Меню
Қашқадарё
ҚОҒОЗГА ТЎКИЛАР КЎНГИЛ ИЗҲОРИ
Кузнинг айни кунларида пахта далаларида иш қизғин: деҳқоннинг пешана тери, йил бўйи қилинган заҳматли меҳнати эвазига етиштирилган пахта ҳосилини нест-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олиш ишлари авж паллада. Қарши шаҳрилик меҳнат фахрийси А.Тошиев бизга йўллаган хабарида вилоятимиз марказидаги Кунчиқар маҳалласида яшовчи бир гуруҳ меҳнат фахрийлари ўз ташаббуслари билан пахта даласига чиқишгани, пахтакорларга йиғим-теримда кўмак беришгани ҳақида ёзибди:
“Бироз аввал маҳалламизнинг ташаббускор фахрийларидан 80 ёшли Қиём Очилов ҳамда 77 ёшли Озод Саидов бошчилигида бир гуруҳ кайвонилар пахтакорларга ёрдамга ошиқишганди. Яҳё Норқулов, Раҳимахон Ғиёсова, Маҳмуд Пирматов, Нарзулла Тўрақулов каби фахрийларимиз Қарши туманидаги “Муҳитдин ота” фермер хўжалиги даласида пахта териб қайтишганди. Яқинда эса 70 ёшли Ғолиб Мустафоев бошчилигида яна 10 нафар фахрий пахтакорлар ҳузурига йўл олишди...”
Пахта йиғим-терими авж паллага кирган бир пайтда ғаллакорлар кузги дон экиш ташвиши билан андармон. Қашқадарё илмий-тажриба станцияси илмий ходимлари Яраш Бўриев ҳамда Жасур Абдуллаев бизга юборган мактуб кузги дон экиш, унинг мақбул муддатлари ва энг муҳим агротехник тадбирлар хусусида. Унда, жумладан, шундай дейилади:
“Ҳар бир тупроқ иқлими шароити учун экиш муддатлари ва экиш меъёрлари муҳим аҳамиятга эга бўлиб, у ҳосилдорликни белгиловчи асосий омил эканлиги илмий муассасаларда ўрганилди. Бу борада ўтказилган илмий тадқиқотлар натижасига кўра, энг мўътадил-қулай экиш муддатлари октябрь ойининг биринчи ва иккинчи ўн кунлиги эканлиги аниқланди...”
Албатта, бу каби маслаҳат ва йўл-йўриқлар деҳқон-фермерларимизга ишни тўғри ташкил этиш ва юқори самарадорликка эришишда яқин кўмакчи бўлади. Ишнинг тўғри йўлга қўйилиши эса кутилган натижага эришишда энг муҳим омил саналади. Бу жиҳат нафақат деҳқончиликда, балки ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида риоя этилиши шарт бўлган омилдирки, бусиз жамиятда ривожланиш, юртда эса тараққиёт бўлмайди. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси телерадиодастурларни мониторинг ва таҳлил қилиш бўлими бош мутахассиси Эркин Эсиргадиев томонидан таҳририятимизга йўлланган “Керак бўлса, ўн соат кутасиз” сарлавҳали хатда ҳали-ҳамон учраётган эскича тартибда иш юритиш ҳолатлари ҳақида сўз боради. Юртбошимиз мутасадди раҳбарлар олдига кўндаланг қўйган вазифа – халқ орасига кириш, оддий одамларнинг дардини тинглаш айрим мансабдорлар учун шунчаки гап бўлиб қолаётгани ҳақида сўз юритар экан, уларга қарата муаллиф шундай ёзади:
“Аввало, элимизнинг эзгу мақсадларини амалга ошириш учун мамлакатимиз раҳбари олиб бораётган ислоҳотни тушуниб олинг. Шу юрт, шу азиз Ватан учун, энг муҳими, унинг энг оддий, камтар одамлари учун жон фидо қиладиган даврингиз келди. Сизга Юртбоши ишонган экан, ишончни оқланг! Шунда ўзингиз ҳам, мамлакатимиз ҳам, қолаверса, оддий фуқаро ҳам ютади...”
Айни мавзуда газетамизда ҳам бир қатор мақолалар эълон қилинган эди. Шулардан бири Бекзод Ўктам муаллифлигида газетамизнинг 2017 йил 1 август сонида чоп этилган “Депутат, моторсиз қайиқ ва Иннокентий ёхуд тан олингану мардликка айланмаётган иқрорлар хусусида” сарлавҳали мақоласидир. Таҳририятимизга мактуб йўллаган Қарши туманилик меҳнат фахрийси Муҳаббат Эшонқулова ушбу мақолада кўтарилган мавзуга ўз муносабатини билдирган. Мақола муаллифига миннатдорлик изҳор этиб, журналист қаламга олган масала бугунги кунда долзарб эканлиги, ҳар бир масъул шахс буни тўғри англаши лозимлиги ҳақида ёзибди:
“Битта Президент, битта ҳоким, битта раҳбар ҳеч нима қила олмайди. Ҳамма бир-бирини қўллаб-қувватласа, ҳамнафас бўлса, кўзланган барча ишлар амалга ошади. Халқ мақолларига ҳамоҳанг қилиб айтганда, ҳамма бир ёқадан бош чиқарса, тошдан ҳам гул кўкаради...”
Муҳаббат Эшонқулова сингари юртдошларимизнинг газетамизда эълон қилинаётган мақолаларни эътибор билан кузатиб бораётганликлари бизга янги куч-ғайрат бағишлайди. Айни пайтда газетхонларимизнинг жамиятдаги ҳар бир ўзгариш - янгиланишга муносабати биз учун муҳим.
