажо келтиришдан иборат.

* * *

Касаллик сабабларини инсон танасидан эмас, руҳий дунёсидан қидириш даркор! Табиб – илҳомкор, пурқудрат хилқатдир. Худо пайғамбарга минг йиллар қаърини кўриш, шоирга борлиқни қайтадан идрок этиш, мутрибга эса номаълум оламнинг мусиқий оҳангларини топиш салоҳиятини бахш этган!..

* * *

Соппа-соғ киши ўзининг баданидан ўлим даракчиси бўлмиш дардни қандай ҳайдаса, киборлар жамияти ҳам ўзининг орасидан бахтсиз кимсаларни шундай суриб чиқаришади.

Дилфуза ЖУМАЕВА тайёрлади

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!