Меню

Қашқадарё

29.10.2016 2390

ОҚСАРОЙДА ЯШИРИН ИЛМИЙ СИНОАТЛАР

Олиб борилган изланишлар шуни кўрсатдики, Амир Темур бобомиз бунёд эттирган бинолар Қадимги Миср, Юнонистон ва Римнинг дунёга машҳур миноралари, ибодатхоналари, саройлари ва эҳромларидан ҳеч бир жабҳада қолишмайди. Аксинча, ранг-баранг безакларнинг моҳирона қўлланиши, нақшларнинг мутаносиб равишда яхлит композиция ҳосил қилиши жиҳатидан ҳатто улардан устун туриши аниқланган. Афсуски, шундай муҳташам иншоотлар қуролли низолар сабаб вайрона ҳолига келган, шўролар тузуми замонида халқ назаридан атай яширилганди. Юрт мустақиллиги эса ушбу ноёб ёдгорликларни тадқиқ этиш асносида миллий ўзлигимизни теранроқ англаш имконини берди.

Тарихий манбаларнинг далолат беришича, Оқсарой 1380-1404 йиллар оралиғида қуриб битказилган. Унда бутун бир иншоотсозлик сирлари мужассам, десак хато бўлмайди. Ўлчамларининг катталиги, салобати билан бошқа обидалардан ажралиб туради. Унинг тарҳи ўзига хос шаклга эга ва бу услуб бошқа обидаларда қўлланилмаган. Бино ўлчами, асосининг юзаси ва ўзаро қатъий тартиб билан жойлашган тўрт бурчакли қисмлар миқёси шунчаки танланмаган. Буни геометрик, математик ғояларни ўзида жо этган аниқ бир фигура сифатида тасаввур этиш айни муддао бўларди. Мутахассислар фикрича, юксак меъморчилик илми бино шаклига яширин муҳрланган ва уни бир қарашда англаш мушкул.

Бино салобатига назар солсангиз, унинг юки бир-бирига мос икки пойдеворга тушиб турганига гувоҳ бўласиз. Ҳисоб-китобларга қараганда, бинонинг умумий оғирлиги 40-42 минг тонна бўлган ва ушбу миқдор мазкур икки пойдеворга тенг тақсимланган. Обида пойдеворининг ҳар бир квадрат метр юзасига 90-100 тоннадан зиёд оғирлик юки тўғри келади. Бугунги кунда замонавий 16 қаватли иморат пойдеворининг бир квадрат метр сатҳига берадиган залвори 20-25 тонна атрофида бўлиши лозим. Бундан кўринадики, ўша давр меъморлари шундай жумбоққа ҳам мукаммал архитектуравий ечим топган ва уни амалда қўллай билган.

Айни пайтда, бинонинг сейсмик мустаҳкамлиги ҳам таъминланган. Бунга турлича баландликка ва ҳажмга эга бўлган, лекин яхлит бинодан пойдеворга тушадиган оғирлик юкини пойдевор юзасида текис тақсимлаш орқали эришилган. Булар замонавий билим ва ҳисоблаш техникаси билан қуролланган ҳозирги давр мутахассиси учун ҳам чуқур билим талаб этадиган масалалардир.

Табиийки, Оқсарой меъморлари олдида бундан ҳам мураккаб муаммони ҳал қилиш вазифаси турар эди. Яъни Соҳибқирон талабига мувофиқ бинонинг кўрки, салобати ўзга юртлардагидан устун бўлиши керак эди. Бино пойдевори шакли унинг оғирлигидан келиб чиқиб тузилган. Мутахассисларнинг эътирофича, бундай маҳобатли бинонинг заминга берадиган юки жуда катта бўлганлигидан унинг ўрнини танлаш ҳам маҳорат талаб этганлиги равшан. Чунки Шаҳрисабзда яхлит қоятошли мустаҳкам замин йўқ. Модомики, Миср эҳромларини қурган усталар учун ҳам бу муаммони ҳал қилиш осон бўлмаган. Шу сабабдан улар эҳромлар учун энг қулай замин ахтариб, шаҳарлардан, яшаш жойларидан анча олис бўлишига қарамай, саҳродаги яхлит қоятошли заминни танлаганлар.

Оқсаройни бунёд этувчи меъморлар бинодан тушадиган оғирлик кучининг бир хилда тарқалишини таъминловчи ажойиб усулни ўйлаб топишган. Бинонинг турли баландликдаги қисмларидан тушадиган залворнинг ерга бир хилда тарқалишига эришиш учун пойдевор сатҳларининг шу сатҳга тушадиган оғирликка мутаносиб равишдаги мос миқдорини ҳисоблаб топганлар. Бинонинг ўнг ва чап пойдеворлари оралиғидаги масофа ўлчами ва улар орасидаги майдон сатҳи шунчалик моҳирона танланганки, бундай ечимни амалиётда қўллаш учун иншоотсозлик билимларини чуқур билиш талаб қилинади.

