Меню
Қашқадарё
ҚОҒОЗ ЮЗАСИДА АКСЛАНАР ҲАЁТ...
Шаҳрисабз тумани Хўжа қишлоғида истиқомат қилувчи қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Абдулла Султонов бизга йўллаган хатида деҳқончилик, боғдорчилик йўл-йўриқлари, энг муҳим жиҳатлари ҳақида тўхталган.
“Боғбон учун асосий иш иқлим шароитига мос келадиган дарахт тури ва навини танлашдан иборат, - дейилади унда. - Ўрик, гилос, бодом, шафтоли, нашвати, қароли ер ости сувлари чуқур жойлашган ва сув кўлламайдиган қиялик ерларга, олма, беҳи, олча, анор, хурмо, ёнғоқ кўчатлари эса ер ости сувлари саёз жойлашган текисликларга экилади”.
Бундан ташқари, сабзавотчилик, полизчилик, узумчилик борасида ҳам тажрибада синалган усуллар келтирилган. Академик М.Мирзаев номли боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти Қашқадарё илмий тажриба станцияси катта илмий ходими Алишер Қаршиев юборган хатда эса мевали дарахтларнинг маҳаллий ва ёввойи навларини ўрганиш, эски, унутилган навларни топиш, тиклаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз боради. Қарши шаҳридаги хонадонлардан бирида ўрикнинг маҳаллий йирик, қайта ишлашга мос нави топилгани, эндиликда уни кўпайтириш режалаштирилгани ҳақида айтиб, станция ходимлари шундай эски навлар ҳақида кўпроқ маълумот олиш истагида эканликларини билдирган.
Ғузор туманидаги 8-мактаб ўқитувчиси Ғаффор Бердиевнинг мактуби мутолаа қоидаларига бағишланган. Унда шундай фикрлар билдирилган:
“Китобхон ўқилган китобдан энг аввал ўзи учун зарур ахборот ҳамда тарбиявий аҳамиятга эга билим ва кўникмаларни ажратиб олишни билиши даркор. Бунинг учун у мутолаа жараёнида ўқилган материал мазмунига ўзининг муносабатини билдириши, унга керакли баҳо бера олиши, асарнинг асосий ғоясини тўғри англаб, матн мазмунидан тегишли хулоса чиқариши лозим”.
Дарҳақиқат, фақат ўқилган асардан тўғри хулоса чиқара олишгина мутолаанинг аҳамиятини оширади. Китоб киши маънавиятини шакллантирадиган, унинг қалбига маърифат олиб кирадиган восита. Маънавияти юксак шахсгина турли ёт ғоялар таъсиридан холи бўла олади. Чироқчи тумани бош имом-хатиби Бекзод Норқуловнинг электрон манзилимизга келган мактубида айни шундай ёт ғоялар таъсиридан ёшларни асраш ҳақида сўз боради.
“Оммавий маданият” тарафдорлари ҳаётда инсонни эмас, нарса-буюмларни эъзозлайди. Уларга маънавий дунё эмас, маиший истеъмолчилик ҳуқуқлари қадрли. Тутуриқсиз қўшиқларга мос рақс тушиш, турли беҳаё томошалар, андазасиз кийимлар ва улардаги маъносиз сўзлар, аёллик иффати ва эркаклик ғурурининг емирилиши, зўравонлик кабилар шу қашшоқ “маданият”нинг кўринишларидан”, дейилади мақолада. Хат муаллифи “оломонча маданият” таъсиридан ёшларни асраш, ёт ғояларга қарши миллий қадриятларимиз тарғиботи орқали курашиш лозимлигини таъкидлайди.
Миллий қадриятларимиз қаторида муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш, ўтганларни хотирлаш, улар руҳига ҳурмат бажо келтириш каби халқимизга хос азалий урф-одатлар борки, улар биз учун мўътабар қоидаларга айланган. Қарши шаҳрилик Фурқат Жумаев томонидан электрон манзилимизга йўлланган хатлар шулар хусусида. Зиёрат қилиш қоидалари, таъзия одоблари ҳақида сўз юритган муаллиф ўз фикрларини ҳадислар, улуғ мутафаккирларнинг гаплари билан далиллайди:
“Тириклик, умр ғаниматдир. Бу ғанимат фурсатни ҳар хил ножўя ишлар билан қўлдан бой бермай, яхшилик қилиб қолишга, дунё охиратига асқатадиган эзгу амалларни кўпайтиришга уринган инсон ютади. Зеро, Саъдий Шерозий таъбири билан айтганда:
Ҳар киши кетар экан, экканин олар,
Ундан яхши ёки ёмон ном қолар”.
Мазкур муаллифнинг кейинги хати “Ватан ҳимояси олий ва шарафли бурчдир” деб номланган. Унда энг олий вазифа – юрт ҳимояси ҳақида сўз юритилиб, ҳадисларда бу борада айтилган фикрлар келтирилади.
“Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ору номусини, имонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашган. Уларнинг сўзи, аҳду паймонлари ва қасамёдлари қиличдан-да ўткир, кескир бўлган”, дейди хат муаллифи.
Деҳқонободлик Маҳлиё Ҳамидова йўллаган мактубдан бу йил таваллудининг 576 йиллиги кенг нишонланган буюк бобокалонимиз Алишер Навоий ижоди ҳақидаги фикрлар, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ёдига бағишланган шеърлар ўрин олган.
Номингиз асраймиз юракда мангу,
Сўзингиз хотирда мудом яшайди,
каби сатрларда Буюк Йўлбошчи ёди халқимиз дилидан мангу жой олгани ўз аксини топган.
Қамашилик ҳаваскор қаламкаш Сарвигул Турдиева бизга юборган шеърий машқларда шеърият аталмиш сирли салтанатга энди-энди қадам қўяётган ёш қалбнинг ҳис-туйғулари ўз аксини топган. Қуйидаги сатрларда шу қалбнинг орзу- хаёллари ифода этилган:
Сокин тунда, гўзал оқшомда
Само узра юлдузлар порлар.
Ширин орзу, битмас хаёллар
Мени мудом ўзига чорлар.
Китоб туманилик Одилжон Қодиров ҳам шеърият мухлиси. Унинг “Онажон” деб номланган шеъри шундай сатрлар билан бошланади:
Сиз билан бошланар менинг ҳаётим,
Сизгадир қалбдаги шеърий баётим.
Онадайин улуғ бўлар яна ким?
Бахтимга соғ-омон бўлинг, онажон.
Бундан ташқари, муаллифнинг “Ёлғизимсиз”, “Ўлкам” каби шеърий машқларида юртга меҳр, муҳаббат тараннум этилган.
Хуллас, таҳририятимизга келаётган ҳар бир мактуб – эътиборимизда. Уларда ўз ифодасини топган азиз юртдошларимизнинг ўй-фикрлари, ижод намуналарини диққат билан ўқиймиз, ҳар бири билан батафсил танишамиз.
ТАҲРИРИЯТ