Китоб туманидаги 1-ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқитувчиси, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси-2017” Республика кўрик-танлови ғолиби Дилноза Бердиева бизга юборган хатда ўзи фаолият юритаётган ўқув даргоҳи, кейинги пайтларда таълим тизимида юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар, яратилаётган қулайликлар хусусида сўз юритган. Унда шундай дейилади:
“Айни пайтга қадар мактаб-интернатимизда ўқиган ўқувчилар орасидан 5 нафари халқаро миқёсдаги фан олимпиадаларида математика, кимё фанларидан 2-3-ўринларни эгаллаганликлари биз учун фахрланса арзигулик ютуқ бўлди. Республикамизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси ўлароқ мен каби оддий ўқитувчи ҳам намунали уй-жой билан таъминланиб, барча қулайликларга эга бўлган шинамгина ҳовли соҳибасига айландим. Яшайдиган уйингда мавжуд қулай шароитлар кишининг эртанги кунга умидини оширибгина қолмай, ўз вазифасига сидқидилдан масъулият билан ёндашишини ҳам таъминлайди, албатта...”
Таҳририятимизга келган мактубларнинг аксариятига ижодга ошно юртдошларимизнинг ижод намуналари илова қилинган. Шаҳрисабз туманилик Дамир Ҳуснияров томонидан жўнатилган ҳикоялар “Насия бўса” ва “Эсим кирди-чиқди бўлган кун” деб номланган. Биринчи ҳикоя кишилар ўртасидаги меҳр ришталари ҳақида ёзилган бўлиб, бемор ва ҳамшира муносабатларига асосланган. Ҳикояда бемор йигит ҳолати шундай тасвирланади:
“Дониёр шу ҳафта ичида бу истараси иссиққина, ёқимтой ва хушмуомала қизни ёқтириб қолган эди, унинг ҳали турмушга чиқмаганини ҳам ошпаз аёллардан билиб олган, аммо дадилроқ бир гап айтишга шу чоққача юраги дов бермаганди...”
Кейинги ҳикояда қаламга олинган воқеа ҳам шифо масканида юз берган бўлиб, кундалик ҳаётда тез-тез учраб турадиган ҳолатлар асосига қурилган. Қарши шаҳрилик Гулрухсор Худойбердиева юборган “Асабийлик синдроми” сарлавҳали мактуб ҳам худди шундай ҳолатлар ҳақида. Муаллиф бўлар-бўлмасга асабийлашиб, бошқаларнинг дилини хира қиладиган одамлар ҳақида шундай ёзади:
“Очиғи, баъзи одамлардан доим ҳайратланиб юраман. Телба-тескари муомалалар, бир-бирини аямай ноўрин ранжитишлар, ортиқча гаплар, “чақиб” олишлар, “заҳар сочиш”лар – ҳаммаси қизиқ! Шундайлар ўзларининг ҳам, ўзгаларнинг ҳам асабини эговлаб, кайфиятини бузиб-ёриб, умрини негативлар билан “бойитиб” ҳузур қилармикан, деб ўйлаб қоламан баъзан... Ҳар икки гапнинг орасида “асалим-шакарим”лаб гапириш шартмас, шунчаки, ўзаро муносабатларда олтин ўрталикни, холисликни, босиқликни байроқ қилишнинг ўзи кифоя!”
Дарҳақиқат, доим яхши кайфиятда бўлиш, атрофдагиларга самимий ва дўстона муомала қилиш кишининг жамият орасида ижобий баҳо олишига сабабчи бўлиш билан бирга саломатликни таъминлашда ҳам муҳим омиллардан саналади. Кўтаринки кайфиятни эса одам ўзи учун ўзи ярата олади. Бунинг учун ўзи севган машғулот билан шуғулланиш, вақтни тўғри тақсимлаш, спортга ошнолик ва жисмоний фаоллик каби бир нечта олтин қоидаларга риоя этиш лозим. Муборак шаҳрилик меҳнат фахрийси Турсунбой Абдукаримов бизга саломатликни мустаҳкамлашнинг оддий, аммо ҳайратомуз усуллари ҳақида ёзиб юборибди. Унда шундай дейилади:
“Сизни таништирмоқчи бўлганимиз Порфирий Кореевич Иванов яратган “Болажон” тизими бўлиб, у ўзининг минглаб мухлисларига эга. Олим ўзининг бу тизимини табиатга қайтиш, у билан уйғунликда яшаш тарзига қурган. Яъни совуқ сувда чўмилиш, очиқ ҳавода кўпроқ бўлиш, ҳафтанинг бир кунида ҳеч нарса емаслик, табиат қўйнида кўпроқ бўлиш каби қоидалар одам саломатлигини мустаҳкамлаб, ақл кучини оширади...”
Албатта, бу каби тавсияларга амал қилиш орқали жисмонан ва руҳан чиниқиш, доим соғлом, тетик ҳолда юриш мумкин.
Китоб туманилик Марҳабо Каримова оддий уй бекаси. Аммо у шеърият шайдоси. Бизга юборган ижод намуналарида ватанга муҳаббат, юртга садоқат туйғулари ўз ифодасини топган. Муаллифнинг Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган шеърида қуйидаги сатрлар бор:
Юрак сенга талпинар,
Рўйи замин сайқали.
У ерда кўтарган қад –
Ислом ота ҳайкали...
Хотираси мукаррам
Қалбимизнинг қўрида.
Ҳар бир ўзбек ардоқлар
Юрагининг тўрида...
Хуллас, юқоридаги каби мактублар, ижодий ишларнинг барчаси эътиборимизда эканлигини алоҳида таъкидлашни истардик. Зеро, уларнинг ҳар бирида азиз газетхонларимизнинг кўнгил изҳори, қалб тафти мужассам.
ТАҲРИРИЯТ