Синчков одам иморат тарҳига назар солса, унинг “ж” ҳарфи шаклининг ярмига ўхшаб кетишини англайди. Умрбоқий қадимий биноларнинг пойдевори асосан тўғри тўртбурчак шаклида қурилган. Бу синоат билан қизиққан муҳандис-меъморлар пойдеворининг шакли турлича бўлган 10 та қадимий ва замонавий бинони танлаб олиб, уларнинг оғирлик марказларини ҳисоблаб чиққан ва компьютерга энг зилзилабардош бино пойдевори қандай кўринишда бўлишини аниқлаш вазифасини юклаган. Компьютер ҳар сафар “ж” ҳарфига ўхшаш шаклни кўрсатган. Бу эса Амир Темур ҳукмронлиги даврида меъморчилик ўз ривожининг энг чўққисига етганига ишорадир.

Бино аждодларимизнинг математика, геометрияга оид билимларини ўзида мужассам этган бўлиб, уни муҳандис-қурувчилар геометриянинг “кичик қомус-аннотацияси”, деб аташмоқда. Шунингдек, бино тарҳи, унинг қисмлари, фасадини чуқур ўрганиш жараёнида уларда астрономия илмига оид маълумотлар ҳам борлиги аниқ-равшан аён бўлди.

Бунинг исботи ўлароқ шуни айтиш мумкинки, Оқсаройнинг ўрта равоқ тепаси радиуси 6,36 метрга тенг бўлган ярим айлана шаклида қурилган меҳробдан иборат. Бу Ер шари радиуси ифодасидир. Бинонинг олд кўринишидаги иккита ярим айлана шаклидаги миноранинг ички радиуси 3,2 метрга тенг бўлиб, ернинг табиий йўлдоши - Ойнинг диаметрига мос тушади ва бу минора шакли ойнинг календарь ой бошланишидаги шаклининг рамзий маъноси сифатида изоҳланади. Оқсаройга ташриф буюрган ҳар қандай киши бинонинг тўрт фасади дунёнинг тўрт томони – шимол, жануб, ғарб ва, шарқни компас каби аниқ кўрсатиб турганини англаб етади.

Шунингдек, бош равоқнинг икки тарафида пойдевордан бошлаб, равоқ меҳроби ўртасигача 182 тадан чуқур ўйиб ишланган спиралсимон шаклда юқорига йўналган безаклари бор. Меҳроб ўртасидаги безакларнинг умумий сони 365 тага тенг бўлиб, бу бир йилдаги кунлар сонининг рамзий маъносидир. Бинонинг пойдевори эса иккита катта бир-бирига айнан мос қисмдан, ҳар бир қисм эса олтитадан кичик қисм-лардан иборат бў-либ, бу бир йилдаги ойлар сонини билдиради. Минора ичида ярим айлана шаклидаги бино тепасига чиқиш учун мўлжалланган спиралсимон зиналар бўлиб, улар 30 тани ташкил этади. Бу календарь ойдаги кунлар сонини билдиради.

Бино пойдевори 9 метр ер қаъридан ишлаб чиқилган. Оқсарой Шарқ меъморчилик санъатининг ижодий чўққисидир. Бу ҳали ҳаммаси эмас, мазкур бино устида чет эл мутахассислари ҳам илмий изланишлар олиб боришмоқдаки, тарих саҳифаларидан жой оладиган сир-синоатлар яна очилиши аниқ. Соҳибқирон Амир Темур бежиз “Қудратимизга шак-шубҳангиз бўлса, биз қурдирган биноларга боқинг” деб хитоб қилмаган эди.  

Бир сўз билан айтганда, биргина Оқсарой мисолида аждодларимиз иншоотсозлик соҳасида жаҳон аҳлига ўрнак бўларли ишларни амалга оширганига тўла ишонч ҳосил қилиш мумкин. Уларнинг ақл-заковатига лол қолмасликнинг имкони йўқ. Зеро, улар бизга қолдирган мўъжизакор ишларни келажак авлодга етказиш, тарих саҳифаларига муҳрлаш бизнинг бурчимиздир.

Акрам ҲАСАНОВ, Қарши давлат университети тарих кафедраси мудири, тарих фанлари номзоди

Абдували ДЎСТОВ, кафедра катта ўқитувчиси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!